Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида қишлоқ хўжалигига ажратиладиган маблағлар ва ислоҳотларни маълум қилди

Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида қишлоқ хўжалигига ажратиладиган маблағлар ва ислоҳотларни маълум қилди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 27 октябрь куни қишлоқ хўжалигида кластер тизимини ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Йиғилиш аввалида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қўллаб-қувватлагани учун халқимизга миннатдорлик билдириб, сайловолди дастурида айтилган барча мақсад ва вазифалар албатта амалга оширилишини таъкидлади.

Жумладан, қишлоқ хўжалигида ҳам улкан режалар белгиланган. Келгуси беш йилда ҳосилдорликни камида 2 баробар кўтариш, хомашёни чуқур қайта ишлаш, соҳа экспортини 7 миллиард долларга етказиш, аҳоли бандлиги ва даромадларини янада ошириш мақсад қилинган.

Бунда кластерлар асосий таянч ва етакчи бўлади. Бу тизим қисқа вақтда катта ўзгаришларга замин яратди. Масалан, биргина пахтачиликда толани қайта ишлаш 2,5 баробарга ошиб, 100 фоизга етказилди. Шунингдек, ип-калава ишлаб чиқариш 2 баробарга, тайёр маҳсулот – 3 баробарга ортди, экспорт йил якунига қадар 3 миллиард долларга етади.

Пахта хомашёсидан тайёр маҳсулотгача бўлган босқичларни қамраб олган 2 миллиард долларлик 125 та янги корхона ҳамда 150 мингта доимий иш ўрни ташкил қилинди.

Кластерлар томонидан 5 мингдан ортиқ юқори унумли техникалар олиб келинди, 126 минг гектар майдонда сув тежаш технологиялари жорий қилинди.

Инновацион ёндашув натижасида ҳосилдорлик ҳам ошиб бормоқда. Кўп кластерлар бу йил пахтадан 35-40 центнергача ҳосил олди.

Давлатимиз раҳбари бу ишларни давом эттириш, қишлоқ хўжалиги ва агросаноатда самарадорликни ошириш учун кластерларга имкониятларни кенгайтириш кераклигини таъкидлади.

Жойлардаги сайловолди учрашувларида фермер ва деҳқонлар, кластер раҳбарлари ўзларини қийнаб келаётган кўплаб муаммоларни айтган. Бу масалалар тизимлаштирилиб, уларнинг ечимлари бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.

– Энг асосий муаммо – амалдаги эскича молиялаштириш тартиби, – деди Президент. – У соҳани ривожлантириш бўйича қўйилган талабларга мутлақо жавоб бермаяпти. Пахта-тўқимачилик кластерлари кредит муддатларини узайтириш ва миқдорини кўпайтиришни сўраяпти. Ҳозирда кластерларга кредит 11 ой муддатга ажратилади. Пахта хомашёсини етиштириб, уни қайта ишлашга эса камида 24 ой керак. Ерни экишга тайёрлаш октябрда бошланса-да, кредит 3-4 ой кечиктириб, январь-февраль ойларидан ажратилади. Бу эски тизим энди тўлиқ ўзгаради.

Йиғилишда қайд этилганидек, энди пахта ҳосилини молиялаштириш шудгор давридан, яъни октябрь ойидан бошланади. Бундан буён, кластерларга кредитлар 24 ой муддатга ажратилиб, унинг имтиёзли даври амалдаги 11 ойдан 18 ойгача узайтирилади.

Лўнда қилиб айтганда, кластер олган кредитини, хомашёни энг камида ип-калава ва матога айлантиргандан кейин қайтаради. Бу тизимни жорий этишга бюджетдан 10 триллион сўм йўналтирилади. Шу мақсадда Қишлоқ хўжалиги жамғармасига йил якунига қадар қўшимча 100 миллион доллар ажратилади.

Шунингдек, тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни ошириш, суғоришнинг янги технологияларига ўтиш, ўсимликлар ҳимояси, замонавий лабораториялар ташкил этиш, фермерларни ўқитиш каби тадбирлар учун ҳар бир гектар пахта майдонига 1 миллион сўмдан молиявий грантлар ажратилади.

Молия вазирлиги ва Марказий банкка ушбу янги тизимни амалиётга жорий қилиш вазифаси қўйилди.

Кластерлар томонидан ип-калавани қайта ишлаш даражасини келгуси икки йилда ҳозирги 50 фоиздан 70 фоизга етказиш мўлжалланган. Шундан келиб чиқиб, уларга молиялаштиришнинг янги механизмлари жорий этилиши маълум қилинди.

Масалан, матони бўяш ва аралаш мато ишлаб чиқарадиган ускуналар хариди учун, корхона қувватига қараб, давлат ҳисобидан молиявий грантлар берилади. Бундай лойиҳаларни кредитлаш учун яна 150 миллион доллар маблағ ажратилади.

Бўялган мато ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг экспортини қўллаб-қувватлаш учун давлат томонидан паст ставкаларда 100 миллион долларлик янги кредит линияси очилади. Шундай товарларнинг камида 80 фоизини экспорт қилувчи кластер ва бошқа тўқимачилик корхоналари учун ижтимоий солиқ ставкаси 3 йил муддатга амалдаги 12 фоиз ўрнига 1 фоиз қилиб белгиланади. Шунингдек, уларга мол-мулк солиғини 3 йилга кечиктириб тўлаш имконияти ҳам берилади. Бунинг ҳисобига, корхоналар ихтиёрида йилига камида 500 миллиард сўм маблағ қолади.

Яна бир қулайлик – келгуси йилдан ип-калавани қайта ишлайдиган кластерларга кредит олишда пахта хомашёси ва толасини гаровга қўйиш амалиёти жорий этилади.

Йиғилишда кластерлар фаолиятининг ҳуқуқий кафолатларини янада кучайтириш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди.

Маълумки, ғалла етиштириш ва сотишда бозор муносабатларига ўтилмоқда. Президентимиз келгуси йилдан ғаллачилик кластерлари ва фермерларга буғдойни бозор нархида тўлиқ эркин сотиш ҳуқуқи берилишини таъкидлади.

Бунда, кластер ва фермер хўжаликлари 3 йил давомида ҳар гектардан 2,5 тонна ғаллани биржа савдоларига чиқариши талаб этилади. Қолган ҳосилни эса, тўғридан-тўғри сотиш ҳуқуқи берилади.

“Ўздонмаҳсулот” таркибидаги донни қайта ишлаш корхоналари ғалла кластерлари ташкил этиш учун очиқ савдоларга чиқарилади.

Мутасаддиларга икки ҳафта муддатда ғалла бўйича тўловларни тўлиқ амалга ошириш бўйича кўрсатма берилди.

Йиғилишда мева-сабзавотчилик кластерлари ва кооперациялари учун ҳам қўшимча имкониятлар яратиш чоралари муҳокама қилинди. Уларни ҳам Қишлоқ хўжалиги жамғармаси орқали имтиёзли кредитлаш муҳимлиги таъкидланди. Жумладан, мева-сабзавотчилик кластерларига айланма маблағ учун, жамғарма ҳисобидан 1 йил муддатга 10 фоиздан кредит ресурслари ажратилади.

Келгуси йилдан мева-сабзавот ҳосилини иқлим хавфидан суғурталаш бўйича суғурта компаниялари ўртасида танлов ўтказилади. Экспорт шартномаси бўлган кластер ва фермерларга суғурта мукофотининг 50 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади.

Юртимизда 200 минг гектар паст ҳосилли пахта ва ғалла майдони қисқартирилиши режалаштирилган. Бу майдонлар аҳолига танлов асосида, узоқ муддатли ижарага берилади.

Давлатимиз раҳбари бунда эҳтиёжманд оилаларга алоҳида эътибор қаратиш, уларга деҳқончилик сирларини ўргатиш ва кўмаклашиш кераклигини таъкидлади. Бунинг учун 100 миллион сўмгача бўлган мева-сабзавотчилик лойиҳаларига “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури шартлари асосида кредит берилиши қайд этилди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигига мева-сабзавотчилик кластерлари ва қайта ишлаш корхоналарини инфратузилма билан таъминлаш, давлат-хусусий шериклик асосида агрологистика марказлари барпо этиш бўйича топшириқлар берилди.

Қишлоқ хўжалиги техникаларини янгилаш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Бу борада фермер ва кластерларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, келгуси йилдан бошлаб, техника сотиб олиш бўйича кредитларнинг 10 фоиздан юқори қисми давлат томонидан қоплаб берилиши белгиланди.

Шунингдек, импорт қилинадиган техника, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар божхона тўловларидан 3 йил муддатга озод этилади. Бунинг натижасида кластер ва фермерлар техникани 35 фоизгача арзон харид қилиш имкониятига эга бўлади.

Бундан ташқари, лазерли текислаш, ҳосилдор ва касалликларга чидамли янги навларни экиш, уруғчиликни ривожлантириш, сув тежовчи технологияларни қўллаш учун ҳам имтиёзлар берилади.

Умуман, ушбу мақсадлар учун йилига жами 25 триллион сўм йўналтирилиши кутилмоқда.

Йиғилишда билдирилган ташаббуслар ижроси бўйича фармон ва қарор лойиҳалари ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар