Рўйхатга олиш натижалари аҳоли ва ҳудудлар бўйича режалаштиришни аниқлаштиради

Рўйхатга олиш натижалари аҳоли ва ҳудудлар бўйича режалаштиришни аниқлаштиради

Ўзбекистонда 2026 йилда ўтказилган аҳоли ва қишлоқ хўжалиги рўйхати мамлакатнинг демографик, ижтимоий-иқтисодий ва аграр ҳолатини аниқроқ баҳолаш имконини берди. Дастлабки натижаларга кўра, мамлакат аҳолиси 39 047 321 нафарни ташкил этди. Бу 1989 йилги рўйхатга олиш натижаларига нисбатан қарийб икки баробар юқори кўрсаткичдир.

Рўйхат натижалари жорий статистик баҳолашдан 810,6 минг нафарга юқори бўлди. Эркаклар сони 19,8 млн нафар, аёллар сони 19,3 млн нафарни ташкил этди. Бир йилдан ортиқ муддат Ўзбекистонда яшаб келаётган хорижий фуқаролар сони 56,9 минг нафарга етди.

Рўйхатга олиш жараёни юқори рақамлаштириш даражаси билан ажралиб турди. Аҳолининг 82,3 фоизи онлайн тарзда рўйхатдан ўтди. Постперепис текширувидан кейин умумий қамров 97,3 фоизга етди, қамровдан ташқари қолганлар улуши 2,7 фоизни ташкил қилди. Бир кишини рўйхатга олиш харажати 0,12 АҚШ доллари даражасида баҳоланди.

Жараён давомида 8,2 млндан ортиқ объект бўйича геолокация маълумотлари шакллантирилди. 55 мингдан ортиқ “Маҳалла еттилиги” вакиллари жалб қилинди. OneID тизимида 2,1 млн янги фойдаланувчи рўйхатдан ўтди. Ушбу рақамлар рўйхатга олиш жараёни аҳоли статистикасини янгилаш билан бирга рақамли давлат бошқаруви инфратузилмасини ҳам кенгайтирганини кўрсатади.

Ҳудудлар кесимида аҳоли сони бўйича Самарқанд вилояти етакчи бўлиб, аҳолиси 4,38 млн нафарни ташкил этди. Кейинги ўринларда Фарғона вилояти 4,22 млн нафар, Қашқадарё вилояти 3,72 млн нафар, Андижон вилояти 3,52 млн нафар, Наманган вилояти 3,19 млн нафар, Тошкент шаҳри 3,18 млн нафар ва Тошкент вилояти 3,16 млн нафар кўрсаткич билан қайд этилди.

Энг кам аҳоли Сирдарё вилоятида 946,3 минг нафар, Навоий вилоятида 1,11 млн нафар ва Жиззах вилоятида 1,57 млн нафарни ташкил қилди. Самарқанд, Фарғона ва Қашқадарё вилоятлари аҳолиси биргаликда мамлакат аҳолисининг 32,1 фоизини ташкил этди. Ҳудудий кесимдаги бундай маълумотлар инфратузилма, ижтимоий хизматлар, меҳнат бозори ва маҳаллий ривожланиш дастурларини аниқроқ режалаштириш учун муҳим аҳамиятга эга.

Аҳолининг ёш таркиби мамлакат демографик салоҳияти юқори эканини кўрсатади. 2024 йил 1 январ ҳолатига доимий аҳоли 37,13 млн нафарни ташкил этган. Медиан ёш 30,0 ёшга тенг бўлган. Ёш гуруҳлари кесимида 0–4 ёшдагилар 4,37 млн нафар, 5–13 ёшдагилар 6,12 млн нафар, 14–30 ёшдагилар 9,64 млн нафар, 31–59 ёшдагилар 13,20 млн нафар, 60 ёш ва ундан юқори аҳоли 3,47 млн нафарни ташкил этди. Энг катта гуруҳ 31–59 ёшдаги аҳоли бўлиб, бу меҳнат ва истеъмол бозори учун асосий демографик қатлам ҳисобланади.

Меҳнат ёши бўйича таркибда аҳолининг 32,0 фоизи меҳнат ёшидан кичик, 56,4 фоизи меҳнат ёшида, 11,6 фоизи меҳнат ёшидан юқори гуруҳга тўғри келади. Эркаклар орасида меҳнат ёшидаги аҳоли улуши 58,5 фоизни, меҳнат ёшидан кичиклар 33,0 фоизни, меҳнат ёшидан юқорилар 8,5 фоизни ташкил этди. Аёллар орасида меҳнат ёшидаги аҳоли улуши 54,2 фоиз, меҳнат ёшидан кичиклар 31,0 фоиз, меҳнат ёшидан юқорилар 14,8 фоиз бўлди. Аёллар орасида меҳнат ёшидан юқори аҳоли улуши нисбатан юқорироқ экани соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва кекса аҳолини қўллаб-қувватлаш сиёсатини режалаштиришда алоҳида ҳисобга олиниши лозим.

Уй хўжаликлари профили ижтимоий сиёсат ва маҳаллий хизматлар учун муҳим маълумот беради. 2025 йил якунларига кўра, республикада ўртача уй хўжалиги ҳажми 5,0 кишини ташкил этди. Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Сурхондарё вилоятида 5,4 киши, Хоразм вилоятида 5,3 киши ва Самарқанд вилоятида 5,2 киши бўлди. Энг паст кўрсаткич Навоий вилоятида 4,2 киши, Тошкент шаҳрида 4,4 киши даражасида қайд этилди.

Болалар сонига кўра, 16 ёшгача боласи йўқ уй хўжаликлари улуши 25,7 фоизни, 1 болали уй хўжаликлари 20,9 фоизни, 2 болали уй хўжаликлари 24,8 фоизни, 3 болали уй хўжаликлари 19,6 фоизни, 4 ва ундан кўп болали уй хўжаликлари 9,0 фоизни ташкил қилди. Ушбу маълумотлар таълим, мактабгача таълим, тиббий хизматлар, ижтимоий нафақалар ва маҳалла даражасидаги қўллаб-қувватлаш механизмларини манзилли ташкил этиш учун зарур.

Қишлоқ хўжалиги рўйхати аграр ресурслар бўйича жорий баҳолашларни қайта кўриб чиқиш имконини берди. Йиллик экин майдонлари жорий баҳолашга нисбатан 23,0 фоизга, боғ ва узумзорлар 18,8 фоизга, иссиқхоналар 2,2 фоизга, балиқчилик ҳавзалари 15,0 фоизга юқори экани аниқланди.

Чорвачилик кўрсаткичларида эса қайта баҳолаш натижалари қайд этилди. Қорамоллар сони жорий баҳолашга нисбатан 14,9 фоизга, қўй ва эчкилар 6,2 фоизга, отлар 11,2 фоизга кам бўлди. Паррандалар сони 12,7 фоизга юқори баҳоланди. Бундай фарқлар аграр статистика, озиқ-овқат хавфсизлиги, ветеринария хизмати, ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш режаларини янгилаш заруратини кўрсатади.

2026 йилги рўйхат натижалари давлат дастурлари, ҳудудий ривожланиш стратегиялари, инфратузилма лойиҳалари, таълим, соғлиқни сақлаш, бандлик, ижтимоий ҳимоя ва қишлоқ хўжалиги сиёсати учун аниқроқ режалаштириш имконини беради. Маълумотлар аҳоли сонини янгилаш билан чекланмайди. Улар ресурсларни тақсимлаш, ҳудудлар эҳтиёжини аниқлаш, давлат хизматларини манзилли ташкил этиш ва аграр сиёсат самарадорлигини ошириш учун амалий статистик асос вазифасини бажаради.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар