2021 йилнинг 6 декабрь куни “S&P” халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон Республикасининг суверен кредит рейтингига бағишланган йиғма ҳисоботини эълон қилди, деб хабар бермоқда Молия вазирлиги матбуот хизмати.
Ҳисоботда Ўзбекистон Республикасининг рейтинг баҳоси “BB-” (барқарор кутилма) даражада ўзгаришсиз қолганлиги қайд этилган.
Рейтинг бўйича барқарор кутилма агентликнинг мамлакатда фискал ва ташқи қарзлар тез суръатлар билан ўсишда давом этиши, бироқ келгуси 12-24 ой ичида мўътадил даражада сақланиб қолиши бўйича тахминларни акс эттиради.
Агентликка кўра, амалдаги Президентнинг қайта сайлангани мамлакатдаги институционал салоҳиятни яхшилашга қаратилган ва кенг кўламли иқтисодий ислоҳотларни давом эттирилишига хизмат қилади.
Давлат корхоналарининг трансформацияси ва хусусийлаштириш, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш, маҳаллий капитал бозорини ривожлантириш, давлат қарзи қонунининг ишлаб чиқилиши, коррупцияга қарши курашиш, давлат бошқарувини такомиллаштириш ва бюрократияни камайтириш стратегиялари асосий ислоҳотлар сифатида қайд этилган.
2021 йилда Ўзбекистон реал ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ўсиш суръати 6,5 фоизни, 2022-2024 йилларда ўртача 5,5 фоизни ташкил қилиши кутилмоқда.
Бунда, хизматлар, ишлаб чиқариш, табиий ресурслар секторларининг ўсиши, асосий савдо ҳамкорлар иқтисодиётининг тикланиши, инвестиция дастурлари ва давлат корхоналари ислоҳотлари иқтисодий ўсишнинг асосий драйверлари сифатида қайд этилган.
Ҳисоботга кўра, ҳукуматнинг ташқи активлари ва Марказий банкнинг олтин захиралари мамлакатнинг фискал ва ташқи позициясини қўллаб-қувватловчи омиллардан ҳисобланади. Ҳукумат ликвид активларининг асосий қисми Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ликвид активлари ҳиссасига тўғри келади.
Шу билан бирга, аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотнинг пастлиги, ҳисобдорлик ва институтлар ўртасидаги ўзаро тийиб туриш тизимининг ривожлантириш зарурати республикамиз суверен кредит рейтингини чекловчи омиллар сифатида санаб ўтилган.
“S&P” кутилмаларига кўра, яширин иқтисодиётнинг қисқариши ва давлат корхоналари фаолиятининг яхшиланиши билан солиқдан тушадиган даромадлар ортади ва ўрта муддатда фискал консолидация амалга оширилади.
2021 йилда фискал дефицит ЯИМга нисбатан 5,8 фоизни, 2021-2024 йилларда ўртача 3,8 фоизни ташкил қилиши прогноз қилинмоқда. Айни вақтда олтин нархининг ўзгарувчанлиги агентликнинг прогнозига таъсир этувчи омиллар сирасига киритилган.
Ҳисоботга кўра, давом этаётган фискал дефицитга қарамасдан давлатнинг соф қарз юки мўътадил даражада сақланиб қолиши ва 2024 йилгача соф давлат қарзининг ўзгариши ЯИМга нисбатан ўртача 5 фоизни ташкил қилиши кутилмоқда.
Агентлик мамлакатнинг ташқи қарзи 2018 йилдан бери сезиларли даражада ортганига ва ўсишда давом этишига қарамасдан ўсиш суръати секинлашишини кутмоқда. Мамлакатнинг жами ташқи қарзи 2020 йилда деярли 37 фоизга ошгани ҳамда келгусида давлат ва молиявий сектор ликвид активларидан ортиши келтириб ўтилган.
Қайд этилишича, монетар сиёсат самарадорлигининг ошиши учун вақт талаб этилсада, инфляцияни пасайтиришга ва сўмга бўлган ишончни ортишига ёрдам беради.
Ҳисоботда глобал иқтисодиётга интеграциялашуви ва ислоҳотлар натижасида мамлакатнинг иқтисодий ўсиш салоҳиятининг ошиши ҳамда фискал ва ташқи захираларнинг ортиши мамлакатимиз кредит рейтингининг ошишига хизмат қилиши таъкидланган.
Мамлакатимиз кредит рейтингини пасайтирувчи омиллар сифатида қуйидагилар қайд этилган:
- Агентлик кутилмаларига нисбатан Ўзбекистоннинг фискал ва ташқи захиралари тез суръатларда ёки сезиларли даражада камайиши;
- тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимининг етарли эмаслиги натижасида қарз жалб қилиш ошиши ва ташқи активларнинг камайиши;
- иқтисодиёт долларлашувининг сезиларли даражада ошиши;
- йирик давлат корхоналари молиявий ҳолатининг заифлашуви натижасида ҳукумат томонидан давлат корхоналарининг қарзларини тўланиши.
Изоҳ қолдириш