Коррупцияга қарши курашиш халқаро стандартларини қонунчиликка имплементация қилиш бўйича Йўл харитаси тасдиқланди

Коррупцияга қарши курашиш халқаро стандартларини қонунчиликка имплементация қилиш бўйича Йўл харитаси тасдиқланди

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши томонидан Коррупцияга қарши курашиш халқаро стандартларини қонунчиликка имплементация қилишни давом эттириш бўйича йўл харитаси тасдиқланди.

Йўл харита Президентнинг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан Агентлик, Бош прокуратура ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ишлаб чиқилди.

Йўл харитаси вазирлик, идоралар таклифлари ва БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси талаблари ҳамда Жаҳон банки, Осиё Тараққиёт Банки ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки тавсиялари, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Истанбул ҳаракатлар режаси доирасидаги 4-босқич мониторинги якуни бўйича Ўзбекистон Республикасига тақдим этилган тавсияномаларнинг бир неча банди, Венеция комиссиясининг 2001 йил 9-10 мартдаги “Сиёсий партияларни молиялаштириш бўйича кўрсатмалари”, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Сайловларни кузатиш бўйича миссиясининг Ўзбекистон Республикасида 2019 йил декабрда бўлиб ўтган парламент сайловлари юзасидан якуний ҳисоботида қайд этилган тавсиялари асосида шакллантирилди.

Йўл харитасида қуйидагилар назарда тутилмоқда:

  • “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш жараёнини тезлаштириш;
  • давлат фуқаролик хизматига очиқ мустақил танлов асосида ишга қабул қилиш ҳамда уларнинг касбга оид фазилатлари ва алоҳида хизматлари (меритократия тамойили) асосида хизмат поғоналарида кўтарилишининг шаффоф механизмларини жорий этиш;
  • амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда давлат харидларининг стратегик субъектларига берилган барча имтиёзларни бекор қилиш;
  • Танлов (тендер) шаклида ўтказиладиган давлат харидларида контрагентлар (шартнома тарафлари) ни текшириш тартибини ишлаб чиқиш.
  • Жиноят кодексига хорижий давлат мансабдор шахсларига ва халқаро давлат ташкилотларининг мансабдор шахсларига пора берганлик учун жиноий жавобгарликни белгилаш масаласини имплементация қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
  • Жиноят кодексига мансабдор шахс томонидан ноқонуний тарзда бойлик орттирганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш масаласини имплементация қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
  • Коррупция билан боғлиқ жиноятлар ҳақида хабар берган шахсларни ҳимоя қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш;
  • Коррупция ҳолатлари тўғрисида аноним хабар йўллаш ва уларни кўриб чиқиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш;
  • Халқаро ташкилотлар томонидан ажратилган қарзлар ва молиявий ёрдамлар сарфининг ошкоралигини таъминлаш учун очиқ маълумотлар базасини шакллантириш;
  • Коррупция хавфи юқори бўлган давлат органлари ва соҳаларида коррупция хавф-хатарларини баҳолаш бўйича намунавий услубиёт ишлаб чиқиш ва қабул қилиш.

Мазкур Йўл харитасида белгиланган тадбирларнинг амалга оширилиши мамлакатимизда коррупциянинг турли кўринишларига барҳам берилишига, соҳага оид ҳуқуқий асосларнинг такомиллаштирилишига хизмат қилади. Шунингдек, мамлакатимизнинг коррупцияга оид ва бошқа халқаро рейтинглардаги ўрни яхшиланишига олиб келади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар