Тошкентда Ўзбекистон-Туркия технопарки қурилади

Тошкентда Ўзбекистон-Туркия технопарки қурилади

Туркиянинг энг йирик нашрларидан бири – «Сабоҳ» газетаси инновациялар соҳасида Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлигининг янги босқичи ҳақида мақола эълон қилди. «Ўзбекистонга технопарк инвестицияси» мақоласида турли соҳаларни қамраб олган йирик технологик лойиҳа – Олмазор технопаркини молиялаштириш ҳақида сўз боради.

«Туркиянинг Ўзбекистон ҳукумати ташаббуси билан бошлаган технопарк лойиҳаси бўйича амалий қадамлар қўйилди. Бу борадаги илк қадам – Тошкентдаги Олмазор технопарки бўлади» деб бошланади мақола.

Туркия кейинги йилларда турли соҳаларда бошлаган миллий технология жараёнларини экспорт қилиш даражасига эришди ва ўзи эришган илмий ютуқларни туркий тилли мамлакатлар билан ўртоқлашмоқда. Турк Кенгаши ва туркий тилли давлатларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари самарасини бера бошлагач, қўшма ишлаб чиқариш, илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, айниқса пандемия шароитида аниқлик касб эта бошлади.

Тошкент шаҳридаги Олмазор туманида барпо этиладиган технопарк шундай фаолиятларнинг биринчисидир. Ҳозирда ўтган йили меморандум имзоланиши билан илк қадам қўйилган қўшма технопарк лойиҳасининг тафсилотлари аниқ бўлди. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг таклифи билан барпо этиладиган технопаркда Туркиянинг юқори технологиялар соҳасида дунё бўйлаб фаолият юритадиган давлат ва хусусий корхоналари фаолият юритади. Ер ажратиш билан бир қаторда, Ўзбекистон ушбу лойиҳанинг инфратузилмасини ўз зиммасига олади, шунингдек, мамлакатнинг илмий тадқиқот фаолияти билан шуғулланадиган компаниялари ҳам жалб қилинади. Лойиҳанинг Туркия томонидан иштирокчиси эса Истанбул технопарки бўлади.

Турк дунёси бирдамлик уюшмаси вице-президенти, инвестицияларнинг «меъморлари»дан бири Мустафо Жанкат Aйтек томонларнинг ҳар бири 50 фоиз улушга эга бўлишини таъкидлади. Aйтек минтақадаги бошқа давлатлар билан ҳамкорлик қилиш устида ҳам иш олиб борилаётганини маълум қилди.

Мустафо Жанкат Aйтек Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари Ойбек Норинбоев бошчилигидаги делегация 2019 йилда Истантул технопаркига ташриф қилишганини таъкидлаб, қуйидаги маълумотларни берди:

«Зиёрат асносида Ўзбекистон делегацияси ва Истанбул Технопарки Бош директори Билол Тўпчи орасида ҳамкорлик, шу жумладан мамлакатда қўшма технопарк ташкил этиш масалаларини ўз ичига олган меморандум имзоланган».

Мустафо Жанкат Aйтек, технопаркда тиббий вакциналар ва дори-дармон, учувчисиз қурилмалар ишлаб чиқариш, коммуникация соҳасида янги технологиялар яратиш, қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат соҳасидаги тадқиқотларни амалга ошириш учун кенг кўламли инвестициялар киритилишини айтди.

Айтек: «Бу лойиҳаларнинг энг устун тарафи - дунё бўйлаб ёйилган туркий тилли давлатлар олимларининг билим қудрати ўз юртига қайтади. Ушбу масалада авваллари ўз иқтидорларини намоён қилолмаган туркий тилли олимлар инвестицияларнинг кириб келаётгани учун ўз соҳаларида ишлаш ниятида эканини айтмоқдалар», деди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар