Синди Малвичини: Пандемияга қарамай, Ўзбекистон ислоҳотлар йўлини давом эттирмоқда

Синди Малвичини: Пандемияга қарамай, Ўзбекистон ислоҳотлар йўлини давом эттирмоқда

4 сентябрь куни Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан “Ўзбекистон 24” телеканалида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2020-2021 йилларда иқтисодий ўсишни тиклаш ва иқтисодиёт тармоқларида тизимли ислоҳотларни давом эттириш тўғрисидаги қарори юзасидан кўрсатув ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Марказий банк, Молия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Энергетика вазирлиги, “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик жамияти, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни кўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси, Экспортни рағбатлантириш агентлиги мутахассислари ва Сиёсатни ўрганиш ва тарғиб қилиш маркази директори Питер Малвичини иштирок этишди.

Кўрсатувда қарорда келтирилган 8 та йўналиш ҳақида суҳбат олиб борилди. Ўртага ташланган саволларга соҳа вакиллари ва экспертлар батафсил жавоб беришди.

Шунингдек, ушбу қарор юзасидан Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Синди Малвичини ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Хусусан, халқаро экспертнинг фикрича, Ўзбекистон 2017 йилдан буён улкан ва жуда зарур бўлган ислоҳотларни амалга оширмоқда. Мазкур ислоҳотлар 2017-2021 йиллар учун миллий ривожланиш стратегиясини баён қилишдан бошланди. Ушбу ривожланиш дастури асосида ОТБ билан ҳам ўзаро ҳамкорлик кенгаймоқда.

“Бир йил олдин биз Ўзбекистоннинг бозорга асосланган иқтисодиётга ўтишини қўллаб-қувватлашга қаратилган Мамлакат билан ҳамкорлик стратегиясини қабул қилдик. ОТБ кўмаги Ҳукуматнинг аҳолини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича устувор ислоҳотлар дастурига қаратилган бўлиб, бу кўмак техник маслаҳат ва молиявий ресурслари шаклида амалга оширилади. Хусусан, биз стратегик ислоҳотларнинг айрим йўналишлари бўйича маслаҳат ва ёрдам беряпмиз. Булар жумласига энергетика, автомобил ва темир йўллари, сув таъминоти ва канализация ҳамда чиқиндиларни бошқариш, сув ресурсларини бошқариш, қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш ва давлат молияси, шу жумладан, молия секторини ривожлантириш ва капитал бозорларини ривожлантириш киради”, дейди Синди Малвичини.

ОТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори COVID-19 дунёнинг бошқа мамлакатларида бўлгани каби, Ўзбекистоннинг ривожланиш йўлида ва барқарор иқтисодий кенгайишида қийинчиликлар яратаётганини айтиб ўтди. Шунингдек, пандемия ва шу билан боғлиқ миллий бозорлар, Ўзбекистон экспортидаги ўзгаришлар 2020 йилда иқтисодий ўсишни секинлаштираётганини таъкидлади.

“Пандемиянинг иқтисодиётга таъсирини минималлаштириш ва аҳолининг турмушини қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳукуматнинг дадил чоралари иқтисодий фаолиятни барқарорлаштиришга ёрдам беради.

Пандемияга қарамай, Ўзбекистон ислоҳотлар йўлини давом эттираётганини биз эътироф этамиз. Банк секторини ислоҳ қилиш, қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш ва сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш бўйича асосий қадамлар пандемияга қарамай, жорий йилда амалга оширилди. Таркибий ислоҳотлар ҳам изчил давом этмоқда ва қишлоқ хўжалиги ва уй-жой қурилишидаги бозор оғишувларини камайтирмоқда. Биз Ҳукуматнинг ислоҳотлар ва COVID-дан кейинги кенгайишни тиклаш бўйича олдига қўйган мақсадларни ўринли ва долзарб деб биламиз.

Режалаштирилган чора-тадбирлар улкан ва кенг қамровли бўлсада, биз Ҳукуматнинг 2020 ва 2021 йилларда иқтисодиётни ва аҳолининг турмушини тиклаш ва ислоҳотларни давом эттириш мақсадини эътироф этамиз. дейди Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори.

Ҳукумат банк секторини ислоҳ этишни давом этар экан, ОТБ банкларни қайта ташкил этиш бўйича маслаҳатларини кенгайтирмоқда. Шунингдек хусусий секторнинг ишчи кучига бўлган бозор талабини қондириш ва иш билан таъминлашни яхшилаш бўйича Ҳукуматнинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ОТБ малакали кадрларни тайёрлаш борасида кўмакни давом эттирмоқда.

“Биз кичик ва ўрта бизнес ривожланаётган пайтда уларни қўллаб-қувватлашни давом эттирмоқдамиз ва бу Ўзбекистоннинг хусусий тадбиркорлиги ва бизнеснинг рақобатбардошлигини ривожлантириш бўйича сай-ҳаракталарига мос келади. ОТБ нинг агро-логистика марказларини ривожлантиришдаги кўмаги Ўзбекистон экспортини тиклаш ва диверсификациялашга ёрдам беради.

Хулоса қилиб айтганда, Осиё тараққиёт банки иқтисодиётни тезроқ тиклаш ва ислоҳотлардан кўзланган мақсадларига эришишда Ўзбекистоннинг муҳим ривожланиш ҳамкори бўлиб қолмоқда”, дейди Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Синди Малвичини.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар