Тошкент ва Тирана сиёсий мулоқотдан амалий иқтисодий кун тартибига ўтиш ниятида. Бу жараёнда Албаниянинг Дуррес порти Ўзбекистон маҳсулотларини Жанубий Европа ва Ўртаер денгизи бозорларига олиб чиқиш йўналиши сифатида алоҳида аҳамият касб этиши мумкин.
Албания Президенти Байрам Бегайнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи икки томонлама муносабатлар кун тартибидаги муҳим воқеага айланди. 16 июнь куни “Кўксарой” қароргоҳида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан расмий делегациялар иштирокида музокаралар бўлиб ўтди. Ташриф V Тошкент халқаро инвестиция форуми кунларида ўтаётгани учрашувга нафақат сиёсий, балки яққол иқтисодий мазмун ҳам бағишламоқда.
Ўзбекистон ва Албания муносабатлари учун бу шундай даражадаги биринчи саммитдир. Музокаралар аввалида Шавкат Мирзиёев ушбу учрашув тарихий аҳамиятга эга эканини ва у икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишини таъкидлади. Томонлар сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, ҳуқуқий базани кенгайтириш ва амалий ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини тасдиқладилар.
Музокараларда асосий эътибор иқтисодиётга қаратилди. Устувор йўналишлар сифатида савдо, агросаноат сектори, яшил энергетика, геология, ахборот технологиялари, рақамлаштириш ва туризм белгиланди. Шунингдек, Албаниянинг Дуррес портини ўзбек маҳсулотларини Жанубий Европа ва Ўртаер денгизи бозорларига олиб чиқиш учун логистика хаби сифатида ишлатиш имкониятини ўрганишга келишиб олинди.
Бу янги босқичдаги ҳамкорликнинг энг амалий натижаларидан бирига айланиши мумкин. Ташқи савдо йўналишларини изчил кенгайтириб, экспорт географиясини диверсификация қилаётган Ўзбекистон учун Адриатикага чиқиш қўшимча имкониятлар очади. Албания учун эса бу кун тартиби мамлакатнинг Балқан, Жанубий Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги боғловчи бўғин сифатидаги аҳамиятини кучайтиради.
Балқандаги ҳамкор сифатида Албания
Албания Европанинг жануби-шарқида, Адриатика ва Иония денгизлари соҳилида, Балқан ярим оролининг ғарбий қисмида жойлашган. Мамлакат стратегик географик ўринга эга бўлиб, Жанубий Европа ва Ўртаер денгизи билан боғловчи денгиз йўлларига чиқиш имкониятини беради.
Албания иқтисодиёти ўрта даромадли, ривожланаётган бозор иқтисодиётига мансуб. Ички бозори нисбатан кичик бўлишига қарамай, мамлакат барқарор ўсиш суръатларини сақлаб қолмоқда ва хизматлар соҳаси, туризм, транспорт, энергетика ҳамда саноат кооперациясининг ролини босқичма-босқич оширмоқда.
ХВЖ маълумотларига кўра, 2025 йилда Албания ялпи ички маҳсулоти 30,3 млрд долларни, аҳоли жон бошига ЯИМ эса 11,23 минг долларни ташкил этган. Иқтисодиёт таркибида хизматлар соҳаси устун бўлиб, у ЯИМнинг ярмидан кўпроғини ташкил қилади. Саноат ва қурилиш иқтисодиётнинг қарийб чорак қисмини, қишлоқ хўжалиги эса салмоқли улушни эгаллайди.
Сўнгги йилларда Албания ривожланишининг муҳим драйверларидан бири туризм бўлди. Сайёҳлар оқимининг ўсиши савдо, транспорт, меҳмонхона бизнеси, қурилиш ва хизматлар соҳасини қўллаб-қувватламоқда. Қуёш энергетикасини ривожлантириш, инфратузилмани модернизация қилиш ва IT соҳасини кенгайтириш ҳам қўшимча салоҳият манбаи ҳисобланади.
Савдо-иқтисодий муносабатлар
Ўзбекистон ва Албания ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар ҳозирча бошланғич босқичда турибди. 2025 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 350 минг долларни ташкил этди. Ўзбекистоннинг Албанияга экспорти 144,6 минг долларга, Албаниядан импорт эса 205 минг долларга етди.
Бу ҳажмлар ҳозирча икки мамлакат салоҳиятини тўлиқ акс эттирмайди. 2021–2025 йилларда Ўзбекистон Албанияга мис сим, янги узилган мевалар ва хизматлар, жумладан автотранспорт хизматларини етказиб берди. Албаниядан импорт таркибига электр ва механик ускуналар, дизел генераторлар, ўлчаш ва назорат ускуналари учун бутловчи қисмлар, хизматлар ҳамда енгил саноат маҳсулотлари кирди.
Бу ҳолат ҳар икки томон учун ҳамкорлик амалда паст базадан бошланаётганини англатади. Шунинг учун ҳам ҳукуматлараро комиссия тузиш ва унинг биринчи йиғилишини Тошкентда ўтказиш муҳим институционал қадам бўлиши мумкин. Бундай формат савдо, инвестиция, логистика ва тармоқлараро кооперация каби йўналишларда алоҳида алоқалардан тизимли ҳамкорликка ўтиш имконини беради.
Амалий қизиқиш нимага боғлиқ
Ўзбекистон учун Албания, аввало, Балқандаги географик жиҳатдан муҳим иқтисодиёт сифатида қизиқ. Албания орқали Жанубий Европа бозорларига қўшимча чиқиш йўлини ишлаб чиқиш мумкин. Айниқса, Дуррес порти бу нуқтаи назардан алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, у ўзбек маҳсулотларини Адриатика ва Ўртаер денгизи йўналишида илгари суриш учун эҳтимолий логистика тугуни сифатида қаралиши мумкин.
Савдо соҳасида мева-сабзавот маҳсулотлари ва уларни қайта ишлаш маҳсулотлари, ўғитлар, тўқимачилик маҳсулотлари, пойабзал, керамика буюмлари, металлургия маҳсулотлари, электротехника ускуналари ва айрим турдаги саноат маҳсулотларини етказиб бериш истиқболли йўналишлардан бўлиши мумкин.
Инвестиция соҳасида қишлоқ хўжалиги, аграр қайта ишлаш, қурилиш, энергетика ва туризмда кооперация имкониятлари мавжуд. 2020–2024 йилларда Ўзбекистон Албаниянинг 12,7 млн доллар миқдоридаги инвестиция ва кредитларини жалб қилди. Улар, хусусан, ўсимликшунослик, чорвачилик ва қурилишга йўналтирилган. Бу ҳажмлар ҳозирча катта эмас, аммо улар ҳамкорликни кенгайтириш учун муайян асос яратади.
Алоҳида йўналишлардан бири саноат кооперациясидир. Албания тоғ-кон саноати, металлургия, гидроэнергетика, енгил саноат ва фармацевтика соҳаларида тажрибага эга. Бу Ўзбекистон учун технология алмашинуви, қўшма ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш ва янги бозорларга чиқиш нуқтаи назаридан қизиқиш уйғотиши мумкин.
Энергетика соҳасида Албаниянинг гидроэлектростанцияларни эксплуатация қилиш ва кичик ГЭСларни ривожлантириш тажрибаси амалий аҳамиятга эга. Енгил саноатда томонлар контракт асосида ишлаб чиқариш модели ва Европа Иттифоқи бозорига биргаликда чиқиш имкониятларини кўриб чиқишлари мумкин. Агропереработка соҳасида эса зайтун ва эфир мойлари ишлаб чиқариш, доривор ва хушбўй ўтларни қайта ишлаш ҳамда фитомаҳсулотлар тайёрлаш бўйича лойиҳалар истиқболли кўринади.
Янги босқичнинг истиқболлари
Биринчи ўзбек-албан саммити икки мамлакат муносабатлари янада аниқ ва мазмунли босқичга ўтаётганини кўрсатмоқда. Шу пайтгача ҳамкорлик чекланган, савдо ҳажми эса кичик бўлиб келган. Энди эса томонлар сиёсий мулоқот, логистика, инвестиция, саноат кооперацияси ва гуманитар алоқаларни бирлаштирувчи янги кун тартибини шакллантирмоқда.
Энг муҳим натижа қисқа муддатда савдонинг кескин ўсиши эмас, балки барқарор ҳамкорлик механизмларини яратиш бўлиши мумкин. Ҳукуматлараро комиссия, Дуррес порти орқали йўналишни ишлаб чиқиш, ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқалар ва ҳуқуқий базани кенгайтириш муносабатларни босқичма-босқич амалий мазмун билан тўлдириши мумкин.
Ўзбекистон учун албан йўналиши ташқи алоқаларни диверсификация қилиш ва Европа бозорларига олиб борувчи янги йўналишларни излаш бўйича кенгроқ стратегиянинг бир қисми сифатида аҳамиятга эга. Албания учун эса Ўзбекистон билан ҳамкорлик Марказий Осиё билан иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва савдо, логистика, энергетика, туризм ҳамда саноат соҳаларида янги лойиҳаларни жалб этиш имконини очади.
Шу тариқа, Тошкент ва Тирана ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичини Балқан ва Марказий Осиёни аниқ иқтисодий манфаатлар орқали боғлашга қаратилган уриниш сифатида баҳолаш мумкин. Агар эришилган келишувлар амалий давом топса, Дуррес порти шунчаки харитадаги географик нуқта эмас, балки Ўзбекистоннинг Адриатикага чиқувчи янги савдо йўналишининг бир қисмига айланиши мумкин.
Афзал Артиков,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Изоҳ қолдириш