Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказида илм-фан ва саноат кооперацияси бўйича учрашувлар туркумига старт берилди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказида илм-фан ва саноат кооперацияси бўйича учрашувлар туркумига старт берилди

2026 йил 24 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг (Марказ) Ҳукумат акселератори доирасида “Технологик металлар соҳасида илм-фан ва саноат кооперацияси” мавзусида амалий учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда корхоналар, илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасалари вакиллари минерал хомашёни чуқур қайта ишлашда қайси маҳаллий илмий ишланмалардан фойдаланиш мумкинлиги ва уларни саноат ишлаб чиқаришига қандай жорий этиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Тадбир Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ), Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Инновацион ривожланиш агентлиги ҳамда Ўзбекистон технологик металлар комбинати (ТМК) томонидан ташкил этилди.

Тадбирда Фанлар академияси вице-президенти Шаҳлохон Турдиқулова, Тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Ўрал Юсупов, Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги директори ўринбосари Жаҳонгир Юнусов, Инновацион ривожланиш агентлиги директори ўринбосари Жавлонбек Абдужалилов, ТМК бошқарув раисининг янги технологиялар, инновациялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича ўринбосари Амир Абидов, ТМК илмий-тадқиқот парки маслаҳатчиси Себастьен Тупи, шунингдек, илмий-тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари ва саноат корхоналари раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирок этдилар..

Муҳокаманинг асосий мавзуси муҳим минералларни чуқур қайта ишлаш, янги технологияларни ўзлаштириш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришда илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш масалалари бўлди.

Ушбу йўналишни ривожлантириш Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 5 ноябрдаги йиғилишида белгилаб берилган вазифаларда назарда тутилган. Хусусан, муҳим материаллар ишлаб чиқариш турларини 5 тадан 16 тага етказиш, уларни чуқур қайта ишлаш ва янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш вазифалари белгиланган. 2030 йилга бориб ушбу йўналишларда ишлаб чиқариш ҳажми 2,7 млрд доллардан ошиши лозим.

Учрашувни очиб берган Фанлар академияси вице-президенти Ш.Турдиқулова илм-фан ва иқтисодиётнинг реал сектори ўртасида бевосита алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда илмий ишланмаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш механизмларини яратиш муҳимлигини таъкидлади.

“Илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги узилиш декларациялар билан эмас, балки аниқ буюртмалар орқали бартараф этилади. Корхоналар 137 та вазифани белгилаб берди, институтлар эса 45 та ишланмани таклиф қилди. Энди ҳар бир вазифа бўйича таклиф этилган ечимни реал ишлаб чиқариш шароитида синовдан ўтказиш муҳим. Айнан муҳим минералларни чуқур қайта ишлаш соҳасида илм-фан саноат учун ташқи маслаҳатчи эмас, балки тўлақонли ҳамкорга айланиши мумкин”, - дея таъкидлади Ш.Турдиқулова.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори ўринбосари Ф.Рахматов ўзининг кириш сўзида учрашувларнинг янги формати саноат корхоналари, илмий ҳамжамият ва технологияларни ишлаб чиқувчилар ўртасида бевосита ва тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш тамойилига асосланганини таъкидлади.

Учрашув давомида тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Ў.Юсупов Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг ҳамкорликни ушбу форматда ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлади. Шунингдек, у илмий-саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва маҳаллий илмий ишланмаларни амалиётга жорий этишга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

“Шу билан бирга, илмий-тадқиқот муассасалари ва олий таълим ташкилотларининг тармоқ корхоналари билан ҳамкорлигини институционал жиҳатдан мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг (2026 йил 24 июлдаги ПҚ-276-сон) қарори билан ишлаб чиқариш ва геология-қидирув жараёнларида юзага келаётган технологик муаммолар ва эҳтиёжларни аниқлаш ҳамда жойлаштириш, шунингдек, уларни бартараф этиш бўйича илмий-инновацион ечимларни ишлаб чиқиш ва жорий этишга қаратилган махсус тизим ишлаб чиқилди.

Ҳозирги вақтда мазкур тизим синов режимида ишга туширилган. Унинг доирасида республикадаги ишлаб чиқариш комбинатлари томонидан 50 тадан ортиқ ғоя шакллантирилди. Ушбу механизм орқали корхоналарнинг аниқ технологик эҳтиёжларини олимлар ва тадқиқотчиларга етказиш, илмий ишланмаларни ишлаб чиқариш буюртмалари билан боғлаш, шунингдек, уларни саноатга жорий этиш жараёнларини тизимли ташкил қилиш назарда тутилган”, - дея таъкидлади Ў.Юсупов.

Ўзбекистон технологик металлар комбинати бошқарув раисининг янги технологиялар, инновациялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича ўринбосари А.Абидов комбинатнинг технологик эҳтиёжлари ҳақида маълумот берди. Комбинат вольфрам, молибден ва ренийни ўз ичига олган беш турдаги муҳим материалларни ишлаб чиқаришни ўзлаштирган. Айни пайтда умумий инвестиция қиймати 4,2 млрд доллар бўлган 140 тадан ортиқ лойиҳа, жумладан, ўта юқори тозаликдаги металларни ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

А.Абидов илмий-саноат кооперациясининг истиқболли йўналишлари сифатида технологик металларни чуқур қайта ишлаш ва якуний маҳсулотлар ишлаб чиқаришни (downstream) ривожлантириш, қўшма илмий-тадқиқот марказларини (R&D марказлари) ташкил этиш, шунингдек, илм-фан, саноат ва технологик тадбиркорлик ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича Исроил тажрибасини ҳисобга олган ҳолда стартаплар консорциумини шакллантиришни алоҳида таъкидлади.

Иштирокчилар вольфрам ва молибден кластерларини ривожлантириш, хомашёни чуқур қайта ишлаш технологияларини такомиллаштириш, янги материаллар ва қотишмалар олиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Корхоналар билан ҳамкорликдаги ишларга еттита ихтисослашган илмий ва таълим муассасаси жалб этилган. Ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, маҳсулот таннархини пасайтириш ва янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш асосий вазифалар этиб белгиланган.

Очиқ мулоқот давомида иштирокчилар илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига корхоналар буюртмаларини шакллантириш ва жойлаштириш, лойиҳаларни молиялаштириш ҳамда илмий-технологик ечимларни давлат харидлари орқали сотиб олиш механизмларини кўриб чиқдилар.

Интеллектуал мулк масалалари, илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш ҳамда илмий жамоалар ва саноат корхоналари ўртасидаги ҳамкорликка тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунлари бўйича муҳим минераллар соҳасида илмий-саноат кооперациясини ривожлантириш, илмий ишланмаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш ҳамда давлат харидлари масалалари бўйича ўқув семинарлари ва тренинглар ўтказиш юзасидан дастлабки келишувларга эришилди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар