Туризм соҳаси бўйича кадрларни россиялик мутахассислар тайёрлайди

Туризм соҳаси бўйича кадрларни россиялик мутахассислар тайёрлайди

Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш институти Россия Федерациясининг Сочи давлат университети ФДБОТМ (Федерал давлат бюджет олий таълим муассасаси) билан Ҳамкорлик меморандумини имзолади.

Меморандум икки илмий-таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, туризм ва меҳмондўстлик соҳасида қўшма тадқиқотлар ўтказиш ҳамда академик нашрлар алмашуви, илмий-таълим анжуманлари, педагоглар ва талабалар алмашинуви, академик нашрлар билан ишлашда ёрдамлашиш, жумладан, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаси учун профессионал таълим ўқув-услубий дастурларини ишлаб чиқишга туртки беради.

Ҳозирги кунда Россиянинг илғор таълим дастурлари ва методикаларини интеграциялаштириш билан боғлиқ семинар ва конференциялар иштирокчиларини аниқлаш, 2021 йил охиригача билим ва тажриба алмашиш билан боғлиқ турли тадбирларни босқичма-босқич амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга доир фаол ишлар олиб борилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, ҳужжат туризм ва сервис бўйича профессионал таълим коллеж/техникумлари ўқитувчи ва мутахассислари, шунингдек, Ўзбекистон сайёҳлик саноати бизнеси вакиллари учун Россия Федерациясининг шу соҳадаги етакчи олим ва экспертлари иштирокида қўшма онлайн семинар ва тренинглар ўтказилишини кўзда тутади, деб хабар беради Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.

Маълумот учун: Сочи давлат университети (СДУ) туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлаш бўйича Россия Федерациясининг таянч университети ҳисобланади. СДУ 30 йиллик фаолияти мобайнида асосий ўқув дастурларида 36 000 нафардан ортиқ юқори малакали мутахассисларни тайёрлаган ва уларнинг аксарияти туризм, дам олиш каби қатор соҳаларида етакчи ўринларни эгаллайди. Университетда 5та факультет (туризм ва хизмат кўрсатиш, иқтисодиёт ва бошқарув жараёнлари, атроф-муҳит муҳандислиги, ижтимоий-педагогик, юридик) ҳамда иқтисодий ва технологик коллежлари мавжуд.

2018 йилдан бошлаб Франциянинг «VATEL» меҳмондўстлик институти (меҳмонхоналар ва ресторан бизнеси бўйича дунёда етакчи, «Меҳмонхоналар бизнесининг энг яхши мактаби» жаҳон меҳмондўстлик мукофоти совриндори) билан биргаликда икки томонлама диплом дастури амалга оширилиб келяпти.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар