Экспертлар коронавирус барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қандай таъсир қилишини муҳокама қилишди (+видео)

Экспертлар коронавирус барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қандай таъсир қилишини муҳокама қилишди (+видео)

Жорий йилнинг 26 август куни Ўзбекистонда Ислом тараққиёт банки (ИТБ) гуруҳининг 2021 йилги "Жавоб бериш, тикланиш, қайта ишга тушириш" йиллик йиғилиши доирасида: "БРМга эришиш бўйича ўн йиллик ҳаракатлар хавф остидами?" мавзусида онлайн вебинар бўлиб ўтди.

Тадбирда юқори даражадаги маърузачилар, ИТБ Президенти доктор Муҳаммад Сулаймон Aл-Жассир, БРМ бўйича махсус вакил ва ИТБ президенти маслаҳатчиси доктор Рами Aҳмад, Бирлашган Миллатлар ташкилоти Бош котибининг биринчи ўринбосари ва БМТнинг барқарор ривожланиш гуруҳи раиси Aмина Ж. Моҳаммед, Колумбия университетининг барқарор ривожланиш маркази директори профессор Жеффрей Д. Сакс, Халқаро валюта жамғармаси ижрочи директори доктор Маҳмуд Моҳелдин, Индонезия Республикаси миллий тараққиёт режалаштириш вазирлиги денгиз ва табиий ресурслар вазирининг ўринбосари, доктор Ил. Aрифин Рудиянто, Осиё тараққиёт банки вице-президенти Жаноб Aҳмед М. Саид, Бостон университети глобал ривожланиш сиёсати маркази директори доктор Кевин П. Галлагҳер, ИТБ вице-президенти доктор Мансур Мухтор иштирок этди.

Ўзбекистон халқаро экспертлар платформасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) директори доктор Обид Ҳакимов қатнашди.

Марказ раҳбари ўз нутқида 2017 йилда Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги роли ва масъулият ва бошқарув соҳаларини амалга ошириш, тақсимлаш механизмларини тушуниш нуқтаи назаридан муаммолар ҳақида гапирди.

Ўзбекистонда барқарор ривожланиш мақсадларининг (БРМ) амалга оширилиши 2017-2021 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракат стратегияси доирасидаги кенг кўламли ислоҳотларга тўғри келди. Жаҳон банкининг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон 2020 йилда ижобий иқтисодий ўсишни сақлаб қолган Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги учта иқтисодиётдан бири бўлди. COVID-19 инқирозининг жиддий таъсирига қарамай, дастлабки босқичда амалга оширилган ислоҳотлар, бозор иқтисодиётига ўтиш 2020 йилда ўсишни қўллаб-қувватлади.

Ўзбекистон ҳукумати 2018 йил октябрь ойида “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилди. Бу қарор Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) га содиқлигини яна бир бор тасдиқлади. Шунингдек, қарорда Ўзбекистон учун мамлакатдаги экологик, иқтисодий ва ижтимоий масалаларга қаратилган 16 та миллий БРМлар ҳамда БРМларнинг амалга оширилиши мониторингини осонлаштириш учун 125 та тегишли вазифалар ва 206 та кўрсаткичлар белгиланган. Шу билан бирга, 21 давлат муассасаларида БРМларнинг бажарилишини назорат қилиш учун идоралараро мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилди ва 2017-2021 учун Миллий ҳаракат стратегияси БРМларни амалга ошириш йўли сифатида тасдиқланди.

Ҳукумат ислоҳотлар самарадорлигини 23 та глобал рейтинг (индекс), шу жумладан, глобал БРМ рейтинги орқали кузатиб боради, унга кўра Ўзбекистон бугунги кунда (2021 йил) 162 давлат орасида 52-ўринни эгаллаб турибди.

Марказ директори Ўзбекистон учун БРМ дастурларини молиялаштиришнинг эҳтиёжлари ва устувор йўналишлари ҳақида гапирар экан, 2020 йилнинг март ойида бошланган COVID-19 пандемияси Ўзбекистон учун БРМларга эришиш ютуқларини секинлаштириш билан таҳдид қилишини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси ҳукумати пандемия тарқалишини олдини олиши ва унинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини юмшатиш бўйича қатъий чоралар кўрганини таъкидлади. Инқирозга қарши чоралар-тадбирлар дастури қабул қилинди, тадбиркорлар ва аҳоли бандлигини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, аҳолининг заиф қатламларига ижтимоий ёрдамни кенгайтириш учун 1 миллиард АҚШ доллари ажратилди. Умуман олганда, 2020 йилнинг апрель ойидан бошлаб 5,2 миллионга яқин киши камида бир марта шошилинч ёрдам олган.

Таниқли иқтисодчи Жеффри Сакс ўз нутқида БРМга эришишга қаратилган тавсиялар берди. Унинг асосий тезиси очлик, камбағалликни бартараф этиш ва болаларни ўлимга олиб келадиган касалликлардан фақатгина молиявий ривожланиш орқали қутқариш мумкинлигидан иборат

Экспертнинг фикрича, мақсадларга эришиш учун ривожланган давлатлар келгуси йиллар давомида ривожланаётган мамлакатларга ёрдамини сезиларли даражада ошириши зарур.

Сакснинг қайд этишича, жаҳон ЯИМ қарийб 100 трлн. долларни ташкил этади ва ривожланган мамлакатлар БРМларни амалга ошириш учун 1 трлн. доллар ажратишлари лозим. Ривожланаётган мамлакатларга эътибор бериш керак.

"Бугунги кунда кўп томонлама ривожланиш банклари барқарор ривожланиш учун йилига 100 миллиард доллар молиялаштиради, аммо биз уни 10 мартагача оширишимиз керак. Масалан, пандемия даврида АҚШ биргина пандемияга қарши курашиш учун 7 трлн. доллар сарфлаган ва мамлакат инфратузилмасини ривожлантириш учун яна 4 трлн. доллар ажратилиши режалаштирилган", - дейди олим.

"Мен барқарор ривожланиш мақсадлари учун пул олиш ўта қийин бўлган давлатлардан бирида яшайман. Ушбу мақсадлар учун маблағлар бизнес жамиятидан келмайди. Ривожланиш учун давлат томонидан молиялаштириш ҳажми ваъдаларимиз ва эҳтиёжларимиз ҳажмига мос келиши керак.

Илтимос, кейинги йил кўп томонлама ривожланиш банклари канали орқали ривожланишни молиялаштириш ҳажмини ошириш учун фойдаланайлик. Ривожланган мамлакатларга биз бир хил сайёрада яшаётганимизни ва булар бир хил патогенлар, бир хил вирус, иқлим ўзгариши ва беқарорликни тушунтирайлик", - дейди Колумбия университетининг барқарор ривожланиш маркази директори, профессор Жеффри Сакс.

Осиё тараққиёт банки вице президенти жаноб Аҳмед М. Саид ажратилган маблағлардан фойдаланиш сифатини яхшилашни таклиф қилди, шунингдек, ИТБга институционал ривожланиш учун ривожланаётган мамлакатларга кўпроқ маслаҳат ёрдами кўрсатишни тавсия қилди.

Доктор Рами бу йил Тошкентда ИТБ гуруҳининг йиллик йиғилишини ташкил қилгани учун Ўзбекистон томонига миннатдорчилик билдирди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар Жамоатчилик билан алоқалар хизмати

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар