Самарқандда ўтган оммавий қабуллар қандай натижа берди?  

Самарқандда ўтган оммавий қабуллар қандай натижа берди?  

Давлатимиз раҳбари топшириғи асосида ташкил қилинган Республика ишчи гуруҳи оммавий қабуллар уч ойлиги доирасида Самарқанд шаҳри, Каттақўрғон, Иштихон ва Жомбой туманларида ўтказган мулоқотлар ҳам “Инсон қадри учун!” ғоясини амалда қарор топтиришга хизмат қилди. Самарқанд вилояти аҳолисини ўйлантираётган айрим масалаларни “маҳаллабай” ўрганган ҳолда жойида ҳал этиш имконини берди.

Суд масаласида келиб тушган мурожаатлар асосида 18 нафар маҳкумга нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси енгилроғига алмаштирилди, 37 нафар шахс эса жазони ўташдан муддатидан аввал шартли озод қилинди. 2021 йилда жомбойлик Рашид Ражабовнинг ўталмай қолган 2 йилу 15 кунлик озодликдан маҳрум қилиш жазоси ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган эди. Шу даврда у айбидан тўғри хулоса чиқарди, ўзини тузатди ва мурожаатидан сўнг Рашид Ражабовга ҳаётини ўнглаб олиши учун яна бир имкон берилиб, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди.

Прокуратура органлари кўриб чиққан 199 та масаланинг аксарият қисми ижобий ҳал этилди. Бу жараёнда 18 нафар мурожаатчига алимент, 25 нафар шахсга моддий-маънавий зарар ундирилиши таъминланди. Шу билан бирга, тадбиркорлик фаолиятига оид масалалар ҳам ҳал қилинди. Оқдарёлик Вазира Жуманова бир йил аввал имтиёзли кредит эвазига тикувчилик цехи фаолиятини йўлга қўйиб, 7 нафар хотин-қиз бандлигини таъминлаган эди. Бугунги қабулда унинг қўшимча бино қуриб, фаолиятини кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратишга оид таклифи қўллаб-қувватланди. Масала жойига чиқиб ўрганилгач, яқин орада тадбиркор аёлга ҳомийлик ҳисобидан тикув машиналари олиб бериладиган бўлди.

Иштихон тумани Барлос маҳалласида яшовчи Гуландом Норбекова эса аввалги қабулдаги мурожаатлари асосида ўтган вақт ичида унга 2-сектор кўмагида икки хонали шинам уй қуриб берилгани учун давлатимизга миннатдорлик билдирди. Мамлакатимизда олиб борилаётган инсонпарвар ижтимоий сиёсат ўзгалар кўмагига муҳтож одамлар ўзини ўнглаб олиши учун катта шароит яратаётганини таъкидлади.

Жомбой туманида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш билан машғул тадбиркор Қобилжон Нуриллаевга эса фаолиятини кенгайтириши учун 200 миллион сўм кредит бериладиган бўлди.

Умуман, қабуллар жараёнида 18 нафар мурожаатчига тадбиркорлик фаолияти учун 1 миллиард 204 миллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилиши таъминланди.

Халқ таълими тизими бўйича келиб тушган мурожаатлар жойига чиқиб ўрганилгач, 7 та мактабни таъмирлаш масаласи келгуси йиллардаги инвеститиция дастурига киритиладиган бўлди, бир қатор мурожаатчилар мактабларга ишга жойлаштирилди.

Олий ва ўрта махсус таълим соҳасига оид мурожаатлар асосида ижтимоий ҳимояга муҳтож 15 нафар талабанинг контракт тўловлари тўлаб берилди. Дейлик, иштихонлик Эшмурод Қўшоқовнинг 3 нафар фарзанди олий таълим муассасаларида шартнома асосида ўқийди. Улар иккита контрактни амаллаб тўлашди-ю, учинчисига имкон қилишолмади. Айни шу масалада қабулга амалий ёрдам сўраб келган Эшмурод аканинг масаласи шу ерда ҳал қилинди.

Худди шундай мурожаатлар асосида Самарқанд давлат чет тиллар институтида таълим олаётган ижтимоий кўмакка муҳтож 10 нафар талабанинг контракт пули институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан тўлаб бериладиган бўлди.

Мурожаатлар асосида 6 нафар тадбиркор давлат хусусий шерикчилик асосидаги нодавлат мактабгача таълим муассасалари ташкил этиш учун Мактабгача таълим вазирлиги билан битим имзолади. Пайариқлик Барно Туганова ҳам шундай битим асосида туманнинг Гўзал маҳалласида 75 ўринли нодавлат болалар боғчаси ташкил қилиш имконига эга бўлди.

Соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича эса 230 та масаланинг 129 таси жойида ҳал қилинди. Мурожаатлар асосида шифохоналарда бепул даволаниш учун 27 та йўлланма берилди, 51 та юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Дейлик, эҳтиётсизлик оқибатида оёғидан ажраган иштихонлик Насиба Қўқонованинг протез ўрнатишга оид масаласи ҳам шу ерда ҳал қилинди.

Мурожаатлар асосида Оқдарё тумани “Пичоқчи” маҳалласида яшовчи Моҳира Аъзамова оғир дард билан курашаётган турмуш ўртоғи Рустам Исломовни даволатиш, пайариқлик Олимжон Ёқубжонов вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида, жомбойлик Наргиза Маматқулова, Саъдулло Ҳайдаров Жомбой туман марказий шифохонасида даволаниш имконига эга бўлишди.

Кўплаб фуқаролар бепул тиббий кўрикдан ўтказилиб, 30 нафар эҳтиёжманд инсонларга ногиронлик аравачалари, ортопедия жиҳозлари ва реабилитация воситалари берилди.

Оила ва хотин қизлар давлат қўмитаси масъуллари 149 та мурожаатнинг 73 тасини ижобий ҳал этди. Дейлик, Жомбой тумани Қўлбости маҳалласида яшовчи Хосият Холиқованинг кўзини жарроҳлик йўли билан даволатиш учун маблағ ажратишга оид масаласига ҳам ечим топилди.

Автомобил йўллари қўмитасига мурожаатлар асосида 8 км ички йўлга тош-шағал, 4,5 км йўлга асфальт ётқизилди. Сув хўжалиги вазирлиги масъуллари эса 36 та мурожаатни жойига чиқиб ўргангач, 20 та сув насоси ва агрегатларини ишлатиб берди, 66 км ирригация-мелироация объектлари тозаланди. Жомбойлик Ғулом Қобиловнинг Тегирмонариқ зовурини тозалаш ишларида амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати асосида қарийб бир километрлик зовурда қазиш-тозалаш ишлари бажарилди.

Иштихонлик Мурод Жўраевнинг “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси масъулларига мурожаатидан сўнг туманнинг “Ўзбекистон” маҳалласидага шиша толали алоқа кабеллари тортилиб, 128 та хонадон интернетга уланди. Худди шундай мурожаатлар асосида Булунғур туманининг “Гулистон”, Жомбой тумани “Деҳқонобод” маҳаллаларидаги 500 дан ортиқ хонадонларга ҳам юқори тезликдаги интернет тармоғи тортиб берилди.

Оқдарёлик Шодиқул Соатов мурожаати жойига чиқиб ўрганилгач, “Оқдарё” маҳалласида 1,5 км. ичимлик суви қувурларини тортиш ва мавжуд сув иншоотини қайта ишга тушириш ишлари бошлаб юборилди.

Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги масъуллари оғир ижтимоий аҳволдаги, хаста-бемор, ёши улуғ инсонларнинг уйига бориб, уларнинг ҳолидан хабар олишди. Булунғур тумани Гулобод маҳалласида яшовчи 101 ёшли Тошбуви ая Холматованинг ҳам бундай эътибордан боши кўкка етди.

Ички ишлар органларига тааллуқли бўлган 222 та масаланинг 82 тасига жойида ечим топди. Шулар қаторида ижтимоий ҳимояга муҳтож 11 нафар фуқарога шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар, 29 нафар мурожаатчига фуқаролик ва хорижга чиқиш паспортлари расмийлаштириб берилди. Давлатимиз раҳбари қабул қилган тегишли ҳужжатлар ижроси ва мурожаати доирасида Иштихон туманининг Қорақишлоқ маҳалласида яшовчи Бўлтак Шакаров ҳам 28 йил деганда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди.

Давлатимиз раҳбари топшириғи асосида тузилган Республика ишчи гуруҳининг Самарқанд вилоятидаги оммавий қабулларида 3 минг 56 та масала кўриб чиқилиб, уларнинг 1 минг 311 таси, яъни 43 фоизи ижобий ҳал қилинди, 844 нафар мурожаатчига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилган бўлса, 901 та мурожаат назоратга олинди.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар