Технологик металлар соҳасида илмий-саноат кооперацияси муҳокамаси

Технологик металлар соҳасида илмий-саноат кооперацияси муҳокамаси

Тадбирда иштирок этиш учун илмий жамоатчилик вакиллари, саноат корхоналари, тадбиркорлар, экспертлар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари таклиф этилади.

2026 йил 24 ноябрь куни Тошкент шаҳрида, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказида “Технологик металлар соҳасида илмий-саноат кооперацияси” мавзусида амалий учрашув бўлиб ўтади.

Тадбир Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Инновацион ривожланиш агентлиги ҳамда Ўзбекистон технологик металлар комбинати (ТМК) ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.

Тадбирда Фанлар академияси вице-президенти Шаҳлохон Турдиқулова, Тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Ўрал Юсупов, Инновацион ривожланиш агентлиги директори Ўктам Саломов, ТМК бошқаруви раиси ўринбосари Амир Абидов, шунингдек, Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги, илмий-тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари ва саноат корхоналари вакиллари иштирок этади.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан саноатни ривожлантириш, илмий ютуқларни ишлаб чиқаришга жорий этиш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича белгиланган вазифалар ижросига кўмаклашишга қаратилган. Хусусан, давлатимиз раҳбари 5 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда муҳим минераллар соҳасидаги истиқболли лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш, технологик металларнинг янги турларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда илмий ютуқларни тармоққа кенг жорий этиш бўйича топшириқлар берди.

Белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, дастлабки амалий учрашув муҳим минералларни чуқур қайта ишлаш соҳасида илмий-саноат кооперациясини ривожлантириш ва илмий ишланмаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш масалаларига бағишланади.

Тадбир давомида саноат корхоналари вакиллари ишлаб чиқаришнинг долзарб технологик эҳтиёжларини баён этади, илмий-таҳлилий доиралар эса тадқиқот натижалари, истиқболли ишланмалар ва уларни амалиётга татбиқ этиш бўйича ечимларни тақдим этади.

Муҳокамаларда корхоналарнинг илмий тадқиқотларга буюртмаларини шакллантириш ва жойлаштириш, илмий-тадқиқот ҳамда тажриба-конструкторлик ишларини молиялаштириш, технологик ечимларни давлат харидлари орқали сотиб олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Кутилишича, мазкур мулоқот майдони корхоналар ва илмий жамоалар ўртасида бевосита ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, маҳаллий илмий ишланмаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш имкониятларини аниқлаш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга хизмат қилади.

Тадбир 24 ноябрь куни соат 11:00 да Тошкент шаҳри, Новза кўчаси, 6-уй манзилида бўлиб ўтади.

Иштирок этиш учун қуйидаги телефон рақами орқали олдиндан рўйхатдан ўтиш зарур: (78) 150-02-02 (417).

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар