Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги ўзаро савдо-сотиқнинг амалга оширилмаган салоҳиятини баҳолади

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги ўзаро савдо-сотиқнинг амалга оширилмаган салоҳиятини баҳолади

Бугун Ўзбекистон Республикасининг Белгиядаги элчихонаси томонидан «EURACTIV» медиа портали билан биргаликда ташкил этилган "Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро ҳамкорлиги: нима учун минтақада ва ундан ташқарида муҳим" мавзудаги виртуал конференцияси бўлиб ўтди.

Ушбу тадбир Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 15-16 июль кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида ўтказиладиган халқаро конференциясига бағишланган.

Видеоконференциядан кўзланган мақсад Европа сиёсий-дипломатик, эксперт-таҳлилий, ишбилармон доиралари ва оммавий ахборот воситалари эътиборига Ўзбекистон томонидан Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида илгари сурилган ташаббусни ҳавола этишдан иборат.

Тадбирда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори О. Ҳакимов иштирок этди ва у Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро савдо-сотиқнинг амалга оширилмаган салоҳиятини баҳолаш учун саммит иштирокчиларига Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилининг натижаларини тақдим этди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази раҳбари ўзининг нутқида минтақа мамлакатлари ўртасида амалга оширилмаган савдо-сотиқ салоҳиятини ривожлантириш имкониятларига тўхталган.

2020 йил якунларига кўра Марказий Осиё ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги умумий савдо айланмаси 4,4 млрд. долларни ёки уларнинг умумий ташқи савдо айланмасининг (142,6 млрд. доллар) 3,2% ни ташкил этди.

Марказий Осиё мамлакатларининг ва Жанубий Осиё мамлакатлари билан савдо айланмасидаги энг катта улушни Қозоғистон (52,8%), Ўзбекистон (31,2%) ва Туркманистон (10,4%) эгаллайди.

BCG халқаро консалтинг кампанияси «Марказий Осиё инвестицияси: битта минтақа, кўп имкониятлар» («Investing in Central Asia: one region, many opportunities») номланган ҳисоботига кўра, 2018 йилдан кейинги 10 йил давомида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича Марказий Осиё салоҳияти 170 миллиард долларгача, шу жумладан, қайта ишлаш саноатига 40-70 миллиард долларга қадар баҳоланмоқда.

Шу билан бирга, Марказий Осиё мамлакатлари экспортининг таркиби ва Жанубий Осиё мамлакатлари импортининг таркибини қиёсий таҳлил қилиш шуни кўрсатдики, бир-бирига мос келадиган товар буюмларига кўра, Жанубий Осиё мамлакатлари импорти қарийб 560 млрд. долларни ташкил қилади.

"Албатта, бу Марказий Осиё давлатлари Жанубий Осиё мамлакатлари импортининг белгиланган ҳажмини алмаштириши мумкин дегани эмас, лекин бу ўзаро савдода фойдаланилмаган салоҳият мавжудлигини кўрсатади", - деди Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори.

Масалан, 2019 йилда Жанубий Осиё мамлакатлари 8,6 млрд. долларлик кимёвий ўғитлар импорт қилган, шу жумладан, Ҳиндистонни 7,2 млрд. долларга, Бангладешни 749,2 млн. долларга, Покистонни эса 606,0 млн.долларга.

Шу билан бирга, Марказий Осиё мамлакатлари ташқи бозорга 384,3 млн. долларлик кимёвий ўғитлар экспорт қилди, шундан атиги 32,3 млн.доллари Жанубий Осиё мамлакатларига. Шу жумладан, Ўзбекистон 2019 йилда 135,9 млн. долларлик минерал ўғитлар экспорт қилган бўлса, шундан фақат 24,9 млн.доллари Жанубий Осиё мамлакатларига, асосан Афғонистонга 24,1 млн., Ҳиндистонга 0,4 млн. ва Шри Ланкага 0,3 млн. тўғри келди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлиллари шуни кўрсатдики, Марказий Осиё давлатлари учун озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, буғдой, мева, сабзавот, дуккакли экинлар ҳамда ёнғоқлар экспортини кўпайтириш учун ҳали амалга ошмаган имкониятлар мавжуд.

"Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари Жанубий Осиё мамлакатлари билан, айниқса, Афғонистон, Ҳиндистон ва Покистон билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор", - дейди Обид Ҳакимов.

Ҳисоб-китобларга кўра, Марказий Осиё давлатлари экспортининг энг катта ҳажмлари унинг географик яқинлиги, шунингдек, Ўзбекистон ва халқаро молия ташкилотлари иштирокида сўнгги йилларда яратилган транспорт инфратузилмасининг мавжудлиги туфайли Афғонистонга тўғри келади.

Шунингдек, Ўзбекистон 2023 йилга қадар Aфғонистон билан ўзаро товар айланмасининг йиллик ҳажмини 2 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда, шунингдек, у билан "Имтиёзли савдо шартномаси"ни имзоланишини режалаштирмоқда.

Ўз навбатида, Европа томони Европа Иттифоқининг ўзаро алоқа ва коммуникацияларни қуриш бўйича тажрибаси Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари учун алоҳида қизиқиш уйғотиши мумкинлигини таъкидлади. Мутахассислар томонидан 5 та асосий босқич, хусусан, глобаллашув, ўз-ўзини изоляциядан чиқариш йўли, халқаро савдо, барқарорлик ва ҳамкорликни ривожлантириш белгилаб олинди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази раҳбари Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида гапириб, асосий йўналишларни санаб ўтди. Жумладан, Марказий Осиё давлатларининг жанубий денгиз портларига чиқишни таъминловчи янги транспорт йўлакларини кўриш, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик (электр энергияси, табиий газ, нефт маҳсулотларини экспорт қилиш), ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш, шунингдек ташқи савдони кенгайтириш ва диверсификация қилиш.

Шу билан бирга, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Марказий ва Жанубий Осиё Aфғонистон билан чегарада боғланганлигини, бу икки минтақа ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини бажаришини таъкидлади.

Шу муносабат билан Обид Ҳакимов "Aфғонистондаги вазиятнинг барқарорлашиши савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни ўрнатиш, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасида транспорт-коммуникацион ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш имкониятларини кенгайтиради" деб таъкидлади.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази жамоатчилик билан алоқалар хизмати


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар