Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) томонидан чораклик Макроиқтисодий шарҳ тайёрланди.
Макроиқтисодий шарҳ Марказнинг мунтазам нашри ҳисобланади. Унда Ўзбекистондаги макроиқтисодий вазиятнинг тезкор таҳлили тақдим этилиб, қисқа муддатли истиқболдаги ривожланиши бўйича баҳолашлар келтирилади.
Нашрда ялпи ички маҳсулот, саноат, инвестициялар, истеъмол харажатлари, инфляция, фоиз ставкалари, кредитлаш, ички ва ташқи савдо каби кўрсаткичлар таҳлил қилинган.
Шарҳ миллий иқтисодиёт ривожланишининг ҳолати ва асосий тенденцияларининг мониторинги, шу жумладан, қисқа муддатли иқтисодий истиқболларини шакллантирувчи пул-кредит ва фискал соҳалардаги давлат сиёсати масалаларини қамраб олади.
Шарҳнинг мақсади макроиқтисодий барқарорликни сақлаш ва миллий иқтисодиётнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашиш шартларини таъминлаш бўйича иқтисодий сиёсат соҳасидаги ривожланиш истиқболларини баҳолашдан иборат.
Ўзбекистон ЯИМ ўсиши 2024 йил январь-март ойларида 6,2%ни ташкил қилди. Инвестициялар 1,7 баробарга ўсиб, 8,6 млрд долларга етди ва ўсиш драйвери сифатида хизмат қилди. Дастлабки маълумотларга кўра, ЯИМга нисбатан ташқи савдо балансининг манфий сальдоси 15,7%ни ташкил қилди.
Марказ ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда 2024 йилда иқтисодий ўсиш 6,5% атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Бунда инвестициялар 38 млрд долларга етиб, ЯИМга нисбатан 37,5%ни ташкил қилиши кутилади.
Шарҳининг асосий хулосалари:
- Инвестициялар ўсишининг тезлашиши иқтисодий ўсишнинг асосий драйверларидан бири бўлди. Хусусан, жорий йилнинг I чорагида жами 107,1 трлн сўм (8,6 млрд долл) инвестициялар амалга оширилган бўлиб, реал ҳисобда 1,7 баробарга ўсди.
- соҳалар кесимида хизматлар ва саноат асосий драйверлар сифатида иқтисодий ўсишнинг мос равишда 3,5 фоиз банди (ф.б) ва 1,7 ф.бни ташкил қилди (қишлоқ хўжалиги – 0,4 ф.б, қурилиш – 0,4 ф.б ва соф солиқлар – 0,2 ф.б).
- солиқ тушумлари йиллик ҳисобда 6,5%га, божхона тушумлари 20,3%га, товарлар экспорти 5,8%га, тадбиркорлик учун кредитлар 0,2%га, биржа савдолари 50,1%га ўсди.
- пул массасининг йиллик ўртача ўсиши 18%ни ташкил қилиб, номинал ЯИМ ўсиши (20%) атрофида шаклланди. Йил бошига нисбатан кенг маънодаги пул массаси 0,5%га кўпайди.
- ташқи савдо айланмаси 15,8 млрд доллар - экспорт 6,4 млрд ва импорт 9,4 млрд долларни ташкил этди. 2023 йилнинг мос чорагига нисбатан ташқи савдо айланмаси 6,2%га, бунда экспорт 10%га ва импорт 4,0%га ўсди.
- асосий савдо ҳамкорлари кесимида Хитой ва Қозоғистонга экспорт кўпайган бўлса, Россия ва Туркияга экспортда пасайиш кузатилди. Шунингдек, Хитой ва Россиядан импорт кўпайган бўлса, Қозоғистон ва Туркиядан импорт камайди.
- мамлакат савдо шартларида ўсиш кузатилиб, ушбу кўрсаткич 2023 йилнинг I чорагига нисбатан 1,9%га, йил бошига нисбатан эса 4,2%га ўсган.
- сўмнинг реал самарали алмашув курси йил бошига нисбатан 1,2%га қадрсизланди.
2023 йилнинг январь-июнь ойлари учун Макроиқтисодий шарҳни юклаб олиш
2023 йилнинг январь-сентябрь ойлари учун Макроиқтисодий шарҳни юклаб олиш
2023 йилнинг январь-декабрь ойлари учун Макроиқтисодий шарҳни юклаб олиш
2024 йилнинг I чорак якуни бўйича Макроиқтисодий шарҳни юклаб олиш
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш