Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан 2020 йил 7 июль ҳолатига кўра аҳолининг истеъмол саватчасидаги озиқ-овқат нархлари индексини ишлаб чиқилди.
Маълумот учун: индекс гўшт ва сут маҳсулотлари (мол гўшти, қўй гўшти, парранда гўшти, сут, тухум), сабзавотлар (пиёз, карам, помидор, сабзи, бодринг, картошка), мевалар (олма, нок), полиз маҳсулотлари (тарвуз, қовун, қовоқ, узум), дуккакли экинлар (нўхат, ловия, мош), гуруч, ун, макарон, сабзавот, сариёғ ва шакар каби асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархларини ҳисобга олган ҳолда ҳисобланди.
Ягона индексни тузишда, мамлакат аҳолисининг истеъмол одатларини тавсифловчи оғирликлар қўлланилди (яъни, аҳоли ўртасида ушбу маҳсулот қанча кўп истеъмол қилинса, унинг оғирлиги шунча юқори бўлади).
Натижада қуйидагилар аниқланди:
2020 йил 7 июль ҳолатига озиқ-овқат нархлари индекси республикада ўтган ҳафтага нисбатан -1,2% ташкил этди.
Маълумот учун: балиқнинг ўртача нархи (1 кг) 22564 сўмни ташкил этди (ўтган ҳафтага нисбатан + 8,7%). Сутнинг ўртача нархи (бир литри) 5 фоизга ошди ва 8400 сўмни ташкил этди. Макарон нархи олдинги ҳафтага нисбатан 4,8 фоизга ошди ва республикада ўртача нарх 7352 сўмни ташкил этди. Буғдой уни ва гуруч нархи 3,7 фоизга ошди ва республикада ўртача нарх мос равишда 4417 сўм ва 9611 сўмни ташкил этди. Ўтган ҳафта билан таққослаганда мол гўшти, парранда гўшти ва қўй гўшти нархи 3 фоизга ошди ва мос равишда 51850 сўм, 21124 сўм ва 53 705 сўмни ташкил этди. Олма (9295 сўм), сабзи (2167 сўм), пиёз (1594 сўм), карам (1154 сўм), нўхат (10 054 сўм), мош (11 762 сўм) ва тухум (10 та) (8400 сўм) каби маҳсулотларнинг нархларида сезиларсиз ўсиши кузатилди, (1-жадвал).
1-жадвал. 7 июль ҳолатига нисбатан Ўзбекистон Республикасида озиқ-овқат маҳсулотларининг ўтган ҳафтага нисбатан фоизда (%) ўсиши ёки пасайиши
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика хизмати тезкор маълумотлари асосида муаллиф ҳисоб-китоблари
Шунингдек, мавсумий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари кескин пасайгани кузатилди.
Маълумот учун: тарвузнинг ўртача нархи (1 кг) -15% га тушиб, 1760 сўмни ташкил этди. Нокнинг ўртача нархи (1 кг) -9,3 фоизга пасайиб, 15186 сўмни ташкил этди. Узумнинг ўртача нархи (1 кг) 9653 сўмни (-7,2%) ташкил этди. Қовун (-4%) ва қовоқ (-5%) нинг ҳам ўртача нархли пасайиб мос равишда 3442 сўм ва 3243 сўмни ташкил қилди. Помидор (-1.8%), картошка (-1.4%), ловия (-1.2%), мош (-1.2%), шакар (-0.21%), бодринг (-0.19) каби озиқ- овқат нархларининг ҳам пасайиши кузатилди (1-жадвал).
Ҳудудлар бўйича нархларнинг сезиларли даражада пасайиши Сурхондарё вилоятида бўлиб нархлар индекси -6,5% га тенг бўлди, аксинча Хоразм вилоятида эса нархлар индекси + 0.4% ташкил этди, бу эса ушбу ҳудудда нархларнинг 0,4% га ўсганлигидан далолат беради.
Самарқанд вилоятида (-1.9%), Қорақалпоғистон Республикасида (-1.5%), Aндижонда (-1.4%) ва Жиззах (-1.4%) вилоятларида озиқ-овқат нархлар индекси 2% дан паст бўлди. Республиканинг бошқа худудларида индекс деярли ўзгармади.
Изоҳ қолдириш