2025 йил охирига бориб “Бизнес юритиш” халқаро индексида Ўзбекистон даражасини 78,2 баллгача яхшилаш режалаштирилмоқда

2025 йил охирига бориб “Бизнес юритиш” халқаро индексида Ўзбекистон даражасини 78,2 баллгача яхшилаш режалаштирилмоқда

Умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларни қуришда уларнинг лойиҳа ҳужжатлари мажбурий экспертизадан ўтказилади. Бу ҳақда «Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021–2025 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Президент фармонида келтирилган.

Шунингдек, унда қуйидагилар назарда тутилган:

  • 2025 йил охирига бориб “Бизнес юритиш” халқаро индексида (Doing Business Index) “қурилишга рухсатномалар олиш” (Dealing with Construction Permits) йўналиши бўйича Ўзбекистоннинг позициясини жорий 61,7 баллдан 78,2 баллгача яхшилаш;
  • 2025 йилга бориб “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими доирасида қўшимча тўртта электрон платформа яратиш.

2021 йил 1 мартдан икки қаватдан юқори (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда), баландлиги ер юзидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш объектнинг лойиҳа ҳужжатлари мажбурий экспертизадан ўтказилган ҳамда Қурилиш вазирлиги қошидаги қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари томонидан давлат қурилиш назорати ўрнатилган ҳолда амалга оширилади.

Фармонга кўра, 2021 йил 1 сентябргача фуқароларга қурилаётган объектлар тўғрисида мустақил равишда ахборот олиш, ноқонуний қурилишларни аниқлаш, қурилиш объектларида аниқланган қоидабузарликларни қайд этиш (фото ва видеоматериаллар кўринишида) ва уларни қурилиш соҳасидаги назорат бўйича ваколатли органларга юбориш имконини берувчи “Огоҳ фуқаро” электрон тизими яратилади.

Maqolani ulashing

O'xshash yangiliklar