Инфографика: Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан савдо-инвестициявий ҳамкорлиги

Инфографика: Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан савдо-инвестициявий ҳамкорлиги

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ташқи савдо муносабатлари, инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясининг ривожланиш кўрсаткичлари акс эттирилган инфографикани тайёрлади.

Ўзаро савдо кўрсаткичлари

Қозоғистон Ўзбекистоннинг энг йирик ташқи савдо ҳамкорларидан бири бўлиб, Марказий Осиё мамлакатлари орасида товар айирбошлаш ҳажми бўйича биринчи ўринни эгаллайди.

2016-2025 йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2,6 бараварга ошиб, 1,9 млрд доллардан қарийб 5 млрд долларга етди.

2026 йил январь-август ойларида икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 23,4 фоизга ошиб, 3,74 млрд долларга етди. Жумладан, Ўзбекистоннинг Қозоғистонга экспорти 1,02 млрд долларни, импорти эса 2,72 млрд долларни ташкил этди.

Мазкур даврда Қозоғистоннинг Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан ташқи савдосидаги улуши 61 фоизга етди.

Ўзаро савдо таркиби

Ўзбекистоннинг Қозоғистонга экспорти таркибида машиналар ва ускуналар 32 фоизни, саноат маҳсулотлари 15 фоизни, озиқ-овқат маҳсулотлари 15 фоизни, хизматлар 14,3 фоизни ташкил этди.
Экспорт қилинаётган асосий товарлар қаторида автомобиллар, мева-сабзавот маҳсулотлари, тўқимачилик ва кимё саноати маҳсулотлари, қурилиш материаллари ҳамда бошқа тайёр маҳсулотлар мавжуд.

Қозоғистондан импорт таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари 40 фоизни, саноат маҳсулотлари 23 фоизни, ёғлар ва мойлар 10 фоизни, хизматлар 2,4 фоизни ташкил этди.

Импорт қилинаётган асосий товарлар қаторига дон ва ун маҳсулотлари, металлургия маҳсулотлари, нефть маҳсулотлари, саноат хомашёси, машиналар ва бошқа товарлар киради.

Икки мамлакат ўртасида ўзаро савдо ҳажмини 2030 йилга қадар 10 млрд долларга етказиш мақсади белгиланган.

Инвестициявий ҳамкорлик

2026 йил октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда Қозоғистон капитали иштирокида 1 378 та корхона фаолият юритмоқда. Бу Марказий Осиё мамлакатлари капитали иштирокидаги жами 2 384 та корхонанинг қарийб 58 фоизини ташкил этади.

2016–2025 йилларда Қозоғистондан Ўзбекистонга жалб қилинган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми 1,7 млрд долларни ташкил этди. 2025 йилда Қозоғистондан жалб қилинган инвестициялар ва кредитлар ҳажми 870 млн долларга етди.

Қозоғистон капитали иштирокидаги корхоналар асосан савдо, саноат, қурилиш, молиявий хизматлар ва логистика соҳаларида фаолият юритмоқда.

2026 йил май ойида Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари иштирокида инвестиция ва савдо соҳасидаги келишувларни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» имзоланди. Ҳужжат автомобилсозлик, энергетика, кимё саноати, металлургия, фармацевтика, логистика, қурилиш материаллари ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни қамраб олади.
2026 йил июль ҳолатига кўра, икки мамлакат умумий қиймати 1,8 млрд доллардан ортиқ бўлган 80 та қўшма лойиҳа устида иш олиб бормоқда. Шундан 227 млн долларлик 15 та лойиҳа ишга туширилган ва қарийб 5 мингта иш ўрни яратилган.

Шунингдек, 102 млн долларлик 6 та лойиҳа фаол амалга ошириш босқичида бўлиб, 1,5 млрд долларлик 59 та истиқболли ташаббус ишлаб чиқилмоқда.

Икки мамлакат ўртасида инвестиция ва савдо соҳасида 7,8 млрд долларлик «йўл харитаси» амалга оширилмоқда. Ушбу ҳамкорлик доирасида саноат кооперациясини ривожлантириш, ўзаро маҳсулот етказиб беришни кенгайтириш ва янги инвестицияларни жалб қилиш назарда тутилган.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Maqolani ulashing

O'xshash yangiliklar