Давлат активларини бошқариш агентлиги Бўстонлиқдаги оммавий савдоларга чиқарилган давлатнинг 3 та йирик активига пресс-тур уюштирди (+фото)

Давлат активларини бошқариш агентлиги Бўстонлиқдаги оммавий савдоларга чиқарилган давлатнинг 3 та йирик активига пресс-тур уюштирди (+фото)

Давлат активларини бошқариш агентлиги 2021 йил 16 апрель куни маҳаллий ва хорижий ОАВлари, журналистлар ва блогерлар учун Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманидан оммавий савдоларга чиқарилган давлатнинг 3 та йирик активига пресс-тур ташкил қилди.

Пресс-тур асосий моҳияти мамлакатимизда кенг кўламда олиб борилаётган хусусийлаштириш жараёнлари, объектларни очиқ ва шаффоф сотиш тизимлари билан журналистларни яқиндан таништиришдир.

Маълумки, Тошкент вилояти мамлакатимиз саноат ва туризм салоҳиятига бой, инвестицион жозибадорликка эга ҳудуддир.

Ташрифнинг биринчи объекти – Денгиз сатҳидан 1700 метр баландликда, Тян-Шан тизмасининг этагида, Бўстонлиқ минтақасининг Белдирсой трактида жойлашган “Белдирсой” оромгоҳи чанғи мажмуаси.

Мажмуанинг умумий ер майдони 46,1 гектарни, бино ва иншоотларнинг умумий майдони 9 628,0 квадрат метрни ташкил этади. “Белдирсой” мажмуаси бир вақтнинг ўзида 200 дан ортиқ одамни қабул қилиши мумкин. Мажмуа ҳудудида 19 та коттеж, 38 хонали меҳмонхона, 80 ўринли иккита ресторан, 3 та бар, ёзги ва қишки бассейнлар, 2 та конференц-зал мавжуд.

Биринчи тиббий ёрдам шохобчаси, бадминтон корти, Паинт Балл, 2 та теннис корти. “Белдирсой” мажмуаси 4 та фаслда ҳам ишлайди.

“Белдирсой” мажмуасига яқин жойда таниқли “Кумбел” чанғи йўлаги мавжуд. Эслатиб ўтамиз, Британиянинг Обсервер нашри Белдирсой тоғ-чанғи курортини дунёдаги экстремал чанғи ва ҳели-чанғи учун энг яхши жойлар рўйхатига киритган. Кенг чанғи майдонларига эга бўлган йўл энг қийин йўллардан биридир.

Экскурсиянинг иккинчи объекти “Сижжак” дам олиш масканига ташриф бўлди. Тян-Шан марвариди, деб номланган Сижжак курорт зонаси денгиз сатҳидан 959 метр баландликда, Пскем дарёси водийсининг ўнг қирғоғида жойлашган. Ер участкасининг умумий майдони 5,4 га, бино ва иншоотларнинг майдони 5016,1 кв.м. Комплекс ҳудудида меҳмонхона, бир нечта сузиш ҳавзалари, амфитеатр, коттеж, сув минораси ва бошқа иншоотлар бор.

Пресс-тур иштирокчиларининг сўнгги нуқтаси Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани Қизил-Сув қишлоғида жойлашган “Қизил сув спорт-соғломлаштириш” мажмуаси бўлди. Ер участкасининг умумий майдони 5,9 гектар, бино ва иншоотларнинг майдони 2746,2 квадрат метрни ташкил этади. Мажмуа бир вақтнинг ўзида 110 меҳмонни қабул қила олади. Бу ерда 2 та ётоқхона, 8 та коттеж, овқат хонаси, конференц зали, билярд хонаси, мини-футбол майдони, иккита сузиш ҳавзаси, автотураргоҳлар ва биринчи ёрдам пункти мавжуд.

Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот хизмати таъкидлаганидек, “30 март куни ким ошди савдосида қатнашиш учун аризаларни қабул қилиш бошланганлиги эълон қилинди. Aгентлик аризаларни 2021 йил 30 апрелгача қабул қилади. Очиқ ким ошди савдо натижалари, барча танлов аризаларини ўрганиш асосида Давлат Тендер Комиссияси томонидан эълон қилинган. Сизни маҳаллий ва хорижий инвесторлар сифатида иштирок этишга таклиф қиламиз”.

Эслатиб ўтамиз, давлат мулки объектларини оммавий савдолар орқали хусусийлаштиришнинг фаол жараёни Президентнинг 2021 йил 11 февралдаги “Давлат активларини хусусийлаштиришни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 6167-сон Фармонга мувофиқ амалга оширилмоқда.

Давлат активларини бошқариш агентлиги оммавий савдоларда иштирок этиш учун аризаларни 2021 йил 30 апрелгача қабул қилади.

Қўшимча маълумот учун: бугунги кунда Давлат активларини бошқариш агентлиги Фармонга мувофиқ оммавий савдолар орқали хусусийлаштирилиши лозим бўлган қуйидаги 8 та давлат мулки объектларини сотувга қўйди. Улар орасида Тошкент шаҳридаги қуйидаги объектлар бор:

  • “Пойтахт” бизнес мажмуаси;
  • Собиқ “Газеталар ишлаб чиқариш мажмуаси” биноси;
  • “Маъмурий бино” (Собиқ Республика биржаси маркази);
  • “Малика” савдо-маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси;
  • Ичан-Қала меҳмонхона мажмуаси;

Тошкент вилоятидаги қуйидаги объектлар:

  • “Белдирсой” дам олиш маскани;
  • “Қизил сув спорти соғломлаштириш маскани” МЧЖ;
  • “Сижжак” дам олиш маскани.

2021 йилда Aгентликнинг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси 80 та активни сотишни режалаштирмоқда. Жорий йилнинг дастлабки 3 ойида “E-AUKSION” веб-сайти орқали 38 та актив сотилди, шу жумладан, инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни бажариш шарти билан 3,2 миллиард сўмлик 10 та актив ва “Бир сўм” сотиб олиш қиймати бўлган 28 та актив хусусийлаштирилди. Бу 380 та янги иш ўринларини яратишга имкон беради.

2020 йил давомида “E-IJRO AUKSION” электрон платформаси орқали 108 та актив хусусий секторга сотилди. Шундан инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни назарда тутадиган 20,9 миллиард сўмлик 22 та актив ва 3,4 миллиард сўмлик 86 та актив. Хусусийлаштириш натижасида 2020 йилда 1102 янги иш ўринлари яратилди.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар