Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида ишбилармонлик фаоллиги таҳлили ҳар ойда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан тезкор маълумотлар асосида (республиканинг барча соҳалари бўйича ўтказилган мониторинг, Давлат божхона қўмитаси, ДСҚ, МБ ва ЎзРХТБ) ҳисоблаб чиқилади.
Мониторинг натижалари шуни кўрсатдики, жорий йилнинг 1 январидан 31 июлигача бўлган даврда республикада солиқ тушумлари ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15,9%га ошган.
Жумладан, Фарғона (39,4%), Самарқанд (35,3%), Сурхондарё (34,5%), Сирдарё (34,4%), Бухоро (33,9%), Хоразм (32,4%) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (42,6%) солиқ тушумларининг сезиларли ўсиши қайд этилди.
Солиқ тушумларининг ўсиши иқтисодиётдаги ижобий ўзгаришлар натижасида, шунингдек, солиқ маъмуриятчилиги тизимини такомиллаштириш, жумладан янги маъмурий воситаларни жорий этиш, жараёнларни рақамлаштириш ва автоматлаштириш, тадбиркорлик фаолиятини қонунийлаштириш ва солиқ қонунчилиги талабларига риоя этиш тартибини соддалаштириш ҳисобига таъминланди.
Таҳлил қилинаётган даврда божхона тўловлари бўйича тушумлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 41,9%га ошди. Божхона тушумларининг энг катта ўсиши Қорақалпоғистон Республикаси (62,8%), Андижон (57,2%), Бухоро (51,7%), Жиззах (47,4%), Хоразм (46,5%) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (48,4%) кузатилди.
Божхона тушумларининг ўсиши ташқи савдо айланмасининг ўсиши, мамлакатимизда ишлаб чиқариш қувватларининг ошириши, божхона маъмуриятчилиги тартиб-таомилларини соддалаштириш, жараёнларни рақамлаштириш ва автоматлаштириш, жумладан, божхона органлари томонидан рискларни бошқариш тизимидан кенг фойдаланиш ҳисобига таъминланди.
Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, йил бошидан 31 июлга қадар товарлар экспорти ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 22,3%га ошган. Товарлар экспорт ҳажмининг сезиларли ўсиши Қашқадарё (45,0%), Самарқанд (41,4%), Андижон (32,5%), Наманган (31,3%), Фарғона (25,1%) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (44,5%) қайд этилди.
Ўзбекистон экспортининг ўсиши саноат маҳсулотлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, кимё ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортининг ўсиш суръатлари билан изоҳланади.
Товар экспортининг қисқариши Бухоро (16,7 фоизга), Сурхондарё (7,8 фоиз) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (15,9 фоизга) кузатилди.
Бухоро вилоятида экспорт ҳажмининг камайиши 2022-йилнинг январ-июль ойларида пахта толаси экспорти камайганлиги билан, бу эса маҳсулотларнинг ички бозорга йўналтирилганлиги билан боғлиқ.
Қорақалпоғистон Республикасида экспорт ҳажмининг камайиши пластмасса ва ундан тайёрланган маҳсулотлар, ип-калава ва (қизилмия илдизидан тайёрланадиган) фармацевтика маҳсулотлари экспортининг камайганлиги билан, шунингдек, пахта толаси экспортининг бутунлай бекор қилиниши ва ички бозорга йўналтирилиши билан изоҳланади.
Ўз навбатида, Сурхондарё вилоятида экспорт ҳажмининг камайиши мева-сабзавот маҳсулотлари экспортининг камайиши ҳамда пахта толаси ва калаванинг ички бозорга йўналтирилиши билан боғлиқ.
Жорий йилнинг 1 январидан 31 июлигача бўлган даврда тижорат банклари томонидан берилган кредитлар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13,3%га ўсди.
Берилган кредитлар ҳажмининг ўсиши Фарғона (34,4%), Андижон (22,8%), Хоразм (18,0%) вилоятларида, Тошкент шаҳрида (19,1%) ва Қорақалпоғистон Республикасида (31,2%) кузатилган.
Сирдарё (-31,6%), Сурхондарё (-2,6%) ва Навоий (-1,8%) вилоятларида ажратилган кредитлар миқдорининг камайганлиги кузатилди. Бу 2021 йилда текстил ва бошқа ишлаб чиқариш лойиҳалари учун катта миқдорда кредитлар ажратилиши билан боғлиқ.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки маълумотларига кўра, республикасизнинг бази бир вилоятларида ажратилган кредитлар миқдорининг камайиши базис даврда (2021 йил январь ва февраль) иқтисодиётнинг реал секторидаги йирик лойиҳаларга катта миқдорда кредитлар ажратилганлиги билан изоҳланади. Ҳисобот даврида эса асосан ушбу лойиҳалар бўйича кредитларни қайтариш операциялари амалга оширилмоқда.
Таҳлил қилинаётган даврда Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржасида тузилган битимлар ҳажми 44,1%га ўсди. Биржада савдо фаоллигининг сезиларли ўсиши Хоразм (69,3%), Навоий (60,1%), Жиззах (56,4%), Тошкент (48,1%) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (62,5%) кузатилди.
Ушбу ҳудудларда тузилган битимлар ҳажмининг ўсиши минерал ўғитлар, техник чигитлар, ўсимлик ёғи, автомобил бензини, қурилиш ва хўжалик материаллари, дизел ёқилғиси, буғдой уни, пахта толаси, қора ва рангли металлар, полиэтилен, этил спирти ва бошқа маҳсулотлар савдосининг кўпайиши ҳисобидан эришилган.
Шу билан бирга, Сирдарё вилоятида 1,6 фоизга қисқариш кузатилди. Бу полипропилен, пахта толаси, ўсимлик ёғи, техник чигитлар, қора ва рангли металл, цемент, шрот ва шелуха, омухта ем, совун маҳсулотлари ва техник ёғ савдоси бўйича тузилган битимлар сони ва ҳажмининг камайиши билан изоҳланади.
Таҳлил қилинаётган даврда 55 740 та янги хўжалик юритувчи субъектлар ташкил этилиб, уларнинг энг кўпи Самарқанд (7 183), Қашқадарё (5 593), Фарғона (5 099), Тошкент (4 107), Андижон (3 702) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (8 990) рўйхатга олинган.
Изоҳ қолдириш