Тадбирда Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо, етакчи хорижий компаниялар, банклар ва молиявий институтлар раҳбарлари ҳамда Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатларидаги инвесторлар кенгашларининг аъзолари бўлган нуфузли халқаро ташкилот ва тузилмалар вакиллари иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари йиғилишда сўзга чиқиб, сўнгги йилларда Президент ҳузуридаги кенгаш амалий ислоҳотлар майдонига айланиб, мамлакатимиз ва жаҳон инвестиция ҳамжамияти ўртасидаги ишончли кўприк сифатида ўз мавқеини мустаҳкамлаганини таъкидлади.
Кенгаш мустақил ассоциация мақомини олиб, мамлакат иқтисодиётининг 23 та тармоғида фаолият юритувчи 85 та компанияни бирлаштирди. Ижроия қўмитаси таркибига Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки ҳамда Халқаро молия корпорацияси киради.
Норматив-ҳуқуқий база изчил такомиллаштирилгани ҳамкорликнинг муҳим амалий натижаларидан бири бўлди.
Кенгаш аъзоларининг таклифларидан келиб чиқиб, Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритилди, молиявий тартибга солиш ва ҳисоб юритишнинг айрим тартиб-таомиллари соддалаштирилди, халқаро молиявий ҳисобот стандартларини қўллайдиган хорижий компаниялар учун бир қатор мажбурий талаблар бекор қилинди.
Шу билан бирга, миллий қонунчиликни халқаро амалиётга янада яқинлаштириш бўйича ишлар давом этмоқда.
“Муқобил инвестиция жамғармалари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тайёрланди, Масъулиятли бизнес юритиш стандартларини жорий этиш бўйича дастур ишлаб чиқилди, техник регламентларни халқаро меъёрларга мувофиқлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг (ИҲТТ) халқаро инвестициялар ва кўп миллатли корхоналар тўғрисидаги декларациясига қўшилиш жараёнини бошлади. Кейинги қадам сифатида Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги Конституциявий қонунни қабул қилиш режалаштирилмоқда.
Кенгашнинг соҳавий ишчи гуруҳлари фаолияти тизимли тус олди. Ўтган давр мобайнида молия бозорини ривожлантириш, гаров қонунчилигини такомиллаштириш, масъулиятли бизнес юритиш, солиқ маъмурчилиги, энергетика, ердан фойдаланишни бошқариш, касбий кадрларни тайёрлаш ҳамда давлат ва инвесторлар учун ўзаро манфаатли бўлган бошқа йўналишлар бўйича 50 дан ортиқ учрашувлар ўтказилди.
Мазкур мажлисга тайёргарлик жараёнида хорижий ҳамкорларнинг янги ташаббуслар тўплами шакллантирилди.
Келиб тушган 120 та таклиф инвестиция муҳитини яхшилаш, солиқ ва кадастр тизимлари, банк-молия соҳаси, корпоратив бошқарув, энергетика, шунингдек, сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қамраб олган еттита устувор йўналишга бирлаштирилди.
Валюта айланмасини тартибга солишни янада енгиллаштириш, исломий суғурта ва “яшил” кредитлаш каби замонавий молиявий воситаларни жорий этиш, банк активлари бозорини йўлга қўйиш ҳамда экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув тамойилларини кенг қўллаш бўйича таклифларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳар бир йўналиш бўйича амалий ечимлар тайёрланиб, масъул ижрочилар белгилаб олинди.
Президентимиз кенгаш ишбилармонларнинг ташаббуслари давлат сиёсатида ўз амалий ифодасини топадиган самарали очиқ мулоқот майдони бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.
Шу боис, халқаро инвесторлар билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни сақлаб қолиш ҳамда қайта алоқа механизмларини янада такомиллаштириш муҳим эканига алоҳида урғу берилди.
Йиғилиш якунида барча таклифларни умумлаштириб, ягона “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш, амалга ошириш муддатлари ва назорат механизмларини аниқ белгилаш топширилди.
Ўзбекистон Ҳукуматининг инвестиция соҳаси учун масъул аъзолари ҳужжат ижросининг бориши юзасидан Президентга ҳар чоракда ҳисобот тақдим этиб бориши белгиланди.
Йиғилиш иштирокчилари ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, Янги Ўзбекистоннинг инвестиция жозибадорлигини ошириш, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш ҳамда ислоҳотларни муваффақиятли давом эттиришга қаратилган ташаббусларни биргаликда амалга оширишдан манфаатдорлигини билдирдилар.
Шундан сўнг тақдимотлар, иштирокчиларнинг чиқишлари ҳамда кенгаш аъзоларининг савол-жавоб сессияси бўлиб ўтди.
Izoh qoldirish