Жорий йилнинг 4 июнь куни Боку шаҳрида Ўзбекистон делегацияси “Ўзбекистон ва Озарбайжон: ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболи йўналишлари” мавзусидаги Ўзбекистон-Озарбайжон экспертлар кенгашининг иккинчи йиғилишида иштирок этди.
Тадбирнинг асосий муҳокама мавзуси сифатида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида агросаноат кооперацияси, “яшил” энергетика, рақамлаштириш, транспорт ҳамда таълим соҳаларидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва унинг ривожланиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Тадбирда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) директори Обид Хакимов маъруза қилди. Марказ директори ўз маърузасида 2024 йил сентябрь ойида Марказ томонидан Озарбайжонга амалга оширилган ташриф чоғида янги ҳамкорлик форматида эришилган ижобий тажрибани алоҳида қайд этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2024 йил сентябрь ойида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази делегацияси Озарбайжонга ташриф буюриб, ушбу мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни ўрганди.
Ушбу тажриба давлат сиёсатини шакллантириш жараёнига интеграциялашган амалий таҳлилий фаолиятнинг намунасига айланди. Ташриф доирасида давлат органлари, махсус иқтисодий зоналар, илмий-тадқиқот институтлари ва бизнес вакиллари билан 20 дан ортиқ учрашувлар ўтказилди.
Тадқиқот доирасида иқтисодиётнинг 18 та тармоғи бўйича таққосламали таҳлил амалга оширилди, жумладан, асосий кўрсаткичлар, давлат томонидан кўрсатиладиган қўллаб-қувватлаш чоралари, инвестициявий салоҳият, товарларнинг қиёсий афзалликлари ва асосий ислоҳотлар ўрганилди.
Ушбу таҳлил асосида энергетика, саноат кооперацияси, аграр рақамли тизимлари, логистика, туризм, рақамлаштириш ва институционал ислоҳотлар йўналишлари бўйича аниқ таклифлар тайёрланди.
Хусусан, 33 та таклиф Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2024 йил 11 декабрдаги қарори билан маъқулланган.
Бундан ташқари, “яшил” энергетика соҳасида қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун “Озарбайжон–Қозоғистон–Ўзбекистон” идоралараро ишчи гуруҳи ташкил этилди. Шу билан бирга, Озарбайжоннинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини суғурта қилиш борасидаги тажрибасидан келиб чиқиб, “Қишлоқ хўжалиги хатарларини суғурта қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Марказ директори Обид Хакимовнинг таъкидлашича, ҳозирги вақтда қатор лойиҳаларни амалга ошириш ишлари давом этмоқда. Уларнинг энг муҳимларидан бири — Озарбайжондаги “Алят” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида маиший техника ишлаб чиқариш жараёнини ташкил этиш ҳисобланади. Ушбу лойиҳа маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва икки мамлакат ўртасидаги саноат кооперациясини мустаҳкамлашга қаратилган.
Озарбайжон тажрибаси асосида “Саноатнинг рақамлаштиришга тайёрлик индекси” дастурини жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ушбу ташаббус доирасида 2026 йилгача амалга оширилиши мўлжалланган ва саноатда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштиришда муҳим восита бўладиган аниқ чора-тадбирлар режасини ўз ичига олган кенг қамровли ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилмоқда.
Шунингдек, Озарбайжонда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда ўзбек тили учун йирик тил модели ишлаб чиқилмоқда. Тадқиқот доирасида “Озарбайжон кейси”нинг муваффақиятли амалга оширилиши икки давлат учун кейинги 5 йилга мўлжалланган янги “Йўл харитаси”ни шакллантиришда асос бўлди.
Бундан ташқари, ўтказилган таҳлил асосида Марказ директори томонидан саноат кооперациясини, айниқса, синтетик матолар, кимёвий маҳсулотлар ва электромобиллар ишлаб чиқаришни чуқурлаштириш зарурлиги таъкидланди. Кўзда тутилган истиқболли йўналишлар қаторида заргарлик саноатини ривожлантириш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, айниқса, виночилик ва анорчиликни ривожланатириш, шунингдек, қўшма қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан учинчи бозорларга чиқишга алоҳида этибор қаратилди.
Эксперт шунингдек, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларда ижобий динамика кузатилганлигини таъкидлади. Жумладан, ўтган 8 йил ичида товар айирбошлаш ҳажми 7,8 баробар ошиб, 2024 йилда 253 млн. долларга етди. Ўзбекистоннинг экспорти 208 млн. долларга ўсди, асосий товарлар қаторида машинасозлик, озиқ-овқат маҳсулотлари, тўқимачилик ва металллар жой олган. Озарбайжондан импорт 45 млн. долларни ташкил этди, асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва алюминий етакчилик қилди.
Инвестициявий ҳамкорлик масаласига тўхталар экан, О. Хакимов инвестицияларнинг жуда катта ўсишига тўхталиб ўтди: 2017 йилда Озарбайжондан жалб қилинган маблағлар фақатгина 142 минг. долларни ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 79,5 млн. долларга етди. Бу натижага “Озарбайжон-Ўзбекистон” инвестиция компаниясининг 500 млн. долларлик устав капитали ва 2019 йилдаги 178 та қўшма корхонадан 2025 йил апрелига келиб 278 тага етган қўшма корхоналар сонининг ўсиши ҳисса қўшмоқда.
Транспорт соҳасида Ўрта коридор орқали стратегик товарларни етказиб бериш учун янги имтиёзли қоидаларни жорий этиш, шунингдек, Ўзбекистон компанияларини Озарбайжондаги лойиҳаларга жалб этиш таклиф этилмоқда.
Марказ директори савдо ва туризм соҳасидаги имкониятларни ривожланиш салоҳияти ҳақида сўз юритар экан, супермаркетлар тармоқларини ишга тушириш, жумладан, ўзбек маҳсулотларини Озарбайжон чакана савдо тармоқларига етказиб бериш ва сотишни йўлга қўйиш, Ўзбекистондаги ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчиларни “AzExport” платформасига интеграция қилиш, шунингдек, туристик брендларни илгари суриш ва қўшма турмаҳсулотларни, айниқса, гастрономик ҳамда тоғ-чанғи туризми йўналишларида жорий этиш каби ташаббусларни қайд этди.
Обид Хакимов сўзининг якунида таълим ва илм-фаннинг алоҳида аҳамиятини таъкидлади. Марказ директорининг сўзларига кўра, икки томонлама диплом бериш таълим дастурларни ишга тушириш, илмий кадрлар алмашинуви ҳамда давлатлараро илмий-эксперт кенгашини ташкил этиш узоқ муддатли барқарор ҳамкорликнинг муҳим омилига айланади.
Якуний хулосада Марказ томонидан иқтисодиёт тармоқлари бўйича ишлаб чиқилган амалий таҳлилнинг синовдан ўтган модели Ўзбекистон-Озарбайжон ҳамкорлигининг устувор йўналишларини аниқлашда асос бўлиб хизмат қилди ҳамда ушбу моделни минтақанинг бошқа давлатларига муваффақиятли йўналтириш мумкинлиги таъкидланди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) томонидан Озарбайжон Республикаси Халқаро муносабатларни таҳлил қилиш маркази (ХМТМ) билан ҳамкорликда ташкил этилди. Учрашувда ХМТМ экспертлари, Муқобил ва қайта тикланадиган энергия манбалари давлат агентлиги, «STEM» маркази, Рақамли ривожланиш ва транспорт вазирлиги ҳамда Боку давлат университети мутахассислари иштирок этдилар.
Сектор по связям с общественности и СМИ
Центра экономических исследований и реформ
Izoh qoldirish