Шавкат Мирзиёев дунёда ўта ноёб китоб бўлган “Усмон Мусҳафи” нусхасини Халқ кутубхонасига туҳфа қилди

Шавкат Мирзиёев дунёда ўта ноёб китоб бўлган “Усмон Мусҳафи” нусхасини Халқ кутубхонасига туҳфа қилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 20 февраль куни Анқара шаҳрида Туркия Президенти ҳузуридаги Халқ кутубхонасининг очилиш маросимида иштирок этди.

Ушбу мажмуа Туркия раҳбари Режеп Таййип Эрдоған ташаббуси билан бунёд этилган. Маҳобатли кутубхона китоб фонди (4 миллион босма нашр ва 120 миллиондан зиёд электрон файл) ҳамда хизмат даражаси бўйича дунёдаги энг улканларидан биридир. Ушбу маънавий бойлик маскани Президент қароргоҳи – Жумҳурбашканлиги саройи ёнида қурилгани ҳам унинг аҳамиятини кўрсатади.

Очилиш маросимида бутун дунёдан икки мингга яқин меҳмон - олимлар, ёзувчилар, таълим ва маданият намояндалари, давлат ва жамоат арбоблари қатнашди. Шавкат Мирзиёев Туркия Президенти томонидан таклиф этилган олий даражадаги ягона меҳмон бўлди.

Маросимда Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

– Дунёдаги ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ биринчи навбатда ўзининг интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир. Бундай енгилмас куч манбаи эса аввало инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти – китоб ва кутубхоналарда, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бу йил улуғ алломалар Абдухолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудларига бағишланган тадбирлар ўтказилади. Маҳмудхўжа Беҳбудий туғилганининг 145 йиллик санаси нишонланади. Шунингдек, жорий йилда Бухоро шаҳри Ислом маданияти пойтахти, Хива шаҳри Туркий дунё маданияти пойтахти деб эълон қилингани муносабати билан бир қатор халқаро анжуманлар ташкил этилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон Президенти туркиялик олимлар, адабиётшунос ва диншуносларни ушбу маданий-маърифий тадбирларга таклиф этди. Ўзбекистоннинг китоб фондларида 100 мингдан зиёд ноёб қўлёзма асарлар сақланаётгани, уларнинг аксарияти ўз тадқиқотчиларини кутаётганини таъкидлади.

Туркия Президенти ушбу қувончли айёмда Ўзбекистон Президенти рафиқаси билан бирга иштирок этаётгани учун ташаккур изҳор этди.

- Ўзбекистон биз учун маданий тасаввуримизни шакллантирган, олимларни етиштирган, илм, ирфон ва маънавий дунёмизни таъминлаган ҳаётий манбаларимиздан энг муҳимидир, - деди Режеп Таййип Эрдоған. - Илм муҳити асрлар давомида Тошкент билан Анқара, Самарқанд билан Конё, Бухоро билан Бурса, Хива билан Эдирнени боғлаб, ўзаро бойитгандир. Бу кун Халқ кутубхонасини Жаноби олийлари билан биргаликда очиб, муштарак маданиятимиз ҳақида бутун дунёга муҳим бир ишора бермоқдамиз.

Шавкат Мирзиёев дунёда ўта ноёб бўлган “Усмон Мусҳафи”нинг хаттотларимиз томонидан кўчирилган нусхаси, Жалолиддин Румийнинг машҳур “Маснавий” асари ҳамда Абу Бакр ар-Розийнинг “Касалликлар тарихи” асари қўлёзмаларининг факсимиле нусхалари, “Алишер Навоий асарларининг Истанбул кутубхоналаридаги тасвирий нусхалари” номли китоб-альбом, Юнус Эмро шеърларининг ўзбек тилига таржимаси жамланган “Ўлмас кўнгул” деб номланган китобларни кутубхонага туҳфа қилди.

Шунингдек, Туркия Президенти ҳузуридаги Халқ кутубхонасига 350 дан зиёд турли мавзудаги китоблар тақдим этилди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар