Тадбиркорларга чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларида кредитлар ажратилади ва чарм маҳсулотлари савдосига ихтисослаштирилган “Multibrand” дўконлари ташкил этилади

Тадбиркорларга чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларида кредитлар ажратилади ва чарм маҳсулотлари савдосига ихтисослаштирилган “Multibrand” дўконлари ташкил этилади

“Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–4982-сон, 08.02.2021 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан 2021-2022 йилларда чармдан тайёр маҳсулотлар, чарм-атторлик, шунингдек, мўйна ва жундан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш учун умумий қиймати 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит линиялари устав фондида (капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган тижорат банкларида очилади.

Кредит линиялари тегишли тижорат банкларига 3 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда 7 йил муддатгача, йиллик 4 фоиз ставкаси шартларида очилади.

Кредитлар тадбиркорларга замонавий янги ускуна ва технологияларни харид қилиш учун 2 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда 7 йил муддатгача, йиллик 6 фоиз ставкасида ажратилади.

Қарор билан 2023 йил 1 январгача Ўзбекистонга олиб киришда божхона божининг ноль ставкаси қўлланиладиган хомашё, материаллар ва фурнитуралар рўйхати (71 та) тасдиқланди.

Шунингдек, “Ойбек-автойўл” (Тошкент вилояти) ва “Сариосиё-автойўл” (Сурхондарё вилояти) чегара ўтказиш пунктларидан қўшни давлат чегарасигача бўлган жойларда эксперимент тариқасида маҳаллий тайёр маҳсулотлар савдосига ихтисослаштирилган савдо нуқталари ташкил этилади.

Бундан ташқари, республика ҳудудларида ва хорижда чарм маҳсулотлари савдосига ихтисослаштирилган “Multibrand” дўконлари ташкил этилиб, унинг электрон савдо платформаси яратилади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда тадбиркорларнинг 540 та лойиҳасига 16,5 трлн сўм кредитлар ажратилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар