Жорий йилнинг 13-14 апрель кунлари Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Хакимов ва “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляковлардан иборат бўлган Ўзбекистон делегацияси Рим шаҳрига (Италия) ташриф буюрди. Делегация бу ерда эксперт-таҳлилий доиралар вакиллари билан илмий ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида бирқатор учрашувлар ўтказди.
Экспертлар Италия Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Circolo degli Esteri клубида Осиё ва Африка Ўрта ер денгизи институти (ISMAA) билан ҳамкорликда ташкил этилган давра суҳбатида иштирок этдилар. Тадбир Янги Ўзбекистондаги ўзгаришлар ва бўлиб ўтаётган конституцион ислоҳотларга бағишланди.
Тадбирда дипломатик миссиялар раҳбарлари, икки мамлакат тадқиқот ва таҳлилий тузилмалари, ривожланиш институтлари ва савдо уюшмаларининг етакчи экспертлари, шунингдек, расмий доиралар вакиллари иштирок этдилар. Давра суҳбатида Италия Сенати ташқи сиёсат ва мудофаа қўмитаси раиси Стефания Кракси ҳам қатнашди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Хакимов ўз чиқишида 2016 йилдан бошлаб Ўзбекистонда амалга оширилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг натижалари ва Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясининг асосий йўналишлари, шунингдек, конституциявий ислоҳотларнинг ижтимоий-иқтисодий жиҳатлари ҳақида сўзлаб берди.
Сўнгги икки йил ичида Ўзбекистонда Конституцияни янгилаш муҳокама қилинмоқда. Асосий қонунда “давлат – жамият – инсон” принципини “инсон – жамият – давлат” принципига ўзгартириш, “инсон манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйиш” режалаштирилмоқда.
Тақдимот давомида эксперт Ўзбекистон ижтимоий давлат деб эълон қилинаётнини таъкидлади. Хусусан, давлатнинг ижтимоий мажбуриятлари қарийб 3 бараварга оширилмоқда. Фуқароларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифалари уй-жой билан таъминланади, энг кам иш ҳақи инсоннинг муносиб турмуш тарзини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда белгиланади, кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмини олиш ҳуқуқлари мустаҳкамланади.
Обид Хакимов ислоҳотларнинг иқтисодий жиҳатларига тўхталар экан, халқ фаровонлигини ошириш мақсадида ҳам мамлакат ичида, ҳам ундан ташқарида иқтисодий алоқаларни ривожлантириш зарурлигини қайд этиб ўтди.
“Иқтисодиёт тамал бўлиб, сиёсатдан устун туради, Конституциянинг референдумга чиқарилаётган янги вариантида бозор муносабатлари ривожи, хусусий мулк, тадбиркорликнинг ҳимояси, бозор иқтисодиётининг ижтимоий йўналганлигини таъминловчи конституциявий механизмлари сезиларли даражада мустаҳкамланган”, - деди Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори.
Янгиланаётган Конституция соғлом иқтисодий ривожланиш учун қулай сармоявий ва ишбилармонлик муҳити муҳимлигини мустаҳкамлаши, бу жараёнда давлатнинг масъулияти таъкидлангани алоҳида қайд этилди.
Ўз навбатида, италиялик экспертлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга катта қизиқиш билдирдилар. Шу жумладан, янгиланган Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига алоҳида эътибор қаратилгани, барча соҳалар, айниқса, тадбиркорлик фаолияти тўлиқ кафолатлангани эътироф этилди, мамлакат равнақи ва барқарорлигининг муҳимлиги таъкидланди.
Иқтисодий ҳамкорлик ҳақида сўз борар экан, давра суҳбатида италян компаниялари фойдаланиши мумкин бўлган асосий сармоявий имкониятлар санаб ўтилди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Хакимов қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати, металлургия каби соҳаларда ҳали фойдаланилмаган “улкан салоҳият” мавжудлигини қайд этди. Банк тизими ҳам ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сирасига киради.
ISMAA Бош котиби Винсент Валенти икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича қатор таклифларни илгари сурди, бунда энг аввало, Италия катта тажрибага эга бўлган кичик ва ўрта корхоналар соҳасига урғу берди.
Экспертлар Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги алоқаларнинг янги босқичидаги дастлабки натижалари савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг янги шакл ва йўналишларини қидиришга ўзаро интилиш мавжудлигини тасдиқлашини қайд этдилар.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директорининг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг товар айланмасини янада ошириш ва диверсификация қилишга бўлган қизиқиш, мамлакатимиз иқтисодиётига хорижий капитал ва технологияларни, шу жумладан, Италиядан жалб этишдан манфаатдорлик икки томонлама иқтисодий ҳамкорликнинг янги марралариг чиқишга имкон беради.
Таҳлил марказлари ўртасидаги илмий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш мақсадларида Ўзбекистон делегациясининг “Vision & Global trends” халқаро институти раҳбарияти, Италян халқаро ташкилотлар жамияти (SIOI) президенти, Ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тадқиқотлар институти (EURISPES) раҳбарлари билан қатор учрашувлари ташкил этилди.
Учрашув якунида иштирокчилар томонидан долзарб масалалар юзасидан мунтазам фикр алмашиш имконини берувчи ҳамкорликни янада чуқурлаштиришдан манфаатдор эканликлари билдирилди.
Izoh qoldirish