Қишлоқ хўжалиги мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармоғи ҳисобланиб, 2024 йил якунларига кўра ялпи ички маҳсулотнинг 19 фоизи, инвестицияларнинг 7,5 фоизи, экспортдан олинган даромадларнинг 6 фоизи ва банд аҳолининг 22,7 фоизи мазкур тармоқ ҳиссасига тўғри келади.
2017-2024 йилларда Ўзбекистон иқтисодиётида қишлоқ хўжалиги тармоғининг босқичма-босқич камайиш (32 фоиздан 19 фоизгача) тенденцияси кузатилган бўлсада, маҳсулот ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсиш суръатларига эришилди. Сўнгги 8 йил давомида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 17 фоизга (ўртача йиллик ўсиш – 2,7 фоиз) ўсди ва 467 трлн сўмга етди. 2024 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажми 1,6 млрд АҚШ долларини ташкил этди.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 63 фоизи деҳқон ва томорқа хўжаликлари, 30 фоизи фермер хўжаликлари ва 7 фоизи қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан ишлаб чиқарилмоқда.
Қишлоқ хўжалигида замонавий инновацион технологияларни жорий этиш, маҳсулот етиштирувчилар томонидан қўшилган қиймат занжирини яратиш ва тайёр маҳсулотлар экспортни ошириш мақсадида мамлакатда кластер тизими жорий этилгани қисқа вақт ичида соҳада ижобий ўзгаришларга замин яратди. 2017 йилда Ўзбекистонда 2 та қишлоқ хўжалиги кластери ишлаган бўлса, 2024 йилга келиб уларнинг сони 355 тага етди. Бугунги кунда мамлакатда 134 та пахта-тўқимачилик, 200 та ғаллачилик, 249 та мева-сабзавотчилик, 42 та шоличилик, 8 та дориворчилик йўналишида кластерлар самарали фаолият юритмоқда.
Сўнгги 8 йил давомида соҳага 11,6 млрд АҚШ доллари миқдорида инвестициялар киритилди. Қишлоқ хўжалигида бир нафар ишчига тўғри келадиган қўшилган қиймат ҳажми (меҳнат унумдорлиги) 61,3 фоизга ошиб, 79,7 млн сўмга етди.
2017-2024 йилларда донли экинлар (1 гектардан олинадиган ҳосил 43 центнердан 50 центнерга), пахта хом ашёси (23 ц. - 34 ц.), узум (124 ц. -132 ц.), картошка (330 ц. – 349 ц.), полиз экинлари (345 ц. – 359 й.) бўйича ҳосилдорлик кўрсаткичларининг ўсишига эришилди.

2017-2024 йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари турларини ишлаб чиқариш кўрсаткичларида ҳам ижобий ўсиш суръатлари қайд этилди. 2024 йилда деҳқончилик маҳсулотларидан 8,9 млн тонна дон экинлари (2017 йилга нисбатан ўсиш – 22%), 12 млн тонна сабзавотлар (18%), 3,7 млн тонна картошка (32%), 3,3 млн тонна мева ва резаворлар (27%), 1,8 млн тонна узум (12,5%), 2,7 млн тонна полиз экинлари (35%) ва 3,0 млн тонна пахта хом ашёси (3,5%) етиштирилган.
Чорвачилик маҳсулотларидан 2,9 млн тонна гўшт (2017 йилга ўсиш – 26%), 12,4 млн тонна сут (24%), 8,8 млрд дона тухум (40%), 16,6 минг тонна асал (42%) етиштирилган. Шу билан бирга, 2024 йилда йирик шохли қорамоллар сони 14,4 млн.бош (2017 йилга нисбатан ўсиш – 15,2%), сигирлар – 5,1 млн бош (19%), қўй ва эчкилар – 24,6 млн ош (19,4%), паррандалар – 106,6 млн бошга (42,3%) етди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш