Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 27 февраль куни тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Камбағаллик юртимизда кўп йиллар “ёпиқ мавзу” бўлиб келди. Жорий йил 24 январь куни Олий Мажлисга Мурожаатномада давлатимиз раҳбари бу ҳақда очиқ-ойдин гапирди ва тарихимизда биринчи марта камбағалликни қисқартириш устувор вазифа сифатида белгиланди.
"4-5 миллион аҳолининг бир кунлик даромади 10-13 мингдан ошмаяпти"
Бугунги видеоселектор йиғилишида шу борадаги ишларни тизимли ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
– Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 12-15 фоиз ёки 4-5 миллион аҳолимиз камбағал. Бу уларнинг бир кунлик даромади 10-13 минг сўмдан ошмаяпти, дегани. Ёки бир оилада машина ҳам, чорва ҳам бўлиши мумкин, лекин бир киши оғир касал бўлса, оила даромадининг камида 70 фоизи уни даволатишга кетади. Хўш бундай оилани ўзига тўқ дейиш мумкинми? Президент сифатида мени одамларимизнинг овқатланиши, даволаниши, болаларини ўқитиши, кийинтириши каби ҳаётий эҳтиёжлари нима бўлаяпти, деган савол ҳар куни қийнайди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш борасидаги ишларни самарали амалга ошириш мақсадида Президентнинг 2020 йил 18 февралдаги фармони ҳамда қарорига мувофиқ, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди. Маҳалла – туман (шаҳар) – вилоят – республика даражасида тадбиркорликни ривожлантириш ва камбағалликни камайтиришга масъул лавозимлар жорий қилиниб, вертикал тизим яратилди.
"Камбағалликни камайтириш учун аҳолини касбга ўқитиш керак"
Шунингдек, куни кеча Бош вазирнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими ҳамда ҳукуматда алоҳида котибият ташкил этилди.
– Камбағалликни камайтириш ойлик ёки нафақа миқдорини кўпайтириш, ёппасига кредит бериш, дегани эмас. Бунинг учун, энг аввало, аҳолини касбга ўқитиш, молиявий саводхонлигини ошириш, одамларда тадбиркорлик ҳиссини уйғотиш, инфратузилмани яхшилаш, фарзандларини ўқитиш, сифатли даволаниш, манзилли нафақа тўлаш тизимини жорий қилиш керак, – деди давлатимиз раҳбари.
Шу мақсадда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон банки ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар билан камбағалликка қарши курашишнинг ўрта ва узоқ муддатли стратегияси ишлаб чиқилмоқда.
Президент ҳақиқий шароитни таҳлил қилиш кераклигини таъкидлади
Йиғилишда аввало ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят даражасидаги ҳақиқий шароит ва аҳволни таҳлил қилиш кераклиги қайд этилди. Бунинг учун, биринчи йўналишда камбағалликка оид реал аҳвол, яъни маҳаллалардаги даромади кам оилалар сони ҳақида маълумот йиғилиши, иккинчи йўналишда туман ва шаҳарнинг салоҳияти, табиий ресурслари, ер ва инфратузилма имкониятлари харитаси тузилиши белгиланди.
– Одамларнинг меҳнат қилиб, бой бўлиши ва яхши ҳаёт кечириши учун барча шароитларни яратишимиз зарур, – деди Президент.
Кичик саноат зоналаридаги ер участкалари тадбиркорларга сотилади
Қайд этилганидек, тадбиркорлик яхши ривожланган ва аҳоли зич жойлашган ҳудудлар атрофида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ва бўш турган ер майдонларида кичик саноат зоналари ташкил этилади. Зарур инфратузилма яратиш учун Кичик саноат зоналарини бошқариш дирекцияларига бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилади. Улардаги ер участкалари тадбиркорларга бозор қийматида эгалик ҳуқуқи билан сотилади. Ушбу лойиҳа ўзини оқласа, иккинчи ярим йилликда яна қўшимча 150 миллиард сўм ажратилади.
Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига ҳокимлар билан биргаликда янги кичик саноат зоналари учун бўш ер майдонларини аниқлаб, инфратузилма билан таъминлаш вазифаси юклатилди.
Фойдаланилмаётган ерлар камбағал аҳолига фойдаланиш учун берилади
Фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни камбағал аҳолига ажратиб бериш, зарур жойларда артезиан ва қудуқлар қазиш бўйича топшириқ берилди.
Аҳолини тадбиркорликка ўргатиш, касбий малакасини ошириш орқали камбағалликни камайтириш энг асосий масала ҳисобланади.
Ёшлар ўртасида ишсизлик даражаси 15 фоизни ташкил этади
Ҳозирги кунда мамлакатимизда расман иш билан банд бўлмаган 1 миллион 400 мингга яқин аёллар ва ёшлар бор. Хотин-қизлар ўртасида ишсизлик даражаси 13 фоиз, ёшларда эса 15 фоизни ташкил этмоқда. Фарғона, Самарқанд, Андижон, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида бу кўрсаткич юқори.
Шу билан бирга, бугунги кунда қурилишда 104 минг, коммунал соҳада 71 минг, хизмат кўрсатиш соҳасида 68 минг, енгил саноатда 46 минг нафар мутахассисга эҳтиёж мавжуд.
Йиғилишда шу каби талаб бор жойларга малакали мутахассислар етказиб бериш, бандликни таъминлаш учун ҳар бир ҳудудда ишсиз аҳолини тадбиркорликка ўқитиш курслари ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Касбга ўқитишнинг биронта ҳам марказлари бўлмаган вилоятлар кескин танқид қилинди
Ўқиш якуни бўйича Кичик бизнесни ривожлантириш агентлиги томонидан танлов эълон қилиниб, энг илғор лойиҳа учун “стартап”га 20 миллион сўм миқдорида грант ажратилади. Ҳокимлар ҳам маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан илғор тадбиркорлик лойиҳаларига грантлар беради.
Касбга ўқиш истагини билдирган ёлғиз ва кўп фарзандли аёллар, ишсизлар учун кундалик ҳаётда эҳтиёж юқори бўлган ҳунарлар, хусусан, тикувчилик, пазандалик, сартарошлик ва бошқа йўналишларда касбга ўргатиш курслари ташкил этилади. Бунинг учун маҳалла идоралари ёки ҳудуддаги бинолардан жой ажратилиб, зарур жиҳозлар билан таъминланади.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига “Маҳалла гузарларида касбга ўқитиш дастури”ни ишлаб чиқиб, талабгорлар рўйхатини шакллантириш бўйича кўрсатма берилди.
Қатор ҳудудларда касбга ўқитиш борасидаги ишлар кескин танқид қилинди. Жумладан, Қорақалпоғистоннинг 11 туманида, Бухоро ва Тошкент вилоятларида 9 тадан, Сурхондарёнинг 7, Жиззахнинг 5 туманида бирорта ҳам бундай марказлар йўқлиги кўрсатиб ўтилди.
“Ишга мармаҳат” моно-марказлари ташкил этилади
Касбга тайёрлаш марказларини ташкил этишга нодавлат ташкилотларни фаол жалб қилиш, улар ўртасида энг яхши касбга тайёрлаш ўқув дастури бўйича танлов ўтказиб, ғолибларга Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан грант ажратиш бўйича топшириқлар берилди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ҳар бир ҳудудда “Ишга мармаҳат” моно-марказлари ҳамда касбга тайёрлаш марказлари ташкил этиб, ишсизларга касбий билим ва кўникмалар, шунингдек, эҳтиёжга қараб хорижий тилларни ҳам ўргатиш вазифаси қўйилди.
Камбағал аҳолига иш яратиб берган корхонага кредитлар бўйича қулайликлар берилади
Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасидаги маблағларнинг 70 фоизи камбағал аҳолига иш ўрни яратишни назарда тутувчи кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларига йўналтирилиши белгиланди. Шунингдек, камбағал кишини ишга олган корхоналарга банк кредитлари бўйича қулайликлар берилиши айтилди.
“Бизнес навигатор” мобил иловаси яратилади
Ахборот технологиялари соҳаси бир томондан бизнесга кўмаклашувчи восита, иккинчи тарафдан бизнеснинг алоҳида йўналишидир. Шу боис ўзини ўзи банд қилмоқчи бўлганларга тушунарли бўлган интерактив мобил иловалар, барча саволларга жавоб берадиган “бизнес навигатор”лар яратиш зарур.
Савдо-саноат палатаси, Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигига тижорат банклари билан бирга содда тилда тайёр бизнес лойиҳалар ишлаб чиқиб, одамларга таклиф этиш бўйича кўрсатма берилди. Бу бизнес лойиҳаларда харажат ва даромад билан боғлиқ барча ҳисоб-китоблар, ишлаб чиқариш қувватлари, маҳсулот миқдори каби масалалар “ипидан-игнасигача” аниқ бўлади.
Жойлардаги мулоқотлар, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали ушбу лойиҳалар ҳақида аҳолининг барча қатламига етказиш кераклиги қайд этилди.
Тадбиркорларга бўлган ортиқча чекловлар олиб ташланади
Савдо-кўнгилочар марказларни кўпайтириш ҳамда кўчма савдони ривожлантириш, бу борадаги ортиқча чекловларни олиб ташлаш бўйича таклифлар билдирилди.
Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Бизнес-омбудсман, Савдо-саноат палатаси ҳамда Бош вазир қабулхоналари давлат ва тадбиркор ўртасидаги “кўприк” вазифасини бажариши, тадбиркорлик ташаббусларининг амалга ошишига ҳар томонлама кўмаклашиши шартлиги таъкидланди.
Рейтингда паст баҳо олган раҳбарлар жазоланади
Жорий йил 1 мартдан бошлаб иқтисодий комплекс идоралари фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш тизими ҳамда Ҳудудларда тадбиркорлик ривожланиши индекси жорий этилмоқда. Аҳоли ўртасида очиқ ва яширин сўровлар ўтказиш орқали уларнинг иқтисодий комплекс ташкилотларига бўлган муносабати ўрганиб борилади. Натижаларга қараб, муайян ҳудуддаги иқтисодий комплекс раҳбарлари фаолияти “намунали”, “яхши”, “қониқарли” ва “қониқарсиз” деб топилади. Ижобий баҳоланганлар рағбатлантирилади ва паст баҳо олганларига жазо чоралари кўрилади. Баҳолаш натижалари бир йилда икки маротаба Олий Мажлис палаталари, халқ депутатлари вилоят кенгашларида ва ҳукуматда муҳокама қилинади.
Izoh qoldirish