ЕИ ва Буюк Британия савдо тўсиқларини камайтириш ва углерод бозорларини бирлаштиришга келишди (Буюк Британия ҳукумати)
20 ноябрь куни Европа Иттифоқи (ЕИ) ва Буюк Британия озиқ-овқат савдосини соддалаштириш, углерод чиқиндилари учун рухсатномаларни ўзаро тан олиш, шунингдек, ёшларнинг ишлаши ва таълим олиши учун имкониятларни кенгайтириш бўйича келишувга эришди. Британия ҳукумати баҳолашича, ушбу чоралар 2040 йилга бориб мамлакат ЯИМини йилига 22,3 млрд долларга ёки 0,5 фоизга ошириши мумкин.
Келишувга кўра, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосида санитария сертификатлари ва мунтазам текширувларнинг аксарияти бекор қилинади. Бу экспорт харажатларини камайтириш ва маҳсулот етказиб беришни тезлаштириш имконини беради. Янги қоидаларни 2028 йил 1 мартдан жорий этиш режалаштирилган. Ушбу чоранинг ўзи 2040 йилга бориб йилига 6,7 млрд доллар қўшимча иқтисодий самара бериши кутилмоқда.
Шунингдек, томонлар углерод чиқиндилари савдоси тизимларини боғлаш ва тегишли товарларни чегарадаги углерод тўловларидан озод қилишга келишди. 18-31 ёшдаги фуқаролар эса олдиндан иш таклифини олмасдан, иккинчи томон ҳудудида уч йилгача яшаш, ишлаш ва таълим олиш имкониятига эга бўлади.
Жаҳон акциялар бозори сунъий интеллект истиқболларининг қайта баҳоланиши таъсирида қарийб 9 трлн доллар йўқотди (Reuters)
Reuters маълумотларига кўра, жаҳон акциялар бозорининг умумий қиймати август ойидаги энг юқори даражага нисбатан қарийб 9 трлн долларга камайди. Бунга технологик компаниялар акцияларининг ҳаддан ташқари юқори баҳолангани ҳақидаги хавотирлар ва АҚШда фоиз ставкалари яна оширилиши кутилмаётгани эмас, балки оширилиши мумкинлиги сабаб бўлмоқда. Мис ва олтин нархлари ҳам пасайди.
Яримўтказгичлар ишлаб чиқаришда муҳим ўрин тутувчи Тайвань акциялар бозори бир ҳафтада қарийб 17 фоизга пасайди. Шу билан бирга, доллар асосий валюталарга нисбатан 19 ойлик энг юқори даражага кўтарилди. Инвесторлар хатарларни камайтириш мақсадида давлат облигацияларига маблағ йўналтирмоқда.
Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) шарҳига кўра, фонд бошқарувчилари 2006 йилдан буён энг юқори суръатда технологик акцияларга инвестицияларни қисқартирмоқда. Бироқ сўровда қатнашганларнинг атиги 3 фоизи жаҳон иқтисодиётида рецессия кутаётган бўлса, 50 фоизи иқтисодий пасайишсиз ўсишнинг секинлашишини, 40 фоизи эса юқори ўсиш суръатлари сақланишини прогноз қилмоқда.
Жаҳонда озиқ-овқат импорти харажатлари 2,27 трлн долларга етади (ФАО)
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) прогнозларига кўра, 2026 йилда жаҳонда озиқ-овқат импорти харажатлари 2,27 трлн долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 1,9 фоизга ошади. Бу 2025 йилдаги қарийб 8 фоизлик ўсишга нисбатан сезиларли секинлашишдир.
Даромади паст ва ўрта бўлган мамлакатларда озиқ-овқат импорти харажатлари 4,9 фоизга, юқори даромадли мамлакатларда эса 0,4 фоизга ошиши кутилмоқда. Жаҳон бўйича харажатлар ўсишида юқори даромадли мамлакатларнинг улуши ўтган йилги 79 фоиздан 13 фоизгача камаяди. Бу импорт харажатлари ўсишининг асосий қисми даромади паст ва ўрта мамлакатлар ҳиссасига тўғри келишини англатади.
Умумий ўсишнинг секинлашиши асосан қаҳва ва какао нархларининг пасайиши билан боғлиқ. Қаҳва, чой, какао ва зираворлар импорти харажатлари 11,9 фоизга камайиши, дон маҳсулотлари бўйича 3 фоизга, мойли экинлар бўйича 9,9 фоизга, гўшт маҳсулотлари бўйича эса 6,9 фоизга ошиши прогноз қилинмоқда.
Изоҳ қолдириш