Асосан Оҳангарон, Олмалиқ, Ангрен шаҳарлари ва Оҳангарон тумани аҳолиси вакиллари билан кечган очиқ мулоқотларда уй коммунал хизмат кўрсатиш, энергетика, ободонлаштириш соҳаларига масъул вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар масъуллари кўтарилган масалаларга жойида ечим топишга ҳаракат қилди.
Оҳангаронлик Абдурасул Чўлпонов ўзи истиқомат қилаётган “Четсув” маҳалласида янги мактаб қурилгани, аммо шу пайтгача электр тармоғига уланмагани, бунинг оқибатида дарс жараёнларида ноқулайлик келтириб чиқараётгани юзасидан қилган мурожаати жойига чиқиб ўрганилди ва мактаб шу куннинг ўзида тармоққа уланди.
Ангренлик Шаҳноза Наврўзова уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги мутасаддилари билан суҳбатда ўзи яшаётган уйнинг канализация қувурлари носоз ҳолга келиб қолгани боис, чиқинди сув хонадон ичига сизиб чиқаётгани юзасидан мурожаат қилди. Бу масалани шу куннинг ўзида бартараф этиш юзасидан зарур амалий чора-тадбирлар белгиланиб, тармоқда зарур тозалаш ва таъмирлаш ишлари бажарилди.
Оҳангарон шаҳри “Ватан” маҳалласидаги кўпқаватли 21-уйда истиқомат қилувчи фуқаролар уй томи таъмирталаб ҳолатга келиб қолгани, ёғин-сочинли кунларда чакки ўтаётганини айтиб, мурожаат қилди. Мурожаат жойига чиқиб ўрганилиб, томда тўлиқ таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.
Мурожаатлар асосида мазкур маҳалладаги 24- ва 25-уйлар йўлакларига ёритиш чироқлари ўрнатиб берилди.
Оҳангароннинг “Янгиобод” маҳалласи аҳли электр таъминотида тез-тез узилишлар бўлиши, мавжуд трансформатор қуввати эҳтиёжни таъминлаш учун етмаётгани юзасидан бир неча кун аввал мурожаат қилган эди. Муаммо маҳалланинг ўзига чиқиб ўрганилди ва керакли чоралар белгилангач, эски трансформатор ўрнига юқори кучланишли янги трансформатор ўрнатилди. Натижада маҳалладаги 200га яқин хонадон ҳамда боғча ва мактаб электр таъминоти яхшиланади.
Оҳангарон шаҳрининг Гулистон маҳалласидан келган фуқаролар ички йўллар таъмири билан боғлиқ масалани айтиб, масъулларга юзланди. Масала жойига чиқиб ўрганилди ва ички йўлнинг салкам 1 километр қисмини бетонлаштиришга тайёрлаш ишларига киришилди.
Оммавий қабул доирасида аввалги мулоқотлар давомида келиб тушган мурожаатларни ҳал этиш бўйича белгиланган вазифалар ижросига ҳам эътибор қаратилди. Мисол учун, Ангрен шаҳридаги кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли ариза ва шикоятларидан кейин 152 та уйнинг том қисми жорий ва мукаммал таъмирланди, 129 та уй ертўласидаги муҳандислик ва коммуникация тармоқлари таъмирдан чиқарилди. Жумладан, “Дорилфунун” маҳалласидаги16-ва 26-уйларнинг томи, ертўладаги қувурлар таъмирланди. Маҳалладаги газ тақсимлаш пунктлари назоратдан ўтказилиб, соз ҳолга келтириб қўйилди. “Боботоғ” маҳалласидаги юқори кучланишли трансформатор таъмирланди. Бу билан 300 хонадонга тўлиқ қувватда электр энергияси узатиш имкони яратилди.
Маҳмуд Пардаев Ангрен шаҳрининг “Ёшлик” маҳалласида истиқомат қилади. Ногиронлиги бўлган фарзанди бор. Шу йил февраль ойида отахоннинг уйида ёнғин содир бўлиб, бошпанасидан ажралиб қолади. Қўли калталиги туфайли ҳеч илож қилолмагач, Халқ қабулхонасига мурожаат қилишга мажбур бўлади. Шундан кейин шаҳар ҳокимлиги мадад қўлини чўзиб, ички имкониятлар ҳисобидан уй таъмирлаб берилди. Отахон давлатимизнинг инсонпарвар сиёсатидан мамнун эканини айтади.
Қабул доирасида маҳаллалардаги хонадонлар дудбўронлари тозалаш, алоҳида эътиборга муҳтож оилаларга бепул кўмир етказиб бериш ишлари бажарилди.
Умумлаштириб айтганда, оммавий қабул жараёнида кўриб чиқилган 215 та мурожаатнинг 41 таси жойида ҳал қилинди, 23 та мурожаат юзасидан ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилди, қўшимча ўрганиш, вақт ва маблағ талаб қиладиган 151 та мурожаат назоратга олинди.
Изоҳ қолдириш