Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2 декабрь куни қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш ва аҳолини уй-жой билан таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
"Жойи ёки нархи аҳолига маъқул бўлмагани учун жами 255 миллиард сўмлик 950 та хонадон сотилмасдан турибди. Айрим вилоятларда ер участкалари ўз вақтида аукционга чиқарилмагани сабабли уй-жойлар қурилиши кечиккан. Оқибатда давлатдан мақсадли кредитлар учун ажратилган маблағ ўзлаштирилмаган. Кўп вилоят ҳокимлари ва уларнинг қурилиш бўйича ўринбосарлари пудратчи танлашда 2-3 та ташкилот билан чекланаётгани сифатга путур етказмоқда", деди Шавкат Мирзиёев йиғилишда.
Самарқандда яхши тизим йўлга қўйилган. Вилоят ҳокимлиги лойиҳачи, қурувчи ва банкнинг “бошини бириктириб”, ҳамёнбоп уйлар қуришни ташкил этган. Шу боис субсидиядан фойдаланиш кўрсаткичи ҳам, кредитларни ўзлаштириш кўрсаткичи ҳам юқори.
Келгуси йил мамлакатимизда ипотека дастурлари доирасида 50 мингга яқин хонадонли уй-жойлар қурилиши режалаштирилган. Бунга қарийб 13 триллион сўм мақсадли кредит ва 1 триллион 300 миллиард сўм субсидия ажратилиши кўзда тутилган.
Йиғилишда шу борадаги чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Аҳоли ва қурувчиларга янги қулайлик ва имкониятлар белгиланди.
Масалан, бугунги кунгача ипотека кредити ва субсидия олишда уй-жой майдони ва нархи билан боғлиқ чекловлар бор эди. Энди бундай чеклов бўлмайди.
Сотиб олинадиган хонадоннинг майдони ва нархидан қатъий назар, эҳтиёжманд аҳолига дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун 32 миллион сўм субсидия тўланади. Шунингдек, эҳтиёжманд аҳоли учун давлат томонидан қоплаб бериладиган субсидия миқдори барча ҳудудлар учун бир хил – 10 фоиз этиб белгиланади. Субсидиялар якка тартибдаги уй-жой қуриш ва таъмирлаш учун олинган кредитлар учун ҳам татбиқ этилади.
Яна бир янгилик – ипотека кредити олишда қариндош бўлмаган фуқароларнинг кафиллигига ҳам рухсат берилади.
Келгуси йилдан ижтимоий аҳволи оғир хотин-қизлар, чин етимлар ва ногиронлиги бўлганларга иккиламчи бозордан уй олишга ҳам имконият яратилади.
Изоҳ қолдириш