Тошкент шаҳри ва вилоятида пропискаси бўлмаганлар учун уй олишга рухсат берилганидан сўнг қанча фуқаролар уй сотиб олди?

Тошкент шаҳри ва вилоятида пропискаси бўлмаганлар учун уй олишга рухсат берилганидан сўнг қанча фуқаролар уй сотиб олди?

1 апрелдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида пропискаси бўлмаган фуқаролар ҳам кўчмас мулк сотиб олиш имкониятига эга бўлган эди.

Адлия вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, бу имкониятдан ўтган 70 кунда фойдаланган фуқаролар Тошкент шаҳридан 12799 та, Тошкент вилоятидан эса 2052 та уй-жой олди-сотди битимларини нотариал идораларда расмийлаштиришди.

Қайд этилишича, нотариал идоралар томонидан ушбу даврда бу ҳудудларда жами расмийлаштирилган уй-жой олди-сотди битимларининг деярли 70 фоизини айнан, пропискаси бошқа ҳудудларда бўлган фуқаролар иштирокидаги битимларга тўғри келади.

20 йилдан ортиқ амалда бўлган, Тошкентдан уй сотиб олишдаги тўсиқларнинг олиб ташланиши фуқароларнинг уй-жойга эга бўлишида юзага келган турли муаммоларини ҳам барҳам топишига хизмат қилди. Кўплаб фуқаролар уйни Тошкентда пропискаси бўлган таниши номига расмийлаштириб, кейин «ўз уйида ижарачи» бўлиб яшашга мажбур бўлганлиги ҳам сир эмас. Фармон қабул қилиниши билан яратилган имкониятдан биринчи навбатда шундай фуқаролар фойдаланиб, уйларини ўз номига расмийлаштиришди, дейилади хабарда.

Прописка тизимини ислоҳ қилиш бўйича Президент Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаати вақтида топшириқ берган эди. Давлат раҳбари пропискани кишанга тенглаштириб, ушбу муаммо 30 йилдан буён ҳал этилмаётганини таъкидлаган эди.

Аввал шундай тартиб жорий этилган эдики, унга кўра, Тошкентда ҳар қандай қийматдаги янги ва қурилганига 3 йилдан ошмаган уйлардан турар жой сотиб олиб, нотариал шартноманинг 5 фоизи, бироқ ЭКИҲнинг 10 бараваридан кам бўлмаган миқдорда давлат божини тўлагандан кейингина доимий прописка олиш мумкин эди. 20 май куни давлат божи тўғрисидаги қонундан ушбу ставка чиқарилди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар