Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) Ўзбекистоннинг Тожикистон билан 9 йил давомидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик кўрсаткичлари бўйича инфографика тайёрлади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик изчил равишда кенгайиб бормоқда. Ҳамкорлик нафақат савдони, балки саноатнинг турли тармоқларидаги кооперацион алоқаларни, хусусан, энергетика ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаларини ҳам қамраб олмоқда.
Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида турли соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида мустаҳкам ҳуқуқий база шакллантирилган. Жумладан, 2018 йилда стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома, 2024 йилда эса иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзоланган.
Тожикистон Ўзбекистоннинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири ҳисобланади. У импорт қилувчи давлатлар орасида 9-ўринни эгаллайди ва Ўзбекистон экспортининг 2 фоизи Тожикистон ҳиссасига тўғри келади.
Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ўзаро савдо эркин савдо режимида амалга оширилади. Икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард долларга яқинлашмоқда.
Ўзаро савдо кўрсаткичлари
2017–2025 йиллар давомида Ўзбекистоннинг Тожикистон билан товар айирбошлаш ҳажми 3,8 баробарга, яъни 237,9 млн доллардан 912,4 млн долларгача ошди.
Экспорт ҳажми 3,7 баробарга ўсиб, 186,1 млн доллардан 683,1 млн долларгача етди.
Импорт эса 4,4 баробарга ошиб, 51,8 млн доллардан 229,3 млн долларгача кўпайди.
Ўзаро савдода Ўзбекистон учун ижобий савдо сальдоси ҳам 3,4 баробарга ўсиб, 134,3 млн доллардан 453,8 млн долларгача етди.
2025 йилда 2024 йилга нисбатан товар айирбошлаш ҳажми 29,9 фоизга, экспорт 24,1 фоизга, импорт эса 13,8 фоизга ошди.
2025 йилда Тожикистонга экспорт таркиби қуйидаги товар позицияларидан иборат бўлиб, жами 683,1 млн.доллар, жумладан: саноат маҳсулотлари (турли трикотаж буюмлари, кигиз ва фетрдан тайёрланган маҳсулотлар, пластмасса буюмлари, металл прокати ва бошқалар) –222,7 млн.доллар (32,6%), машина ва транспорт ускуналари (электротехника ва бошқа товарлар) – 58,7 млн.доллар (8,6%), нефть маҳсулотлари (бензин, дизел ёқилғиси, битум) – 53,1 млн.доллар (7,8%), кимё маҳсулотлари (полимерлар, сульфатлар, силикатлар, ўғитлар, бўёқлар) – 53,0 млн.доллар (7,8%), озиқ-овқат маҳсулотлари (чорва учун ем, тухум, қандолат маҳсулотлари, тайёр гўшт маҳсулотлари ва бошқалар) – 48,2 млн.доллар (7,1%), турли тайёр маҳсулотлар (қурилиш материаллари, тайёр кийим-кечак, ипак матолар) – 21,0 млн.доллар (3,1%), озиқ-овқат бўлмаган хом ашё – 8,1 млн.доллар (1,2%), бошқа товарлар (жисмоний шахслар товарлари) – 70,1 млн.доллар (10,3%), шунингдек, хизматлар (асосан темир йўл транспорти) – 147,4 млн.доллар (21,6%).
2025 йилда Тожикистондан импорт таркиби қуйидаги товар позицияларидан иборат бўлиб, жами 229,3 млн.доллар, жумладан: металл рудалари ва концентратлари (руҳ, мис ва қимматбаҳо металлар) – 108,9 млн.доллар (47,5%), тошкўмир – 22,3 млн.доллар (9,7%), алюминий – 25,4 млн.доллар (11%), электр энергияси – 17,9 млн.доллар (7,8%), пахта толаси – 17,6 млн.доллар (7,8%), мевалар – 7,4 млн.доллар (3,2%), қора металлар – 5,1 млн.доллар (2,2%), парранда гўшти – 2,4 млн.доллар (1,1%), пластмасса чиқиндилари – 1,8 млн.доллар (0,8%), олтингугурт, дала шпати ва бошқалар, шунингдек, хизматлар (асосан темир йўл транспорти) – 6,6 млн.доллар (2,9%).
Инвестициявий ҳамкорлик
2026 йил 1 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда Тожикистон инвестициялари иштирокида 420 та корхона фаолият юритмоқда (хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар умумий сонининг 2,2 фоизи). Улардан 110 таси қўшма корхона, 310 таси эса Тожикистон капитали 100 фоиз бўлган хорижий корхоналар ҳисобланади.
2025 йилда 2024 йилга нисбатан Тожикистондан жалб қилинган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар (ТХИ) ва кредитлар ҳажми 3 баробарга, яъни 64 млн.доллардан 196 млн.долларгача ошди. 2017–2025 йиллар давомида Тожикистондан жалб қилинган ТХИ ва кредитларнинг умумий ҳажми 373 млн.долларни ташкил этди.
Тожикистон капитали иштирокидаги корхоналарнинг асосий фаолият йўналишлари: савдо, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат саноати, транспорт ва бошқа хизмат турларини кўрсатиш ҳисобланади.
Шунингдек, Тожикистонда ҳам Ўзбекистон инвестициялари иштирокидаги корхоналар муваффақиятли фаолият юритмоқда. Масалан, мамлакатда энергетика соҳасида, хусусан Зарафшон дарёсида гидроэлектростанциялар қуриш бўйича йирик қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон хусусий капитали иштирокида 2019 йилда Тожикистонда “Artel Avesto Electronics” ҚК МЧЖ ташкил этилган бўлиб, у 10 дан ортиқ турдаги маиший техника маҳсулотларини ишлаб чиқаради.
Савдо ҳажмларини ошириш истиқболлари
Тожикистон билан умумий чегаранинг мавжудлиги ва ривожланган транспорт инфратузилмаси экспорт юкларини яқин масофага етказиб бериш имконини яратади. Бу эса транспорт харажатларини нисбатан камайтириб, экспорт ҳажмини ошириш учун қулай шароит яратади.
Шу муносабат билан, Тожикистон Ўзбекистоннинг тайёр маҳсулотлари экспортини кенгайтириш учун истиқболли бозор ҳисобланади. Хусусан, Тожикистонда ишлаб чиқарилмайдиган ва асосан импорт қилинадиган маҳсулотлар — автомобиллар, маиший техника, айниқса йирик ўлчамли техника (музлатгичлар, кир ювиш машиналари, кондиционерлар ва бошқалар), шунингдек айрим озиқ-овқат, тўқимачилик, кимё ва бошқа маҳсулотлар экспортини ошириш имконияти мавжуд.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш