Очиқ-жонли мулоқотлар давомида тадбиркорлик йўналишидаги қатор масалалар ҳам жойида ҳал қилинди. Айтайлик, косонлик тадбиркор Алишер Омонов ташкил қилган чорвачилик мажмуасида минг бош қўй-эчки, 200 бош қорамол парваришланиб, аҳолига арзон-у сифатли гўшт-сут етказиб берилмоқда. Фаолиятини янада кенгайтиришни ният қилган тадбиркорга Марказий банк масъулларига мурожаатидан сўнг 1 миллиард сўм кредит ажратишга қарор қилинди.
Мубораклик тадбиркор Ғайрат Алиқулов корхонаси фаолиятини кенгайтириш мақсадида 60 минг доллар кредит олишда муаммоларга дуч келган эди. Мурожаатдан сўнг бу масала ҳам ўрганилиб, тадбиркорга қонун доирасида амалий ёрдам кўрсатиладиган бўлди.
Косон тумани Нартичуқур маҳалласида яшовчи Ғайрат Бўриевнинг 1994 йилдан буён тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган биносини кимдир сохта ҳужжатлар билан расмийлаштиб, сотиб юборишга уринаётганига оид шикоятини Бош прокуратура масъуллари ўз назоратига олди. Масала қонуний-батафсил ўрганилиб, адолатли ҳал қилинадиган бўлди.
Автомобиль йўллари қўмитаси масъуллари эса мубораклик ёш тадбиркор Сардор Эгамбердиевнинг тумандаги Хитой қишлоғидан ўтувчи трасса бўйида автобекат қуриб, хизмат кўрсатишни ташкил этишга оид лойиҳасини жойига чиқиб ўрганиб, қонуний ёрдам кўрсатадиган бўлди.
Косонлик ташаббускор тикувчи Фарида Соҳибовага эса туманнинг Эсабой кишлоғидаги тикувчилик корхонасида хотин-қизларга касб-ҳунар ўргатиб, уларнинг бандлигини таъминлаши учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 10 та тикув машинаси олиб берилди.
Косонлик Асрор Элмуродовнинг Ички ишлар вазирлиги мутасаддиларига мурожаати асосида унга бир қарздор таниши 9 ойдан буён қайтариб бермаётган 20 миллион сўм маблағи олиб берилиши таъминланди.
Ғузорлик Нодира Худоёрованинг ўғли 2020 йилда электрон аукцион орқали сотиб олган ер майдонини бошқа бир шахс эгаллаб олганига оид шикоятини вилоят ҳокимлиги тезкор, батафсил ўрганиб, жойида ҳал қилиб берди.
Бош прокуратура масъулларига мурожаатдан сўнг косонлик Истад Очилова ва онасининг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муқим турар-жойсиз оғир аҳволда қолган бу оилани бошпана билан таъминлаш бўйича вилоят 2-секторига аниқ муддатли топшириқ берилди.
Очиқ-жонли мулоқотларда йўллар таъмири, ичимлик суви, электр энергияси ва газ таъминотига оид қатор масалалар ҳам ҳал қилинди. Дейлик, Косоннинг Ўрта Оброн маҳалласида яшовчи Дилмурод Хушвақтов мурожаати бўйича маҳалладаги 1968 йилда қурилган ёғоч устунлар бетон устунларга алмаштириладиган, катта қувватли битта қўшимча трансформатор ҳам ўрнатиб бериладиган бўлди.
“Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти масъулларининг косонлик Санобар Мажидова мурожаати юзасидан Некўз маҳалласидаги ўрганишлари асосида мазкур ҳудуд аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш масаласини 2023 йилги дастурга киритишга қарор қилинди.
Қабуллар давомида меҳнат ва бандлик, таълим, ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ қатор масалаларга ҳам ечим топилди.
Ишсиз 50 нафар мурожаатчига эса ўз уйида ишлаб даромад топиши учун тикув машиналари, пишириқ пишириш печлари, пойабзал тикиш, чарх ускуналари олиб берилди.
Республика ишчи гуруҳининг Косон туманидаги оммавий қабулида 431 нафар мурожаатчининг 435 та масаласи кўриб чиқилиб, уларнинг 218 таси жойида ҳал қилинди. 51 нафар мурожаатчига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилган бўлса, 166 та масала назоратга олинди.
Изоҳ қолдириш