Ассалому алайкум, ҳурматли Самарқанд аҳли!
Муҳтарам меҳмонлар!
Бугун сиз, азизлар билан, барчамиз учун қадрли бўлган Самарқанднинг янги қиёфасини белгилаб берадиган муҳташам мажмуа – “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказининг тантанали очилиш маросимида учрашиб турганимдан хурсандман.
Халқимизнинг ақл-заковати ва фидокорона меҳнати билан бунёд этилган ушбу мажмуа Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги яна бир салмоқли, зафарли натижа бўлди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Қадимий ва навқирон Самарқанд бағрида қад ростлаган мана шундай замонавий, улуғвор меъморий мажмуа барчамизга, бутун халқимизга муборак бўлсин, буюрсин!
Азиз юртдошлар!
Ҳаммамизга яхши маълум, Самарқанд – миллий давлатчилигимиз ва умуман, жаҳон цивилизацияси тарихида алоҳида ўринга эга. Ушбу боқий шаҳар тарихимиздаги иккала Ренессанс даврининг юзага келиши ва ривожида муҳим роль ўйнаган.
Буюк Амир Темур бобомиз ўзи барпо этган қудратли салтанат учун айнан Самарқанд шаҳрини пойтахт этиб белгилагани ҳам албатта бежиз эмас.
Ушбу заминда шаклланган қутлуғ анъаналарни изчил давом эттирган ҳолда, Самарқанднинг қадимий шуҳратини тиклаш мақсадида охирги йилларда уни янада кўркам ва обод қилиш, чинакам халқаро туризм марказига айлантириш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширмоқдамиз.
Янгидан қурилиб, бугун очилаётган “Буюк ипак йўли” маркази шу йўлдаги яна бир улкан қадам бўлди. Йилига 2 миллион туристга хизмат қиладиган бу кўп тармоқли марказ таркибида “Боқий шаҳар” мажмуаси, Конгресс ҳолл, 8 та замонавий меҳмонхона, амфитеатр ва кўплаб бошқа объектлар мавжуд.
Биз марказ лойиҳасини пухта ишлаб чиқиш учун тажрибали меъмор ва муҳандислардан иборат халқаро жамоани жалб этдик. Улар тайёрлаган лойиҳани миллий меъморчилик ва шаҳарсозлик тажрибамиз, иқлим шароитимиздан келиб чиқиб, қайта-қайта муҳокама қилдик ва такомиллаштирдик.
Бу улкан марказ буюк аждодларимиз бунёд этган муҳташам меъморий обидаларга муносиб бўлиб, уларнинг тарихий анъаналарини давом эттиради. Ушбу мажмуа мамлакатимизда ҳозирги пайтда пойдевори қурилиши бошланган Учинчи Ренессанс ва олдинги тарихий даврлар ўртасидаги рамзий кўприк бўлади, деб ишонаман.
Бунёдкор халқимиз, юқори билим ва тажрибага эга инженер-мутахассисларимиз, навқирон ёшларимиз ана шундай ғоят мураккаб ва ноёб лойиҳани амалга ошириш учун хорижий ҳамкорларимиз билан қўлни қўлга бериб, фидокорона меҳнат қилдилар.
Шу ўринда Туркия, Буюк Британия, Италия каби давлатларнинг юксак малакали инженер ва техник мутахассислари қурилиш жараёнида фаол иштирок этганини алоҳида қайд этиш лозим.
Фурсатдан фойдаланиб, бугунги тантанали маросимда қатнашаётган чет эл дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакилларини самимий қутлаб, Ўзбекистон билан кўп қиррали алоқаларни ривожлантиришга катта ҳисса қўшаётганлари учун уларга чин қалбимдан миннатдорлик билдираман.
Бундан кейин ҳам сизларнинг шарафли фаолиятингизда давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, жумладан, туризм соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш – устувор йўналишлардан бири бўлиб қолади, деб умид қиламиз.
Қадрли дўстлар!
Ушбу янги кўркам мажмуага “Буюк ипак йўли” деб ном берганимиз замирида чуқур маъно бор.
Асрлар давомида Хитойнинг қадимий Сиан шаҳридан бошланиб, дунёнинг кўплаб мамлакатлари ҳудудидан ўтган ва кўҳна Римга қадар етиб борган бу улкан савдо йўли жаҳон халқлари ўртасидаги иқтисодий, маданий-маърифий мулоқот воситаси бўлиб келган. Азим Самарқанд эса, Буюк ипак йўлининг асосий манзилларидан бири бўлганини ҳаммамиз яхши биламиз.
Шуни ҳисобга олиб, биз янги марказдаги биноларда Буюк ипак йўли даврига оид тарихий манзараларни ҳам акс эттирдик. Масалан, “Боқий шаҳар” мажмуаси безакларида қадимий Афросиёб деворларида сақланиб қолган Сўғд давлати ҳукмдорининг Корея, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар элчиларини қабул қилиш маросими тасвирларидан фойдаландик.
Ўйлайманки, ана шу давлатларнинг элчилари ва хорижий сайёҳлар ҳам ушбу тасвирлар билан танишиб, ўз юртлари тарихини шу ерда кўргандек бўлади.
Биз Буюк ипак йўли орқали ривожланган ана шу тарихий анъаналарни, бугун тараққиёт, маданият, дўстлик ва ҳамкорлик йўли сифатида қайта тиклашга интилмоқдамиз. Шу мақсадда дунё ҳамжамияти билан турли соҳалардаги алоқаларни кучайтириш, мамлакатимизга замонавий илм-фан ютуқлари, юқори технологиялар, инвестициялар, янги, илғор ғоялар кириб келиши учун шароит яратмоқдамиз.
Умуман, “Буюк ипак йўли” мажмуаси Ўзбекистоннинг дунёга кенг очилаётган яна бир дарвозаси, десак, айни ҳақиқат бўлади.
Муҳтарам анжуман иштирокчилари!
Самарқандни йирик туризм марказига айлантиришда “Боқий шаҳар” меъморий ансамбли алоҳида муҳим ўрин тутади. У келгусида бутун Самарқанднинг ўзига хос “ташриф қоғози”га айланади, деб ишонаман.
Ушбу мажмуа ҳар қандай сайёҳни қадимий афсоналар оламига, тарихий обидалар дунёсига олиб кирадиган том маънодаги ноёб лойиҳадир.
Қадимий услубда барпо этилган 14 та ҳудудимизга хос 40 та ҳунармандлик устахонасининг ҳар бири бетакрор қиёфага эга.
Қўли гул усталар ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик, ипак қоғоз ишлаб чиқариш, заргарлик ва гилам тўқиш жараёнлари орқали сайёҳларнинг кўз ўнгида маҳорат дарсларини олиб борадилар. Хусусан, Риштон кулолчилиги, Бухоро зардўзлиги, Қорақалпоқ ўтови, Марғилон атласи каби ҳунармандчилик маҳсулотлари сайёҳлар учун амалий санъат дурдоналари сифатида тақдим этилади.
Бу ерга қадам қўйган инсон нафақат қадимий Самарқанд бағрида, балки бутун Ўзбекистон заминида юргандек бўлади, унинг бор улуғворлиги ва беқиёс жозибасини ҳис этади.
Ушбу гўзал масканда 280 минг туп манзарали дарахт ва буталар экилди, 170 гектар яшил ҳудудлар яратилди.
Албатта, марказ ишга тушиши натижасида юртимизда туризм соҳасини янада юқори босқичга олиб чиқиш учун қўшимча имкониятлар очилади.
Шу ўринда бир рақамга эътибор беринг. Бундан 3-4 йил олдин Самарқандга ташриф буюрадиган маҳаллий ва хорижий туристлар сони 500 минг нафардан ошмас эди. Ҳозирги кунда туризмни ривожлантириш бўйича ислоҳотларимиз, қулай инвестициявий муҳит яратиш бўйича саъй-ҳаракатларимиз туфайли Самарқандга келаётган хорижий туристлар сони 2 баробар кўпайди.
Бу маррани янада юқори олиш учун барча имкониятлар етарли. Хусусан, келгуси йилларда Самарқандга келадиган хорижий туристлар сонини 1,5 миллиондан ошириш бўйича чоралар кўрилмоқда.
Шу мақсадда вилоятдаги 50 га яқин маданий мерос мажмуаларини реставрация қилиш ҳамда 600 дан зиёд замонавий меҳмонхона ва меҳмон уйларини барпо этиш юзасидан аниқ режалар қилинган.
Шаҳарда жамоат транспорти тизими тубдан ислоҳ этилиб, электробуслар қатнови йўлга қўйилади.
Самарқанднинг ҳаво дарвозаси бўлган аэропортни бутунлай янгитдан барпо этганимиз, ҳеч шубҳасиз, туризмни ривожлантириш йўналишидаги энг муҳим ишларимиздан бири бўлди. Янги аэропорт бугун очилаётган “Буюк ипак йўли” марказини барпо этишдан кўзлаган мақсадларимизга ғоят уйғун ва ҳамоҳангдир.
Азиз дўстлар!
Биз йил бошида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг!” дастурини қабул қилдик. Шу йўлда мана бугун Самарқанд шаҳрида дастлабки катта натижаларни кўриб турибмиз. Келгусида бундай замонавий мажмуа Бухоро шаҳрида ҳам барпо этилади. Бу каби лойиҳаларни республикамизнинг барча ҳудудларида амалга ошириш бўйича ҳам режаларимиз бор.
Шу тариқа маҳаллий ва хорижий туристлар учун мамлакатимиздаги 8 мингдан ортиқ маданий мерос объектлари билан яқиндан танишиш имконияти янада кенгайтирилади.
Умуман олганда, ана шундай ишларимиз туфайли келгуси беш йилда мамлакатимизга келадиган сайёҳлар сонини ҳозирги 2 миллиондан 9 миллионга етказамиз.
Энг муҳими, туризм соҳасида меҳнат қилаётганлар сони 500 мингдан ошади. Уларни ўқитиш ва касбий маҳоратини ошириш мақсадида Самарқанд шаҳрида “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу билим масканида ҳозирги кунда 6 та давлатдан мингдан зиёд талаба ўқимоқда, уларга хорижлик профессорлар дарс бермоқда. Бу ерда 20 мингга яқин нодир адабиётлар ва қўлёзма асарлардан иборат замонавий кутубхона ташкил этилган.
Қадрли ватандошлар!
Ёдингизда бўлса, бундан бир неча йил олдин сизлар билан биргаликда Самарқандни яна “Ер юзининг сайқали”га, дунёдаги энг гўзал ва обод шаҳарлардан бирига айлантирамиз, деб ният қилган эдик.
Шу мақсад йўлида Имом Бухорий бобомизнинг ёдгорлик мажмуаси тўлиқ қайта қурилмоқда. Насиб этса, бу табаррук зиёратгоҳ буюк аждодимизнинг мусулмон оламидаги беқиёс обрў-эътиборига ҳар томонлама муносиб бўлган ажойиб масканга айланади.
Азиз дўстлар!
Олдимизда катта-катта саналар, йирик сиёсий, маданий ва маърифий тадбирлар турибди. Жонажон Ватанимиз мустақиллигининг 31 йиллик байрами тобора яқинлашиб келмоқда.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарлари учрашуви каби нуфузли халқаро тадбирлар ҳам яқин ойларда айнан Самарқандда бўлиб ўтади.
Келгуси йилда эса, қадимий шаҳримизда Европа тикланиш ва тараққиёт банки бошқарув Кенгашининг йиллик йиғилиши ва Жаҳон туризм ташкилотининг Бош ассамблеяси ҳам ўтказилади.
Ана шундай улкан анжуманларни юқори савияда ташкил этишда бугун очилаётган янги марказимиз ҳам самарали хизмат қилади.
Фурсатдан фойдаланиб, Самарқанд қиёфасини тубдан ўзгартириб юборган ушбу қурилишларни амалга оширишда чин юракдан, қалбидаги бор меҳри ва садоқати билан меҳнат қилган барча қурувчи ва мутахассисларга, тадбиркорлар ва мутасадди ташкилотларга, чет эллик ҳамкорларимизга, Самарқанд аҳлига, кўпмиллатли бутун халқимизга миннатдорлик билдиришга ижозат бергайсиз.
Мана шундай гўзал масканларимиз янада кўпайсин!
Азим Самарқандимиз, жонажон Ўзбекистонимиз дунё тургунча турсин!
Барча ютуқларимизнинг ижодкори ва бунёдкори бўлган танти ва меҳнаткаш халқимиз доимо омон бўлсин!
Изоҳ қолдириш