Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Сурхон воҳаси Зараутсой, Кампиртепа, Жарқўтон, Сополлитепа, Далварзинтепа каби қадимий обидалар, Бойсунтоғ тизмасидаги ажиб тилсимли Ғур-ғуртепа ғори, Сангардакнинг мўжизавий шаршараси, Хўжамайхона, Омонхона шифобахш булоқлари ва бошқа кўплаб моддий ва номоддий бойликлари билан ҳамиша сайёҳлар эътибори марказида бўлган.
Сурхондарё вилояти Ўзбекистоннинг энг жанубий минтақасидир. У шимолда Ҳисор тизмаси, шарқда Боботоғ, ғарбда Кўҳитанг ва Бойсун тоғлари этакларини, жанубда эса Амударёни эгаллайди.
Сурхондарё вилояти тоғ ва экотуризм билан ажралиб туради. Минтақада табиий ландшафтнинг ажойиб гўзаллигини намоён қиладиган ғорлар, массивлар ва дараларни кўриш мумкин. Бу жойлар сайёҳлар ва саргузашт изловчиларнинг катта эътиборини тортади.
Вилоятда экотуризмни ривожлантириш борасида ҳам хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, замонавий қулайликларга эга меҳмонхоналар, меҳмон уйлари ва хостелларнинг кўпчилиги вилоятнинг тоғли ҳудудларида жойлашган. Айниқса, Бойсун, Денов, Сариосиё ҳамда Шеробод туманларида экотуризм яхши ривожланмоқда. Сариосиё туманидаги “Тўпаланг” сув омбори ҳудудида экотуризм маркази ташкил этилган.
Сурхондарё водийси янги маданият ривожининг сарчашмаси бўлган. У тарихга таниқли шоирлар, диншунослар, ислом дини арбоблари, файласуфларнинг номларини берди. Уларнинг шарофати билан ўрта асрларнинг ажойиб меъморий ёдгорликлари пайдо бўлди. Ушбу ёдгорликларнинг аҳамияти бутун Ислом олами учун муҳим.
Вилоятнинг энг қадимий шаҳри ва маркази бўлган Термизда ва унинг атрофида зардуштийлар, несторианлар, буддистлар каби турли халқларнинг шаҳарлари ва қалъаларининг хабарлари, меъморчилик ва археология обидалари, шунингдек, ислом меъморчилиги ёдгорликлари сақланиб қолган.
Кўрсаткичлар динамикасида ижобий ўсиш
Туризм соҳасида олиб борилган ислоҳотлар натижасида ўтган 6 йил давомида вилоятда меҳмонхоналар ва бошқа хизмат кўрсатиш йўналишида қиймати 597,1 млрд.сўмга тенг бўлган 118 та лойиҳа амалга оширилган ва 2 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланган.
Айтиш керакки, бугунги кунда вилоятда 49 та меҳмонхона, 141 та оилавий меҳмон уйлари, 9 та хостел, 40 та туристик тоифага кирувчи транспорт воситалари ишлаб турибди.
Жумладан, 2022 йилда қиймати 178,6 млрд.сўмлик 38 та лойиҳа ишга туширилган.
Шунингдек,
- Термиз шаҳрида “SAXOVAT IPAK SERVIS” МЧЖ томонидан 15 млрд.сўм маблағ эвазига меҳмонхона лойиҳаси амалга оширилди. Ушбу меҳмонхона ўтган давр мобайнида 10 минг нафардан ортиқ сайёҳларга хизмат кўрсатди.
Вилоятда туристлар ташриф масканлари сонини ортириш мақсадида Термиз ҳайвонот боғини реконструкция қилиш ишларига бюджет маблағлари ҳисобидан 19 млрд.сўм сарфланди.
Ўтган 6 йил давомида вилоятда йирик савдо комплексларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шундан,
- Термиз шаҳрида “Ice berg” муз саройи, “Индинем” савдо мажмуаси;
- Термиз туманидаги “Саrgо centr” мажмуаси;
- Ангор туманида “Ангор Барака” савдо маркази;
- Қумқўрғон туманида “Барака савдо мажмуаси” фойдаланишга топширилди.
Ушбу савдо марказларида болалар ўйин майдончалари, савдо нуқталари, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари, ресторан ва кафелар ташкил этилган.
Сурхондарё вилоятида 2017 йилда туристлар ташриф буюрадиган атига 48 та туризм объектлари мавжуд бўлган бўлса, бугунги кунда объектлар сони 116 та (241,6 %)га етказилди.
Мавжуд 116 та туризм объектларидан, Термиз шаҳрида 6 таси, Жаркўргон, Шўрчи ва Денов туманларида 5 тадан, Бойсун, Қумқўрғон, ва Сариосиё туманларида 4 тадан объектлар жойлашган.
Шунингдек, Термиз туманида “Марварид”, “Оксус”, “Эко туризм” масканлари ташкил этилди.
Бунинг натижасида туристлар учун қулайликлар яратилиб, уларнинг вилоят ҳудудида бўлиш кунлари 1 кундан - 3 кунгача оширилди.
Бойсун туманидаги 7 та, “Инкабод”, “Даштиғоз”, “Мустақиллик”, “Тузбозор”, “Бибиширин”, “Темир Дарвоза” ва “Сайроб” маҳаллалари туризм йўналишига ихтисослаштирилди.
Мазкур маҳаллаларда туризм соҳасини ривожлантириш ва сайёҳларга қулай шароит яратиш мақсадида:
- 5 та меҳмонхона ва 22 та меҳмон уйлари;
- 10 та ўтов (қора уй);
- 4 та ҳунарманд маркази ва 1 та туризм хизмат маркази;
- 1 та спорт туризми ва сайр хизмати мажмуаси;
- 11 та овқатланиш шохобчаси ва 8 та транспорт, техник-сервис хизматлари ташкил этилди.
Хусусан, Бойсун тумани “Инкобод” маҳалласи Омонхона қишлоғида бугунги кунда 1 та соғломлаштириш маркази, 2 та меҳмонхона, 1 та хостел ва 20 дан ортиқ оилавий меҳмон уйлари фаолият юритмоқда.
Вилоятдаги туризм объектларининг инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида жами 37,2 млрд.сўм маблағ ўзлаштирилди.
Шундан,
- маданий мерос объектлари ва уларнинг ҳудудларини ривожлантиришга ҳамда туризм ва ёндош инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар учун 14,4 млрд.сўм;
- йўл инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 23,1 млрд.сўм маблағ ажратилган.
Шундан, Денов тумани марказида жойлашган Саид Оталиқ мадрасасини тиклаш-таъмирлаш учун 19,0 млрд.сўм маблағ ажратилди.
Бундан ташқари,
- Термиз туманидаги “Қоратепа” ва “Файёзтепа” ёдгорликлари;
- Шўрчи тумани “Далварзинтепа” ёдгорлиги;
- Бойсун туманидаги “Омонхона булоғи” ва “Хўжақўчқор ота” зиёратгоҳи;
- Олтинсой туманидаги “Сўфи Оллоёр” ва “Хўжаипок ота” зиёратгоҳларига олиб борувчи жами 25 км йўллар таъмирланди.
Сурхондарё вилоятига 2022 йил якунига кўра 1,1 млн нафар, шундан, қўшни Тожикистон Республикасидан 2022 йил давомида 256 минг нафар, бошқа хорижий давлатлардан (85 та давлатдан) 150 минг нафар ва 694 минг нафар маҳаллий сайёҳлар ташриф буюрган.
Бу эса ўтган вақт мобайнида вилоятга ташриф буюрувчи сайёҳлар сони 13 баробарга ортганлигини кўрсатади.
Ўтган йилларда ташриф буюрган туристлар ўртача 80-90 доллар атрофида сарфлаб, бор йўғи бир кун қолган бўлса, 2022 йил якунида эса ташриф буюраётган сайёҳлар ўртача 250-300 долларгача бўлган маблағ сарфлаб, 3 кунгача тунаб қолишган.
Вилоятга ташриф буюрган туристлар томонидан 2018 йилда 1,7 млн. доллар сарфланган бўлса, 2022 йилда эса ушбу кўрсаткич қарийиб 7 баробарга ортиб 12 млн. долларни ташкил этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 26 апрелдаги “Республиканинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 135-сонли қарорга мувофиқ аҳолининг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида, туман ёки шаҳар марказларида пикник зоналар ташкил қилиш вазифаси белгиланган.
Мазкур қарор доирасида Денов, Сариосиё, Узун ва Олтинсой туманларида пикник зоналар ташкил этилди.
2030 йилгача вазифалар
2030 йилгача бўлган даврда вилоятда туристлар ташриф буюрадиган янги ва йирик объектлар сонини камида 140 тага ошириш режалаштирилган.
Шунингдек, Термиз шаҳри, Бойсун, Сариосиё, Денов, Шеробод ва Олтинсой туманларида меҳмонхоналар сони 85 тадан 150 тага етказилади.
Меҳмонхоналардаги ўринлар сони 6450 тага етказилади.
Бундан ташқари вилоятнинг тоғли ҳудудларида 25 та хостеллар ва 200 дан ортиқ оилавий меҳмон уйлари ташкил этилиши ва улардаги ўринлар сони 2500 тага етказиш режалаштирилган.
Шу билан бирга вилоятнинг Термиз, Бойсун, Шеробод, Сариосиё ва Олтинсой туманларида дам олиш ва соғломлаштириш марказлари қурилади.
Шеробод туманидаги Хўжаикон туз ғори атрофида тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда 2 та соғломлаштириш маркази ташкил этилади.
Бундан ташқари, туристлар доимий ташриф буюрадиган Олтинсой туманидаги Хўжаипок булоғида 1 та, Бойсун туманидаги Омонхона булоғи 1 та, Сариосиё туманидаги Сангардак шаршараси ва Термиз туманидаги Учқизил кўли атрофларида 1 тадан, жами 6 та аҳоли учун замонавий ва арзон соғломлаштириш ва дам олиш марказлари қурилади.
Бунинг натижасида вилоятда табиий соғломлаштириш марказлари сони 10 тага етказилади.
Бунда биргина Бойсун туманининг ўзида ташаббускор тадбиркорлар томонидан қарийб 100 млрд.сўм эвазига 2 та йирик туризм комплекси қурилиши режалаштирилган.
Ушбу комплексда меҳмонхоналар, ресторанлар, соғломлаштириш марказлари ва бошқа хизмат кўрсатиш марказлари қурилади.
Келгуси йилларда Сурхондарё тарихида муҳим рол ўйнаган 10 та жумладан, Хумхона, Таллитоғара, Қоратепа, Зурмола, Узундара, Поёнқўрғон, Далварзинтепа, Робот, Бургутқалъа, Ҳайитобод тепа каби маданий мерос объектларида археологик қазишма ишларини олиб боришлари учун давлат томонидан 50 млрд.сўм маблағ ажратилади.
Бундан ташқари, вилоятдаги табиий офатлар натижасида катта зиён етаётган Қирққиз, Зурмола, Фаёзтепа, Қоратепа каби буддизм объектларининг устини ёпиш бўйича амалий ишлар олиб борилади.
Шу билан бирга, ҳар йили 5 тадан Сурхондарё вилоятининг маданий мерос объектларида археологик қазишма ишлари олиб борилади.
Бундан ташқари вилоятдаги туристлар доимий ташриф буюрадиган 30 та туристик объектларга олиб борувчи 42 км йўллар ҳолати яхшиланади.
Вилоятдаги Маданий мерос объектларини сақлаш, уларни реставрация қилиш ва уларга олиб борувчи йўллар ҳолатини яхшилаш мақсадида 50 млрд.сўм миқдоридаги маблағлар ажратилади.
Термиз шаҳрида қарийб 30 млрд.сўмга вилоятнинг буюк тарихий шаҳарларини ўзида умумлаштирган “Этно шаҳарча” бунёд этилади.
Ушбу шаҳарчада вилоятнинг тарихи, дини, маданияти ва этнографияси намойиш этилади, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун шоу концерт томошалари ташкил этилади.
Бундан ташқари, вилоятда 2030 йилда 8 та янги масжидлар қурилиб, аҳолига диний амалларини бажаришлари учун фойдаланишга топширилади.
Вилоятга келувчи туристлар сонини кўпайтириш мақсадида, авиа ва темир йўл қатновлари сони орттирилади.
Бунинг натижасида 2030 йилга келиб вилоятга ташриф буюрувчи хорижий туристлар сони камида 900 минг нафарга, маҳаллий сайёҳлар сони 5 млн нафарга етказилади.
Хорижлик сайёҳларга хизмат кўрсатиш ҳажмлари оширилади ва бир кунлик харажатлари ҳозирги 80 доллардан - 150 долларгача ёки 1,8 баробарга ортади.
Вилоятнинг хорижлик сайёҳларга хизмат кўрсатиш орқали йиллик даромади 70 млн.долларга етказилади.
Бундан ташқари, вилоятда ўтказилаётган “Бойсун баҳори” халқаро фолклор фестивали ўтказиладиган кунлар 2 кундан - 7 кунгача узайтириш, “Ал-Ҳаким ат-Термизий” хотирасига бағишланган кураш мусобақасида иштирок этувчи давлатлар сонини кўпайтириш, хорижлик иштирокчилар билан бирга кураш спорт турига қизиқувчи муҳлисларни ҳам кенг жалб этиш мўлжалланган.
Сурхон воҳасида халқаро даражадаги рассом Рўзи Чориев номидаги халқаро рассомлар кўрик танлови ташкил этилади ва Рўзи Чориевнинг 100 йиллик юбилейи кенг нишонланади.
Ушбу тадбирларни ташкил этиш ва тадбиркорларга яратилаётган имкониятлар натижасида Сурхондарё вилоятига ташриф буюрувчи сайёҳларнинг қолиш кунлари ҳозирги 3 кундан 5 кунгача узайиши кутилмоқда.
Мухтасар айтганда, Сурхондарё вилоятининг шонли ўтмиши, бугунги замонавий қиёфаси, қолаверса, яратилаётган қулай инфратузилмалар воҳанинг жозибадор туристик салоҳиятини янада оширишга имкон бермоқда.
Изоҳ қолдириш