Соғлиқни сақлаш соҳаси тарихида мутлақо янгича учрашув - Президентнинг шифокорлар билан мулоқоти бўлиб ўтмоқда

Соғлиқни сақлаш соҳаси тарихида мутлақо янгича учрашув - Президентнинг шифокорлар билан мулоқоти бўлиб ўтмоқда

Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими вакиллари билан очиқ мулоқоти бошланди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида шифокорлар, ҳамширалар, соҳа олимлари, кенг жамоатчилик томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида йиллар давомида тўпланиб қолган муаммо ва камчиликларни ҳал этиш орқали соҳани тубдан ривожлантириш, жаҳон стандартларига мос тиббиёт тизимини шакллантириш, аҳолига тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича муҳим ташаббусларни илгари суриб, кенг кўламли вазифаларни белгилаб беради.

Очиқ мулоқотни оммавий ахборот воситаларининг 100 дан ортиқ вакили ёритмоқда. Соғлиқни сақлаш вазири Б.Мусаев, бевосита мулоқотда 20 мингга яқин тиббиёт соҳаси вакиллари иштирок этаётганлигини маълум қилди.

"Тиббиётдаги ислоҳотлар — инсон қадри учун" деб номланган ушбу тарихий учрашувда жуда кўп янгиликлар бўлиши кутилмоқда.

“Юртимизда гўзал баҳор нафаси кезиб юрган мана шу ёруғ кунларда – Наврўзи олам арафасида тиббиёт соҳасининг жонкуяр вакиллари бўлган сиз, муҳтарам юртдошларимиз билан дийдор кўришиб турганимдан беҳад мамнунман.

Ҳаёт ҳақиқати шуни кўрсатадики, фақатгина соғлом халқ, баркамол миллат буюк ишларга қодир бўлади.

Эл-юртимиз азалдан шифокорларни, инсон саломатлигини асрашдек эзгу ва савобли ишга бутун борлиғини бағишлаган фидойи зотлар, деб билади ва ҳамиша қадрлайди.

Чунки одамлар сизларга ўзларининг энг бебаҳо бойликларини – ҳаётларини ишониб топширади.

Буюк бобомиз Абу Али ибн Синонинг: “Инсон дардига дармон бўлмоқ – олижанобликнинг энг юксак намунасидир”, деган сўзлари ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

Туб ислоҳотларимизнинг дастлабки кунларидан бошлаб биз халқимиз соғлиғини мустаҳкамлашга энг устувор вазифа, деб қараб келмоқдамиз.

Ўтган беш йилда бу борада катта ишларни амалга оширдик, илғор хорижий ютуқларни ўрганиб, етарли тажриба тўпладик.

Жойлардаги раҳбарларимиз, ҳукуматимиз, президент бу соҳага жиддий қарамаса, эртага кеч бўлади. Бу - аксиома. Мен юракларингдаги ҳамма дардларингни савол бермасангиз ҳам жуда яхши тушунаман. Биронта миллат, биронта давлат ўзининг ички муаммоларини ҳал қилмасдан ҳеч қачон натижага эришмаган. Нима учун мен иқтисодчини вазир қилиб қўйдим. Трансформация жараёни кетяпти. Биз соҳадаги ҳисоб-китобни жойига қўйишимиз керак. Ўзингиз пок бўлганингиз учун бугун қор ҳам ёғди. Ҳаммаёқ оппоқ бўлди. Чунки, ниятларингиз пок”, - деди Президент сўз аввалида.

Шунингдек, Президент жойлардан соҳани ривожлантиришга оид 25 мингдан ортиқ таклиф ва ташаббус, cаволлар келганини маълум қилди.

60 фоизи шахсий саволлар. Нима учун бу учрашув чўзилди? 85% муаммолар аввал ҳал қилинди. Албатта, ҳамманинг ҳам саволини бирданига ҳал қилолмаймиз. Билим билан, вақт билан ечилади”, деди давлат раҳбари.

Президент хусусий тиббиёт ва унга яратилган имкониятлар хусусида ҳам гапириб ўтди.

“Хусусий тиббиётга енгиллик берилгани учун ҳам уларнинг сони, хизмат сифати ортди. Бу ерда давлат шифохоналари раҳбарлари билан хусусий тиббиёт вакиллари ҳам ўтирибди. Уларнинг ўртасида фарқ борми? Албатта, бор. Сизлар айтасизлар "у ерда (хусусий шифохонада) ойлик катта-да", дейсиз. Бугун давлат шифохоналаридаги ойлик ҳақида ҳам албатта айтаман.

Тиббиёт вакили 1,5 миллион ойлик олса-да, йилига 2 марта тиббий кўрикка ўзи пул тўласа?! Бу ҳам адолатдан эмас.

Соҳадаги ютуқни – ютуқ, камчиликни – камчилик деб айтиб, тизимдаги “касалликлар”га тўғри диагноз қўйиб, уларнинг давосини топишга ҳаракат қилишимиз зарур.

Тиббиёт шундай соҳаки, унга дахлдор бўлмаган инсоннинг ўзи йўқ. Ҳаммамиз ҳам иссиқ жонмиз, тиббиёт муассасаларига кунда-кунора мурожаат қилмаган кишини топиш қийин.

Барчамизга аёнки, одам соғлом бўлмаса, унга иш ҳам, моддий неъматлар ҳам, ҳаёт қувончлари ҳам татимайди. Бу аксиомани ҳеч ким инкор қилолмайди” - деди Шавкат Мирзиёев.

Таъкидланганидек, 2022 йилнинг ўзида соҳага бюджетдан 24 триллион сўм ёки 2016 йилга нисбатан 4 баробар кўп маблағ йўналтирилмоқда.

Ўтган беш йилда шифохоналар ва тез тиббий ёрдам пунктларини дори-дармон, тиббиёт буюмлари билан таъминлашга ажратилаётган маблағлар 12 баробар кўпайтирилди. Халқаро молия ташкилотларидан 700 миллион доллардан зиёд маблағлар жалб қилинди.

Буларнинг ҳисобидан:

- бирламчи тиббиёт бўғинини мутлақо янги ёндашувлар асосида тубдан ўзгартиришга киришилди;

- ўтган йилдан бошлаб, ҳар бир маҳаллада “хонадонбай” ишлайдиган тиббий бригадалар ташкил этилди;

- 2021 йилдан бирламчи бўғинда аҳолини 66 турдаги дори воситалари билан бепул таъминлаш йўлга қўйилди.

- аҳолига сифатли тиббий ёрдамни кенгайтириш мақсадида, бирламчи тизимга 20 мингта ўрта тиббиёт ходимлари қўшилди.

- қишлоқларда жойлашган 801 та оилавий поликлиника янги замонавий УЗИ ва ЭКГ аппаратлари билан таъминланди;

- қишлоқ ва маҳаллаларда 8 турдаги янги тиббий хизматлар йўлга қўйилди.
Жумладан, саломатлик кўрсаткичлари бўйича хавф гуруҳига кирган 12 миллион аҳолини мақсадли скринингдан ўтказиш бошланди.

Буларнинг барчаси, ўз навбатида, сифатли тиббий хизматларни “маҳаллагача тушириш” бўйича муҳим қадамлар бўлди.

Сўнгги 5 йилда янги 200 турдаги жарроҳлик амалиёти жорий этилгани, жумладан, буйрак ва жигар трансплантацияси республикамиз шифохоналарида йўлга қўйилган. Мисол учун, пойтахтимиз ва ҳудудларда ўтказилган буйрак трансплантацияси орқали, шу кунгача 700 га яқин фуқароларимизнинг ҳаёти сақлаб қолинди.

Ҳаммангиз яхши биласиз, авваллари ҳар йили минглаб юртдошларимиз даво истаб чет элга боришга мажбур эди. Тасаввур қилинг, одам ўзи оғир касал бўлса, қанча вақт, қанча маблағ сарфлаганидан ташқари, жонини ҳам хатарга қўйиб, бегона юртларда сарсон бўлиб юрарди.

Эндиликда, яратилган янги шароит ва имкониятлар ҳисобига, илгари хорижда бажарилган қиммат операциялар, ўзимизнинг шифокорлар томонидан амалга оширилаётгани, албатта катта ютуқдир. Лекин бу биринчи қадамларимиз, - деди Президент.

Президент нутқи давомида беморларга даволанишлари учун имтиёз берадиган “ордер” масаласига ҳам алоҳида тўхталиб, қуйидагиларни таъкидлади:

“Яқин-яқингача эҳтиёжманд аҳолининг, республика тиббиёт марказларида даволаниши учун “ордер” деган бир эски тизим бор эди. Ушбу “ордерлар” қоғоз шаклида юритилиб, аксарият ҳолларда таниш-билишчилик асосида бериб келингани, ҳеч кимга сир эмас. “Ордер” учун маблағлар республика тиббиёт марказларига бемор келса-келмаса, унинг миқдори етарлими ёки йўқми, ҳар йили ўтказиб келинган. Оқибатда, ҳақиқий эҳтиёжи бор аҳоли даволаниш учун йиллаб навбатда турган бир вақтда, айрим марказлар самарасиз молиялаштириб келинган.

Биз бундай амалиётдан тўлиқ воз кечиб, эҳтиёжманд аҳоли учун, республика тиббиёт марказларида хизмат кўрсатишнинг очиқ ва шаффоф янги тизимига ўтдик.

Энди ихтисослашган марказларда бепул даволанадиган касалликлар рўйхати шакллантирилиб, тиббий ёрдам учун йўлланма ҳақиқий эҳтиёжи бор аҳолига “электрон навбат” асосида берилмоқда. Бизга кўп мана шу масалада саволлар тушган. Одамларнинг дардига дармон бўлса, керак бўлса, бу бўйича йилига икки марта қарорга қўл қўйишга тайёрман.

Шунингдек, Президент беморларнинг даволаниш учун тиббиёт масканини ўзлари танлашларини ва монополия қилмаслик кераклигини айтиб ўтди.

"Энди тиббий ёрдам учун йўлланма маблағлари марказга эмас, балки даволаниши зарур бўлган аниқ беморга ажратилмоқда.

Мисол учун, илгари туғма юрак нуқсони бор болага операция учун республика марказига 3 миллион сўм маблағ ажратилган.

Қолган 20-30 миллион сўмлик харажатни эса ота-онаси кўтаришга мажбур бўлган. Эндиликда эса ушбу операция учун зарур маблағ давлат томонидан тўлиқ қопланмоқда ва ҳар бир бемор учун манзилли ажратилмоқда", деди Президент.

Келгуси беш йилда ҳам аҳолимизни сифатли ва малакали тиббий хизмат билан таъминлаш, соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтиришни Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг энг муҳим йўналиши сифатида белгиланган.

“Мен ҳар сафар ҳудудларга борганимда албатта тиббиёт масканларига киришга, шифокорлар билан учрашишга ҳаракат қиламан. Лекин, сизлар билан мана шундай кенг даврада, очиқ мулоқот шаклида биринчи марта кўришиб турибмиз.

Бугун соҳадаги ютуқни – ютуқ, камчиликни – камчилик деб айтиб, тизимдаги “касалликлар”га тўғри диагноз қўйиб, уларнинг давосини топишга ҳаракат қилишимиз зарур.

Тиббиёт шундай соҳаки, унга дахлдор бўлмаган инсоннинг ўзи йўқ. Ҳаммамиз ҳам иссиқ жонмиз, тиббиёт муассасаларига кунда-кунора мурожаат қилмаган кишини топиш қийин".

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар