Шавкат Мирзиёев наманганлик сайловчиларни ўз дастури билан таништирди

Шавкат Мирзиёев наманганлик сайловчиларни ўз дастури билан таништирди

Шавкат Мирзиёев наманганликларни ўз сайлов дасутри билан таништирмоқда. Дастурдан вилоятда биринчи ўринда ҳал қилиниши керак бўлган масалалар ва ташаббуслар ўрин олган.

Халқ шоирининг номи кутубхонага берилади

Наманганнинг мевалари ширин, мевасидан ҳам кўра шевалари ширин. Наманган вилоят болалар кутубхонасига Ўзбекистоннинг энг биринчи халқ шоири- жадид Муҳаммад Шариф Сўфизода номи берилади- Шавкат Мирзиёев

Бу тараққийпарвар инсон 1913 йили Чуст шаҳрида етим болалар учун жадид усулида мактаб ташкил қилади. Зулм ва зўравонлик, жаҳолатга қарши шеърлар ёзгани учун қувғин ва таъқибларга учраб, она юртидан бош олиб кетишга мажбур бўлади.

У Ҳиндистонда муаллим, Афғонистонда маориф вазирининг ўринбосари вазифаларида ишлайди.

Сўнг, Туркистонга қайтиб, миллатимизнинг кўзини очиш, ёшларни илм-маърифатдан баҳраманд қилиш йўлидаги ишларини давом эттирган.

Афсуски, Сўфизода 1937 йили “халқ душмани” деган туҳмат билан 57 ёшида отиб ташланган.

Шунингдек, Президентнинг таъкидлашича, келгуси йили юртимизда Усмон Носир таваллудининг 110 йиллиги муносиб нишонланади.

Усмон Носирнинг ҳаёти ва ижодини янада кенгроқ ўрганиш, асарларини нашр қилиш, жумладан, пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида ҳайкалини ҳамда Россиянинг Кемерово ўлкасидаги шоир дафн этилган масканда ёдгорлик ўрнатиш кўзда тутилмоқда.

Наманганда биринчи навбатда ҳал этилиши лозим бўлган масалалар

Президент вилоятда камбағалликни камайтириш, аҳоли даромадларини ошириш, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимларидаги муаммоларга ечим топиш кераклиги хусусида гапирди.

127 мингдан зиёд аҳоли ишсиз бўлиб, ҳар йили меҳнат бозорига қўшимча 42 минг нафар ёшлар кириб келмоқда. 27 минг оила доимий даромад манбаига эга эмас. Мингбулоқ, Косонсой, Тўрақўрғон, Поп ва Чустда ичимлик суви таъминоти даражаси жуда паст, 27 та маҳалла эса марказлашган ичимлик суви билан умуман таъминламаган. Вилоятда уй-жойга эҳтиёж катта. Биргина Наманган шаҳрида келгуси беш йилда аҳоли 1 миллион нафарга етиши ҳисобига, қўшимча 52 мингта уй-жойга эҳтиёж мавжуд. Қишлоқ ва сув хўжалигида Косонсой, Поп, Чуст, Янгиқўрғонда сувсизлик сабабли 19 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерлари ишлатилмаяпти. Соғлиқни сақлаш ва таълим тизимларида ҳам, ҳали ечимини кутаётган кўплаб масалалар мавжуд. Вилоятда 709 минг нафар ёки 25 фоиз аҳолининг сурункали касаллиги бор. Наманган шаҳри (47 фоиз), Чортоқ (53 фоиз) ва Косонсойда (54 фоиз) мактабгача таълим қамрови жуда паст (вилоятда 68 фоиз). Айниқса, 58 та маҳаллада боғча умуман йўқ. Вилоятдаги 37 та мактаб қувватига нисбатан 2 баробар кўп юклама билан ишламоқда.

Наманганнинг етакчи тармоқларида саноат кластерлари ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳасини ривожлантириш орқали 400 мингта янги иш ўрни яратилиб, аҳоли даромадини камида 2 бараварга ошириш ва камбағалликни ҳам 2 бараварга қисқартириш устувор вазифа бўлади, - деди Шавкат Мирзиёев

4,6 триллион сўм кредит ажратилади

Биринчи йўналиш - тадбиркорликни ривожлантириш, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 4,6 триллион сўм кредит ажратиш ҳисобига 164 минг янги иш ўринлари яратилади.

Шавкат Мирзиёев Уйчи туманини "ишсизликдан холи ҳудуд”га айлантириш бўйича режасини шарҳлаб бермоқда. Бунда ҳар бир маҳаллада "ҳоким ёрдамчиси" лавозими жорий этилади, - деди Шавкат Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёев "Лойиҳа гуруҳи" номли янги ташаббусни Поп тумани мисолида тушунтирди

Келгуси беш йилда Наманганда 7 миллиард долларлик 10 мингдан зиёд инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, 150 мингта янги иш ўринлари яратилади.

Масалан, Поп туманида “Лойиҳа гуруҳи” тузилиб, унинг ишига Стратегик ривожланиш агентлиги ва инвестиция комплексига кирувчи барча идоралар жалб қилинади.

“Лойиҳа гуруҳи” туманнинг иқтисодий салоҳияти, барча табиий бойликлари, норуда қазилмалари, географик жойлашуви, экспорт бозорларининг яқинлиги ва бошқа имкониятларини чуқур таҳлил қилиб, аниқ лойиҳаларни шакллантиради.

Шунингдек, кичик геология экспедицияси ташкил қилинади ва “Лойиҳа гуруҳи” билан ҳамкорликда ишлайди ҳамда норуда конларидан фойдаланиш учун лицензия бериш тизими янада соддалаштирилади.

Масалан, Поп туманида норуда қазилмалари захиралари асосида шиша, керамогранит, безак тошлари, базальт ва бошқа қурилиш материаллари саноати лойиҳалари ишлаб чиқарилади.

Ҳар йили туманда 10 – 15 та тадбиркор танлаб олиниб, уларнинг фаолиятини доимий равишда қўллаб-қувватлаш орқали кичик тадбиркорларни етакловчи локомотив тадбиркорларга айлантириш чоралари кўрилади.

“Лойиҳа гуруҳи” томонидан ишлаб чиқилган инвестиция лойиҳалари ушбу тадбиркорлар иштирокида алоҳида ташкил қилинадиган “Холдинг компанияси” томонидан амалга оширилиб, лойиҳа қийматининг 30 фоизгача бўлган қисми Ўзбекистон Республикаси тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси томонидан молиялаштирилади.

Ушбу мақсадлар учун ҳар бир туманга Жамғарма йилига 15 миллион доллар ажратади.

Энг муҳими – вилоят ҳудудида ер майдонлари танқислигини инобатга олиб, янги ишлаб чиқариш қувватлари 3-4 ёки ундан ортиқ қаватли биноларда жойлаштирилади.

Наманган шаҳри аҳолисининг сони - миллион кишидан иборат шаҳарга айланади- Шавкат Мирзиёев

Янгиқўрғон олмаси, Чуст ва Косонсой ноклари, Чортоқ бодоми ўзига хос миллий брендга айланиб улгурган. Олмослик деҳқонларни қўшни давлатларда, Россияда ҳам жуда яхши билишади.

Бу тажрибани республикамизнинг барча ҳудудида оммалаштириш мақсадида Тўрақўрғон қишлоқ хўжалиги техникуми негизида Аграр университетнинг Наманган филиали ташкил этилади.

Юксалиш массивида 30 минг оила учун 330 та кўп қаватли уйлар, мактаб, боғча, шифохона, кичик саноат зоналари, хизмат кўрсатиш объектларини қамраб олган “Янги Наманган” шаҳарчаси бунёд этилади”, деди Президент.

Афғонистон чегарасида бир аскаримиз ҳалок бўлди, у Наманган фарзанди эди – Президент

Афғонистондаги ҳолат ҳаммамизга сабоқ бўлиши керак. Чегарадаги вазият ҳар куни диққат марказимизда. Ҳеч кимга сарҳадларимизга дахл қилишга йўл қўймаймиз. Чунки Ўзбекистонда қонун устувор, жазо муқаррар.

Куни кеча ҳам давлатимиз чегарасини бузиб ўтишга уриниш бўлди. Бир наркобарон ҳаракат қилди. Лекин биз дахлсизлик масаласида позициямиз қатъий, керак бўлса, чегарамизни ҳимоя қилиш учун қурол ишлатамиз.

Кечаги вазиятда ҳам ўз вазифасини шараф билан бажарган бир аскаримиз қаҳрамонларча ҳалок бўлди. У шу юрт фарзанди – наманганлик эди, – деди Шавкат Мирзиёев йиғилганларга қарата.

Мирзиёев: ҳали бизда ўғрилик кўп. Коррупция кўп

Халқнинг пулини адолатли тақсимлаш, мақсадли ва манзилли ишлатишни ташкил этишимиз зарур. Очиғини айтиш керак, ҳали бизда ўғрилик кўп. Коррупция кўп. Мана мен бугун Тошкентда кичик йиғилиш қилиб келдим. Тошкент маҳаллаларини асфальт қилиш бўйича топшириқ бергандим. Йўлларга катта қилиб ярим метрли бордюр қиляпти. Барака топгур, машиналар пойга ўйнайдими, бунча катта қилиб, бордюр қилиб нима қиласан? Одамларга аввал йўл қуриб берайлик, - деди Шавкат Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёев таклифига кўра, келгуси йилларда ҳудудни “коррупциядан холи қилиш” бўйича Наманган вилояти барчага намуна бўлиши учун алоҳида дастур қабул қилинади. Бюджет ажратмаларини очиқ-ошкора сарфлаш орқали иқтисод қилинган маблағлар эҳтиёжманд оилалар, “аёллар” ва “ёшлар” дафтарларига кирганларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

"Юракларингиз нима деса, шунга овоз беринг"

Cайловда онгли равишда иштирок этишингиз сўрайман. Ўз паспортингиз билан бориб овоз беринг. Аввалгидек, бобонинг ўрнига невараси бориб оилавий овоз бериш-сиёсатимизга хиёнат бўлади. 5 та номзод бор, ўзингизнинг овозингизни беринг. Юракларингиз нима деса, эртанги Наманган, эртанги Ўзбекистон қандай бўлишини истасангиз, шунга овоз берасизлар, деб мен ишонаман, деди Президент.

Наманганда тиббиётни яхшилаш учун Шавкат Мирзиёев режалари

Келгуси икки йилда 17 та маҳаллада оилавий шифокорлик пунктлари ҳамда Наманган шаҳрида 5 та оилавий поликлиника фаолияти йўлга қўйилади.

Қон босими ва онкологик касалликларини даволаш учун, аҳолига энг зарур дори воситалари бепул етказилади. Буйрак касалликларини эрта аниқлаш мақсадида, барча бирламчи тиббиёт муассасалари экспресс-тест воситалари билан таъминланади. Онкологик касалликларни эрта аниқлаш учун, 45 ёшдан ошган 210 минг аёл ҳар йили скрининг текширувидан ўтказилади. Уйчи, Янгиқўрғон ва Чустда 3 та туманлараро перинатал марказлар ташкил қилинади. Учқўрғон ва Попда 2 та ўткир қон-томир касалликлари марказлари фаолияти йўлга қўйилади. Уларда гемодиализ хизмати ҳам кўрсатилади. Шунингдек, ҳар йили 430 минг нафар болалар ва ҳомиладор аёллар витаминлар билан бепул таъминланади.

Косонсой, Норин, Поп, Учқўрғон, Чуст, Тўрақўрғон, Мингбулоқ, Янгиқўрғон ва Чортоқда урология ва эндокринология йўналишлари бўйича;

Учқўрғон, Норин, Чортоқ, Тўрақўрғон, Наманган, Мингбулоқ, Янгиқўрғон, Косонсойда неврология ва эндокринология йўналишлари бўйича Республика ихтисослашган марказлар вилоят филиалларининг туманлараро бўлимлари ташкил қилинади.

Янгиқўрғон, Давлатобод туманлари тиббиёт бирлашмалари лапароскопик ускуналар билан таъминланиб, каминвазив операциялар ўтказиш йўлга қўйилади.

Аҳолига юқори технологик тиббий хизматлар кўрсатиш кўлами кенгайтирилади. 350 нафар туғма юрак нуқсони бор болалар юқори технологик операцияга муҳтож. Уларни бепул даволаш йўлга қўйилиб, бунга 14 миллиард сўм йўналтирилади.

Юқори технологик, мураккаб жарроҳлик операциялар кўламини кенгайтириш учун Кардиология марказининг Наманган филиали 9 миллион евролик тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади. Травматология ва ортопедия марказининг Наманган филиалига янги бино ажратилади ва моддий техник-базасини яхшилашга 21 миллиард сўм йўналтирилади.

Наманган шаҳрида халқаро университет ва замонавий клиникадан иборат Тиббиёт кластери ташкил этилади, - деди Шавкат Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёевнинг Наманган футболи ҳақидаги фикрлари

Наманган аҳлининг футболга бўлган ашаддий қизиқишини нафақат мамлакатимизда, балки қўшни давлатларда ҳам яхши билишади. “Навбаҳор”нинг ишқибозлари Англия, Италия ва Франция футбол фанатларидан сира қолишмайди.

Наманганликлар Одил Аҳмедов каби истеъдодли, ватанпарвар футболчини етиштириб бергани билан ҳар қанча фахрланса арзийди. Ўйлайманки, вилоятнинг шаҳар ва қишлоқларида унинг издошлари яна кўплаб топилади.

Навбаҳор футбол клуби базасида “Футбол академияси”ни ташкил этиб, Давлатобод туманини спорт шаҳарчасига айлантирсак, нима дейсизлар?!" дея таклиф билдирди Шавкат Мирзиёев.

Чет тиллар олийгоҳи ташкил этилади

Наманганда келгуси беш йилда 7 та олийгоҳ ташкил этилиб, жами олий ўқув юртлари сони 10 тага етказилади.

Ибрат ижод мактаби негизида Чет тиллар олийгоҳи ташкил этилади

Талабаларни турар-жой билан таъминлаш мақсадида қўшимча 3 минг 600 ўринли 9 та янги ётоқхона қуриб битказилади. - Шавкат Мирзиёев

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар