Қишлоқ хўжалиги жамғармасига жорий йил 2,3 млрд доллар ажратилади

Қишлоқ хўжалиги жамғармасига жорий йил 2,3 млрд доллар ажратилади

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, экинларни оқилона жойлаштириш ва илм билан етиштириш орқали бу йил ҳар бир гектардан олинадиган даромадни 5 минг долларга етказиш мақсади белгиланган.

– Экинлардан олинадиган даромадни кескин кўпайтириш ва сувдан оқилона фойдаланиш соҳадаги энг устувор вазифа бўлиши керак, – дея таъкидлади давлат раҳбари.

Бунинг учун экинларни ҳар бир туманнинг ўзига хослиги, маҳаллаларда тарихан шаклланган деҳқончилик кўникмалари, сув таъминотидан келиб чиқиб жойлаштириш зарурлиги қайд этилди. Мисол учун, Мирзаобод туманидаги айрим майдонларда пахта ҳосилдорлиги 12 центнерни ташкил қилмоқда. Лекин, у ердаги маҳаллаларнинг ихтисослашуви ўрганилганда, анор етиштириш имконияти ва қайта ишлаш корхонаси борлиги аниқланган.

Худди шунингдек, Фориш ва Элликқалъа туманларида винобоп узум навларини ўстириш мумкин. Булоқбоши туманида саримсоқпиёздан яхши даромад олиш, хонадонларга имтиёзли кредит бериш орқали йилига 1 минг тонна экспортбоп узум етиштириш имконияти бор.

– Жорий йил 1 мартдан бошлаб, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида боғ, ток ва иссиқхона учун аҳолига ажратиладиган кредитлар муддати 3 йилдан 7 йилгача, имтиёзли даври эса 1 йилдан 3 йилгача узайтирилади. Бу – одамларнинг истаги, ўзгаришлар учун имконият, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда қайд этилганидек, жорий йилда қишлоқ хўжалиги корхоналарини 702 минг тонна уруғ ва 105 миллион туп кўчат билан таъминлаш зарур.

Лекин, бу борада тизим йўлга қўйилмагани аҳолига ҳам, экспортчиларга ҳам қийинчилик туғдирмоқда. Навларнинг сифати, маҳсулотларнинг етилиш муддати ташқи бозорларда етакчи ўринларга чиқиш имконини бермаяпти.

Бунинг учун ҳар бир вилоятда камида 100 гектар майдонда ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларига мос интенсив кўчатчилик хўжаликлари ташкил этилади. Маҳаллий уруғчилик хўжаликларидан уруғ ва кўчат сотиб олинганда, бунга кетган маблағнинг 20 фоизигача қисми тўлаб берилади.

Шунингдек, муқобил энергияда ишлайдиган лимончилик иссиқхоналари қуриш харажатларининг ҳам бир қисмини қоплаб бериш тартиби жорий қилинади.

Йиғилишда пахта-тўқимачилик кластерлари самарадорлигини ошириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

– Кластер – изланиш, инновация, дегани. Агар кластерлар эртанги кунни тасаввур қилиб ишласа, қўшимча қийматли маҳсулотларни бозорга олиб чиқиб, рақобатбардош бўлиши мумкин. Дунё тажрибасини ўрганиб, маҳсулотни кўпайтириб, таннархни камайтириш керак, – деди Президент.

Давлатимиз раҳбари ҳар доим вазифа қўяр экан, аввало, унинг маблағини ҳал этиб беради. Аграр тармоқни барқарор молиявий ресурслар билан таъминлаш учун бу йил Қишлоқ хўжалиги жамғармасига 24 триллион сўм маблағ йўналтирилмоқда. Бунда, биринчи марта, сабзавот етиштиришга Марказий банкнинг асосий ставкасида кредитлар бериш учун 300 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратиш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, бошоқли дон ва пахта етиштириш, пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперацияларига 19 ойгача кредитлар бериш учун ҳам қўшимча маблағлар талаб этилади.

Шу мақсадда, бугун Қишлоқ хўжалиги жамғармаси фаолияти ҳамда ишлаб чиқарувчиларни давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида Президент қарори қабул қилинди. Йиғилишда ушбу қарор мазмун-моҳияти, ижроси ҳақида сўз борди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар