Ҳоким ёрдамчилари – халқ орасида ("Бобир” маҳалласи)

Ҳоким ёрдамчилари – халқ орасида (

– Ўзингиз ҳақида қисқача маълумот берсангиз. Сизнинг фаолият йўлингиз нимадан бошланган? Ушбу вазифага қандай келдингиз (олдин нима иш билан шуғуллангансиз)?

– 2023 йилда Тошкент давлат молия институтини тамомлаганман. Ўқиш даврида хусусий корхонанинг молия бўлимида ҳам фаолият олиб борганман. Олийгоҳни битирганимдан сўнг, 2024 йилнинг январь ойида Жиззах шаҳридаги “Зилол” маҳалласига ҳоким ёрдамчиси этиб тайинландим. Мазкур ҳудудда икки йил давомида меҳнат қилдим, кейинчалик кадрлар ротацияси доирасида “Бобур” маҳалласига ҳоким ёрдамчиси лавозимига ўтказилдим.

– Юқорида айтиб ўтган икки маҳалланинг қандай фарқлари бор эди? Масалан, иқтисодий ёки ижтимоий жиҳатдан олганда.

– Ушбу икки маҳалла ўзига хос хусусиятлари билан бир-биридан тубдан фарқ қилади. “Зилол” маҳалласи шаҳарда катталиги бўйича учинчи ўринда турувчи йирик ҳудуд ҳисобланади. Унда 2300 та хонадон мавжуд бўлиб, 15 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Уй-жой фонди асосан кўп қаватли бинолар ва ҳовлилардан ташкил топган, аҳолисининг асосий қисмини эса ўзбеклар ташкил этади. Ҳозирги фаолият жойим бўлмиш “Бобур” маҳалласи ҳудуди ва аҳоли сони жиҳатидан олдингисидан қарийб уч баравар кичик. Бу ерда кўп миллатли аҳоли яшайди. Фуқаролар билан самарали мулоқот ўрнатиш мақсадида рус тилини ҳам ўзлаштиришимга тўғри келди.

Иқтисодий салоҳият нуқтаи назаридан ҳам ҳудудлар ўртасида катта тафовут мавжуд. “Зилол” маҳалласи серқатнов йўл ёқасида жойлашган қулай инфратузилмага эга бўлгани сабабли, у ерда йирик саноат корхоналари ва катта савдо мажмуалари (хусусан, қурилиш моллари бозорлари) жойлашган. “Бобур” маҳалласида эса кичик бизнес субъектлари ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари, жумладан, умумий овқатланиш муассасалари (кафе, ресторан) ҳамда тўйхоналар асосий ўринни эгаллайди.

– Маҳалланинг ижтимоий портретини қандай тасвирлаган бўлардингиз? Маҳаллада кимлар истиқомат қилади, нимадан даромад топади (у ердаги мавжуд инфраструктура объектлари, йўллар, мактаб, боғча, поликлиника, саноат корхоналари, аҳолини иш билан таъминлаш имкониятлари ҳақида тўлиқроқ гапириб берсангиз)?

– Мазкур ҳудудда ижтимоий ва иқтисодий инфратузилма яхши шаклланган бўлиб, бугунги кунда маҳаллада 2 та давлат мактаби, 1 та давлат ва 6 та хусусий мактабгача таълим ташкилоти, 1 та хусусий клиника ҳамда 8 та давлат идораси жойлашган. Бундан ташқари, 80 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти ва 3 та саноат корхонаси фаолият юритмоқда. Маҳалладаги асфальтланган ички йўлларнинг умумий узунлиги эса 8 километрни ташкил этади.

– Маҳаллангизда одамлар асосан нимадан даромад қилади?

– Аҳолининг асосий қисми давлат ташкилотлари ва хусусий корхоналарда меҳнат қилиш орқали даромад топади. Ҳудудда йирик тадбиркорлар нисбатан кам бўлса-да, кичик бизнес вакиллари кўпчиликни ташкил этади. Шунингдек, ўзини ўзи банд қилиш орқали даромад топиш амалиёти кенг ривожланган.

Хусусан, фуқаролар орасида уй шароитида тикувчилик, сартарошлик ва энагалик хизматларини кўрсатиб даромад топадиганлар талайгина. Бундан ташқари, буюртма асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қишга консервация қилиш, иссиқ таомлар тайёрлаб корхона ва офисларга етказиб бериш, шунингдек, кўрпа-тўшак тикиш каби хизмат турлари билан шуғулланувчилар ҳам аҳолининг муайян қисмини ташкил қилади.

– Иш фаолиятингизни бошлаган илк кезларда сизни энг кўп қийнаган масала нима эди ва буни қандай енгиб ўтдингиз?

– Умуман олганда, фаолиятимнинг дастлабки даврида янги муҳитга мослашиш, хонадонма-хонадон юриб аҳоли билан яқиндан танишиш, кўчалар ва инфратузилма ҳолатини тўлиқ ўрганиб чиқиш муайян мураккабликларни юзага келтирган эди. Хусусан, фуқаролар билан мулоқот жараёнида тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида имтиёзли кредит олиб, маблағни мақсадсиз ишлатмоқчи бўлган шахсларни бир қарашдаёқ ажратиб олиш осон кечмаган. Кам бўлса-да, бундай ҳолатлар ҳанузгача учраб туради.

– Сиз бевосита танишиш, сўров ва ўрганишлар орқали маҳалланинг аҳволидан доимий равишда яқиндан хабардор бўлиб турасиз. Ўрганишлар натижасида янгидан ўтган маҳаллангизда қандай иқтисодий имкониятлар аниқланди?

– Ҳозирги кунда маҳаллада иқтисодий йўналишда янги лойиҳа устида иш олиб боряпман. Маълумки, кўп қаватли уйлар ва айрим хонадонларда кундалик истеъмол учун мўлжалланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш мақсадида доим ҳам етарли шароит ёки кичик иссиқхоналар мавжуд бўлавермайди. Бироқ аҳолининг кўкат ва сабзавотларга бўлган эҳтиёжи йил давомида узлуксиз сақланиб қолади. Шуни инобатга олган ҳолда, ҳар бир рўзғорда топиладиган 5-10 литрлик елим идишларда хонадон учун зарур бўлган барра маҳсулотларни етиштириш лойиҳасини йўлга қўйдик.

Ҳозирда ушбу ташаббуснинг афзалликларини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қиляпмиз. Хонадон шароитида петрушка, кўк пиёз ва бошқа турли кўкатларни етиштириш оилаларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилиши билан бирга, фуқароларнинг бозорга бориш учун кетадиган вақти ва маблағини тежаш имконини ҳам беради. Натижада аҳолининг оилавий бюджети ўз ихтиёрида қолади. Ушбу амалий лойиҳани аллақачон бошлаб юборганмиз.

– Маҳаллангиз ривожининг асосий иқтисодий ўсиш драйвери нима? Нега ушбу йўналишлар танлаб олинди? Танланган йўналишларни тезкор ривожлантириш учун нима ишлар қилинмоқда?

– Маҳалламизнинг асосий иқтисодий ўсиш драйвери кичик хизмат кўрсатиш ва кичик ишлаб чиқариш соҳалари ҳисобланади. Шу билан бирга, биз ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш учун янги ўсиш нуқталарини излашда давом этяпмиз. Хусусан, юқорида тилга олинган лойиҳа доирасида хонадонларда экин ва резаворлар етиштиришни кенг йўлга қўйиш ҳам ўзига хос янги драйверга айланиши мумкин. Бу мақсадга эришиш учун малакали мутахассислар ва агрономларни жалб қилган ҳолда, аҳолига ўсимликларнинг вегетация даври, тупроққа агротехник ишлов бериш, суғориш ва озиқлантириш тартиб-қоидаларини ўргатишни мақсад қилганмиз. Бу орқали фуқаролар уй шароитида самарали деҳқончилик қилиш кўникмасига эга бўладилар. Ушбу ташаббуснинг энг катта афзаллиги шундаки, уни амалиётга татбиқ этиш учун катта сармоя ёки банк кредити талаб этилмайди. Деярли харажатсиз йўлга қўйиладиган бу фаолият хонадонларга яхшигина қўшимча даромад келтириши кафолатланади.

– Бирор эҳтиёжманд оилани ёки ёш тадбиркорни қўллаб-қувватлаб, бирон бир яхши бизнесни йўлга қўйиб олгани, ҳаётида ижобий ўзгариш қилган ҳолатни мисол сифатида келтириб ўта оласизми?

– Маҳалламизда аҳолини, хусусан, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги амалий ишларимизга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Улардан бири бевосита менинг ташаббусим ва кўмагимда амалга оширилган. Маҳалламиз фуқароси Гулзода Холтошова ногиронлиги бўлган ўғли ва онаси парваришга муҳтожлиги сабабли, доимий равишда уйда ўтиришга мажбур эди. Ушбу оила “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган ва давлат таъминотидаги оилалар рўйхатида турарди. Биз унга хонадонидан чиқмаган ҳолда даромад топиш имкониятини яратиб бердик. Амалдаги тартибга кўра, бундай тоифадаги оилалар учун фоиз тўловлари давлат томонидан қоплаб бериладиган 30,9 млн. сўмгача имтиёзли кредитлар ажратиш тизими мавжуд. Гулзода опага шу имконият доирасида 10,9 млн. сўм миқдорида маблағ ажратилишига кўмаклашдик. Ушбу маблағ ҳисобидан у пойтахтдан зарур ускуна ва воситаларни харид қилиб, ўз уйида косметология хизматларини кўрсатишни йўлга қўйди. Зарур ҳолатларда, тўй ва бошқа тантаналар муносабати билан буюртмачиларнинг хонадонига бориб ҳам хизмат кўрсатади. Бу эса унга ортиқча ижара ва бошқа харажатларсиз фаолият юритиш имконини бермоқда. Натижада фуқаро барқарор даромад манбаига эга бўлиб, оиласининг иқтисодий аҳволини бутунлай тиклаб олишга эришди..

– Ҳудудингиз аҳолиси ўртасида камбағаллик даражасини янада самарали камайтириш учун яна қўшимча нима иш қилиш керак?

– Тан олиш керакки, айрим ҳолатларда камбағалликнинг асосий сабабларидан бири – фуқаролардаги боқимандалик кайфияти, дангасалик ва меҳнатдан қочиш иллатларидир. Агар биз энг аввало аҳолини доимий ва фойдали меҳнатга жалб қила олсак, уларнинг камбағалликдан чиқиш жараёни табиий равишда амалга ошади. Халқимиздаги “Ётиб еганга тоғ ҳам чидамас” деган пурҳикмат мақол ҳам бежиз айтилмаган.

Шу боисдан, ҳозирги кундаги асосий вазифаларимиздан бири аҳолининг онги ва дунёқарашини ўзгартиришга қаратилган. Чунки инсон биринчи навбатда ўзига ўзи ёрдам беришга интилмас экан, ташқаридан кўрсатилган ҳеч қандай кўмак унинг турмуш шароитини тубдан яхшилаб бера олмайди. Боқимандалик кайфияти ҳеч қачон ривожланишга олиб келмаслигини ҳар бир фуқаро теран англаб етиши зарур, деб ҳисоблайман..

– Одамлар сизни кўпроқ қайси муаммолар бўйича излашади? Мисол келтира оласизми?

– Маълумки, маҳаллада ҳоким ёрдамчисининг фаолияти фақатгина иқтисодий масалалар билан чекланиб қолмайди. Шаҳар ҳокими ҳам бу борада таъкидлаганидек: “Тўғри, сизлар иқтисодий масалалар бўйича ҳоким ёрдамчиси ҳисобланасиз, лекин шу билан бирга, маҳаллада менинг бевосита вакилим ҳамсиз”. Шу тамойилдан келиб чиқиб, ҳудуддаги ҳар қандай ижтимоий-маиший муаммоларга ўзимизни масъул деб биламиз.

Бу табиий газ ёки электр энергияси таъминотидаги узилишлар бўладими ёки бошқа турмуш ташвишларими – барчасида фуқароларга яқиндан кўмаклашамиз. Зарур ҳолларда, аҳолига тегишли ташкилотлар билан алоқа ўрнатишга ёрдам берамиз ёки ўзимиз масъул идораларга тўғридан-тўғри боғланиб, масаланинг ижобий ҳал этилишини таъминлаймиз.

Аҳоли бизга асосан янги тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда кўмак сўраб, ҳудуд ободончилиги, куз-қиш мавсумида юзага келадиган турли камчиликлар ва бошқа кўплаб масалалар бўйича мурожаат қилади. Табиийки, асосий вазифамиз бўлган иқтисодий йўналишдаги мурожаатлар салмоғи ҳам анчагина. Биз ҳар бир масалани бевосита жойига чиққан ҳолда чуқур ўрганиб, уларни имкон қадар тезкор ва ижобий ҳал қилишга ҳаракат қиламиз.

– Ўзбекистонда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини янада такомиллаштириш ва уларнинг иш самарадорлигини ошириш бўйича қандай таклифлар бера оласиз? Ҳоким ёрдамчиси сифатида сизга қандай ёрдам зарур?

– Давлатимиз томонидан ўз фаолиятимизни самарали юритиш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Ҳоким ёрдамчилари институти аҳоли ва давлат ўртасидаги энг самарали боғловчи воситалардан бири, деб биламан. Зеро, биз ҳар куни хонадонлар билан ишлаймиз, одамларнинг муаммолари, имкониятлари ва эҳтиёжларини бевосита жойларнинг ўзида ўрганамиз.

Назаримда, фаолиятимиз самарадорлигини янада юксалтиришда маҳалладаги аниқ маълумотлар билан ишлаш, ҳар бир хонадоннинг иқтисодий салоҳиятини таҳлил қилиш ва натижали лойиҳалар сонини кўпайтириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бундан ташқари, ҳоким ёрдамчиларида тадбиркорлик, молия, инвестиция ва замонавий бошқарув кўникмаларини ривожлантириб, уларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш принципиал жиҳатдан муҳимдир.

– Агар сизда молиявий маблағ, вақт ва ресурслар жиҳатидан ҳеч қандай чекловлар бўлмаганда, маҳаллангизда қандай лойиҳани амалга оширган бўлардингиз?

– Агар молиявий маблағ ва ресурслар жиҳатидан ҳеч қандай чекловлар бўлмаганда, энг аввало, маҳалламизда йирик кластер тизимидаги ишлаб чиқариш корхонасини барпо этган бўлардим. Хусусан, кичик турдаги скутерлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқдир. Чунки бугунги кунда шаҳримиз аҳолиси ўртасида скутерларга бўлган талаб анча юқори. Бу ташаббус орқали кўплаб янги иш ўринлари яратилади, ҳудудга замонавий технологиялар кириб келади ва аҳолининг касбий малакаси ошади. Қолаверса, иқтисодий нуқтаи назардан ишлаб чиқариш соҳасининг самарадорлиги хизмат кўрсатиш тармоғига қараганда анча юқори эканлиги барчага маълум.

Муқобил вариант сифатида, маҳалламиз ёшларини кенг жалб қилган ҳолда электрон плата ва микросхемалар ишлаб чиқаришни ташкил этишни ҳам режа қилган бўлардим. Маълумки, бундай бутловчи қисмлар электротехника саноатида жуда кенг қўлланилади. Бироқ бугунги кунда юртимизда микросхемалар ишлаб чиқариш соҳаси етарлича ривожланмаган бўлиб, ушбу маҳсулотлар деярли тўлиқ хориждан импорт қилинмоқда. Агар мазкур йўналишни маҳалламизда йўлга қўя олсак, ҳудудимизга жуда катта миқдордаги инвестицияларни жалб қилиш имкони яратилади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, яқинда бошқа ҳеч бир маҳаллада ўхшаши йўқ янги бир ташаббусга қўл урдик: “Маҳалла ихтирочилар хонаси” лойиҳасини бошладик. Ўзим ҳам аниқ фанларга, хусусан, физика ва математикага қизиққаним, ихтирочиликка иштиёқим баландлиги сабабли ушбу ғоя туғилди. Асосий мақсадимиз – маҳалламиздаги ихтирочиликка ва инновацияларга қизиқувчи иқтидорли болалар ҳамда ўсмирларни бир жойга жамлашдир. Биз улар билан биргаликда шаҳримиздаги муайян муаммоларни ўрганиб, буюртмалар асосида уларга инновацион ечимлар топиб бермоқчимиз. Бу орқали, бир томондан, ҳудуддаги муаммолар ўз жойида ҳал этилса, иккинчи томондан, ёшларимизнинг яширин салоҳияти, ихтирочилик қобилияти юзага чиқади. Умуман олганда, ёшларнинг билим ва иқтидорини тўғри йўналтириш орқали жуда катта ва ижобий натижаларга эришиш мумкинлигига қатъий ишонаман.

– Жорий йил юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши ушбу ислоҳотнинг миллий даражада институционаллашганини кўрсатади. Шу муносабат билан, сизнинг олдингизга қўйилган устувор вазифалар ва асосий йўналишлар нималардан иборат?

– Жорий йилдаги иш фаолиятимизнинг асосий йўналишлари қуйидагилардир:

- маҳалла аҳолисининг даромадли бандлигини таъминлаш, бунда биз асосий эътиборни ҳар бир ишсиз фуқаро учун унинг салоҳиятига мос иш ўрни ёки барқарор даромад манбасини яратишга қаратамиз;

- кам таъминланган оилалар аъзоларини касб-ҳунарга ўқитиш ҳамда кичик бизнесга жалб қилиш;

- ёшлар ва хотин-қизлар билан манзилли ишлаш, уларнинг таълим олиши ва касб-ҳунар эгаллашига кўмаклашиш;

- маҳалла инфратузилмасини комплекс ривожлантириш.

– 2026 йилда маҳаллани ривожлантириш бўйича олдингизга қандай янги мақсад ва режаларни қўйгансиз? Ўзингиз фаолият юритаётган ҳудудни 5 йилдан сўнг қандай қиёфада тасаввур қиласиз?

– Маҳалламиз шаҳар ҳудудида жойлашгани боис, туманларга қараганда имкониятларимиз анча кенг. Шу сабабли, 2026 йилда маҳалламизни ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантиришни ўзимизга асосий вазифа қилиб белгилаганмиз. Бунинг учун ҳудудда барча зарур шарт-шароит ва салоҳият мавжуд. Кўзланган ушбу натижага, энг аввало, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги фуқароларни қўллаб-қувватлаш, маҳалламизнинг янги иқтисодий ўсиш нуқталарини кашф этиш ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига ҳар томонлама амалий кўмак кўрсатиш орқали эришамиз. Энг муҳими, олдимизга қўйган мақсадимиз аниқ ва ниятимиз эзгудир!

Жамоллиддин Турдимов

"Иқтисодий шарҳ" журнали №8/2026

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар