Хитойда сунъий интеллект ривожланаётган шароитда бандликни қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида
Хитой Давлат кенгаши сунъий интеллект (СИ) ривожланаётган шароитда янги иш ўринларини яратиш ва бандлик қисқаришининг салбий оқибатларини юмшатишга қаратилган 6 та йўналиш бўйича 18 та вазифани назарда тутувчи йўриқномани эълон қилди.
2025 йилда Хитойда сунъий интеллект саноати ҳажми 178,6 млрд доллардан ошди. Саноат корхоналарининг 30 фоиздан ортиғи сунъий интеллект технологияларини жорий этган.
Йўриқномада қуйидаги чоралар назарда тутилган:
– ходимларни бошқа ишга ўтишга тайёрлаш. Корхоналарга сунъий интеллектни жорий этиш натижасида иш ўринлари қисқариши мумкин бўлган ходимларни олдиндан хабардор қилиш механизмини тажриба тариқасида жорий этиш, уларга бошқа ишга ўтиш учун етарли вақт бериш ва кўмаклашиш тавсия этилган;
– сунъий интеллектни жорий этишда бандликни ҳисобга олиш ҳамда ишчи кучи етишмайдиган ёки меҳнат шароитлари хавфли бўлган иш ўринларида ушбу технологияларни устувор равишда қўллаш;
– лойиҳаларнинг бандликка таъсирини баҳолаш. Фаолият юритиш учун рухсатнома талаб этиладиган соҳаларда сунъий интеллектни жорий этиш бўйича лойиҳаларни кўриб чиқишда иш ўринларининг қисқариш хавфини баҳолаш назарда тутилган;
– корхоналарни иш ўринларини сақлаш ва уларнинг сонини кўпайтиришга қаратилган махсус кредитлаш дастурига киритиш;
– янги касблар ва мақсадли таълим дастурларини ривожлантириш. Сунъий интеллект тренерлари, муҳандислари ва рақамли бошқарув бўйича мутахассислар учун касбий стандартларни ишлаб чиқиш, шунингдек, иш берувчилар буюртмалари асосида ўқитишни ташкил этиш назарда тутилган;
– иш жойини ўзгартираётган ходимларга манзилли ёрдам кўрсатиш, жумладан, касбий маслаҳат бериш, малакасини ошириш, мос бўш иш ўринларини топиш ва ўз бизнесини ташкил этишга кўмаклашиш.
Томчилатиб суғориш самарадорлигини ошириш тажрибаси
Хитойнинг Шинжон минтақасидаги Қарамай шаҳрида тупроқ намлиги ва ғўзанинг ривожланиш босқичига қараб томчилатиб суғориш тизимини автоматик бошқариш технологияси синовдан ўтказилди.
Тажриба давомида тупроқнинг бир метргача бўлган чуқурлигида ҳар 20 см оралиқда намлик датчиклари ўрнатилди.
Суғориш вақти датчиклар кўрсаткичлари асосида белгиланди. Тупроқ намлиги белгиланган қуйи чегарага тушганда сув бериш бошланди.
Намликнинг қуйи чегараси ғўзанинг униб чиқиш босқичида 50 фоиз, шоналаш босқичида 60 фоиз, гуллаш ва кўсак ҳосил қилиш босқичида 75 фоиз ҳамда кўсакларнинг очилиш босқичида 55 фоиз этиб белгиланди.
Анъанавий томчилатиб суғориш усулига нисбатан сув сарфи 13,4 фоизга камайиб, пахта ҳосилдорлиги 10,7 фоизга ошди.
Иссиқхоналарда иссиқлик энергиясини тежаш усули синовдан ўтказилди
Нидерландиянинг Botany тадқиқот марказида помидор етиштиришда иссиқлик йўқотилишини камайтириш мақсадида икки қатламли иссиқликни сақловчи экранлар, ортиқча намликни бартараф этувчи ускуналар ва ёруғлик диодли (LED) ёритиш тизими биргаликда қўлланилди.
Тажриба давомида махсус экранлар иссиқхона ичида иссиқликни сақлашни таъминлади, ҳаво ва иссиқлик алмашинуви ускуналаридан эса ортиқча намликни бартараф этиш учун фойдаланилди.
Шунингдек, ёритиш, ҳарорат, суғориш ва ўсимликларни озиқлантириш режимлари ўзаро мувофиқлаштирилди.
Анъанавий усулга нисбатан қувурли иситиш тизимида иссиқлик энергияси истеъмоли 50 фоиздан ортиққа камайди.
Ёруғлик диодли чироқлардан ажраладиган иссиқлик ҳам иссиқлик энергияси истеъмолини камайтиришга хизмат қилди.
Изоҳ қолдириш