Жаҳон матбуоти шарҳи

Жаҳон матбуоти шарҳи

Жаҳон савдосининг 21 фоиздан ортиғи савдо чекловлари таъсирида (ЖСТ)

Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) маълумотларига кўра, 2026 йил биринчи ярим йиллиги якунида импорт божлари ва бошқа савдо чекловлари 5,4 трлн долларлик товарларни ёки жаҳон импортининг 21,3 фоизини қамраб олди. Бу 2009 йилдан буён энг юқори кўрсаткичдир.

Январь-июнь ойларида мамлакатлар 333 та янги савдо чеклови жорий этди (2025 йил давомида 300 та). Янги импорт чекловлари 2 трлн долларлик савдога таъсир кўрсатди.

Шу билан бирга, савдони енгиллаштириш бўйича 466 та чора қабул қилиниб, улар 1,3 трлн долларлик импортни қамраб олди. Аксарият тармоқларда енгиллаштириш чоралари янги чекловларга нисбатан кенгроқ товар ҳажмини қамраб олган бўлса, электромобиллар ва қуёш панеллари учун элементлар бозорида чекловлар устунлик қилди.

Жаҳонда электр энергиясига талаб умумий энергия истеъмолига нисбатан икки баробар тез ўсмоқда (ХЭА)

Халқаро энергетика агентлиги (ХЭА) маълумотларига кўра, 2019 йилдан буён жаҳонда электр энергиясига талаб иқтисодий ўсиш суръатларидан тезроқ, умумий энергияга талабга нисбатан эса икки баробар юқори суръатда ўсмоқда. Бунга саноатни электрлаштириш, кондиционерлар, электромобиллар, иссиқлик насослари ва маълумотлар марказларининг электр энергиясига эҳтиёжи ортиши сабаб бўлмоқда.

ХЭА прогнозларига кўра, 2035 йилга бориб электр энергиясининг якуний энергия истеъмолидаги улуши 30 фоизга яқинлашади. Шу билан бирга, биноларни совитиш учун энергияга талаб тарихда илк бор уларни иситишга бўлган талабдан ошди.

Ёқилғи нархларининг беқарорлиги электр технологияларига ўтишни тезлаштирмоқда. Мамлакатлар энергия таъминотини диверсификация қилиш, маҳаллий энергия ресурсларидан фойдаланиш ва иқтисодиётни электрлаштиришга устувор аҳамият қаратмоқда.

Хитойдан ташқари ривожланаётган мамлакатларнинг қарзи рекорд даражадаги 38 трлн долларга етди (IIF)

Халқаро молия институти (IIF) маълумотларига кўра, 2026 йил биринчи ярим йиллигида Хитойдан ташқари ривожланаётган мамлакатларнинг жами қарзи 38 трлн долларга етди. Унинг қарийб 40 фоизи давлат қарзига тўғри келади. Қарз олиш харажатларининг юқорилиги ва аввалги кредитларни қайтариш мажбуриятлари, айниқса, даромади паст мамлакатлар бюджетларига босимни кучайтирмоқда.

Хорижий молия бозорларига чиқиш имконияти чекланган мамлакатлар ички банклар ва молия ташкилотларидан қарз олишни кўпайтирмоқда. Бу валюта хатарларини камайтирса-да, юқори фоиз ставкалари ва қисқа қайтариш муддатлари қарз юкини оширмоқда. Шунингдек, банкларнинг давлат қарзини молиялаштириши хусусий секторни кредитлаш имкониятларини чеклаши мумкин.

IIF қарз муаммоларини тезроқ ҳал этиш учун давлат кредиторлари, облигация эгалари ва тижорат банклари билан музокараларни бир вақтда олиб боришни таклиф этмоқда. Халқаро қарзларни қайта тузиш тамойилларини янгилаш ишларини 2027 йилда якунлаш режалаштирилган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар