Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йилнинг январь-сентябрь ойларида ялпи ички маҳсулот 6,6%га ўсган (2023 йилнинг шу даврида 6,5%).
Кўриб чиқилаётган даврда асосий иқтисодий ҳамкор мамлакатларда ижобий динамика ривожланди. Хусусан, Қозоғистонда ЯИМ 4%га, Қирғизистонда 8,4%га ўсди. Россия Федерацияси Иқтисодий ривожланиш вазирлиги маълумотларига кўра, Россияда январь-август ойларида ЯИМ 4,2%га ўсди.
2024 йилнинг 9 ойи давомида Ўзбекистонда нархлар ўсишининг тезлашиши кузатилди. Жумладан, истеъмол нархлари индекси сентябрь ойи охирида 6,8%га ўсди (ўтган йилнинг шу даврида нархлар 5,1%га ўсган). Йиллик кўрсаткичда нархларнинг ўсиши 10,5%ни ташкил этди (2023 йил сентябрь ойи якуни бўйича 9,2%). Шу билан бирга, мавсумий тебранишлар туфайли озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари йил бошидан буён 1,4%га пасайди (2023 йилнинг 9 ойида 5,6%га ўсган). Ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиш динамикаси 5,5%гача тезлашди (2023 йил январь-сентябрь ойларида 4,8%). Нархларнинг энг катта ўсиши хизматлар соҳасида 24%га (2023 йилнинг 9 ойида 4,7%) кузатилди, асосан, кўриб чиқилаётган даврда 66%га ошган энергия тарифларининг ошиши ҳисобига.
Инвестицияларни жалб қилишнинг юқори динамикаси мавжуд. Таҳлил қилинаётган даврда асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар ҳажми 31%га ошган бўлса, ўтган йилнинг шу давридаги ўсиш 18,9%ни ташкил этган. Асосий оқим марказлаштирилмаган инвестициялар бўйича кузатилмоқда – 35%га ўсиш, асосан, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш суръатининг 47%га ошиши ҳисобига. Шунингдек, аҳоли маблағлари ҳисобидан инвестициялар 5,1%га, корхоналар 0,7%га ошди. Шу билан бирга, тижорат банклари кредитлари ҳисобидан инвестициялар 26%га камайди. Марказлаштирилган инвестициялар ҳажми 5,9%га ўсди, шу билан бирга бюджет маблағлари ҳисобидан йўналтирилган инвестициялар 26%га камайганлигини қайд этиш жоиз.
Январь-сентябрь ойларида асосий капиталга йўналтирилган инвестицияларнинг умумий ҳажмида марказлаштирилган инвестициялар улуши 10,8%гача (2023 йил январь-сентябрь ойларидаги 13,3%) камайди, марказлаштирилмаган инвестициялар эса мос равишда 89,2%гача ошди.
Таҳлил қилинаётган даврда иқтисодиётнинг барча тармоқларида ишлаб чиқариш ўсиши кузатилди.
Қишлоқ хўжалигида маҳсулот ишлаб чиқаришнинг ўсиш суръати ўтган йилга нисбатан бироз пасайиб, 3,1%ни ташкил этди (2023 йил январь-сентябрь ойларида 4,1%). Ўсимликчилик ва чорвачилик 3,1%га, ўрмон хўжалиги 2,9%га, балиқчилик 1,3%га ўсди.
Саноат ишлаб чиқариши жадал суръатлар билан ривожланмоқда – жорий йилнинг 9 ойи давомида 7%га ўсди (2023 йил январь-сентябрь ойларида – 5,7%). Ишлаб чиқариш саноатида ишлаб чиқариш ҳажми 8,2%га (2023 йил январь-сентябрь ойларида – 6,4%), тоғ-кон саноатида ўсиш 1,3%га ошди (2023 йилнинг 9 ойи давомида – 0,4%ни ташкил этди). Электр таъминоти, газ, буғ узатиш ва ҳавони совутиш соҳасида ўсиш суръатлари ўтган йилгидан бироз паст булиб, 2023 йил январь-сентябрь ойларидаги 8,9%га нисбатан 4,5%ни, сув таъминоти ва чиқиндиларни утилизация қилиш секторида ҳам худди шундай 6,8%га нисбатан 5,9%ни ташкил этди.
Қурилиш ишлари динамикаси 2023 йилнинг январь-сентябрь ойларидаги 7,1%дан 2024 йилнинг 9 ойида 9,1%гача ўсди.
Кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми кўриб чиқилаётган даврда 12,8%га (2023 йил январь-сентябрь ойларида 12%) ошди. Хизмат кўрсатиш соҳалари бўйича энг катта ўсиш ахборот ва коммуникациялар соҳасида 23%, молиявий хизматлар 20%, таълим хизматлари 16%, кўчмас мулк билан боғлиқ хизматлар 13%, савдо 11%, турар жой ва озиқ-овқат хизматлари 10% кузатилди. Кўриб чиқилаётган даврда чакана товар айланмаси 9,2%га ўсди (2023 йил январь-сентябрь ойларида 7,4%).
2024 йил январь-сентябрь ойларида транспорт хизматлари ҳажми 8,6%га, шу жумладан автотранспорт хизматлари ҳажми 12%га ошди. Юк айланмаси 3,9%га, йўловчи айланмаси 5,8%га ўсди.
Ўтган йилга нисбатан ташқи савдо динамикаси секинлашди. 9 ой якуни бўйича ташқи савдо айланмаси 7,7%га (2023 йил январь-сентябрь ойларда 22%) ўсди ва 48,2 млрд долларни ташкил этди. Экспорт 11%га (2023 йил январь-сентябрь ойларида 23%), импорт 5,2%га (2023 йил январь-сентябрь ойларида 5,2%) ўсди.
Маҳсулот турлари бўйича ёқилғи-мойлаш материаллари экспорти 50%га, хизматлар 30%га, кимёвий маҳсулотлар 26%га, озиқ-овқат маҳсулотлари 13%га, саноат товарлари 3,7%га ошган, аммо машина ва транспорт ускуналари экспорти 6%га, турли тайёр маҳсулотлар 13%га камайди.
Шу билан бирга, ёқилғи-мойлаш материаллари импорти 59%га, хизматлар 42%га, озиқ-овқат маҳсулотлари 4,2%га, турли тайёр маҳсулотлар 2,7%га ошган, бироқ машина ва транспорт ускуналари импорти 2,2%га, саноат товарлари - 4,3%га, кимёвий маҳсулотлар - 3,1%га, ноозиқ-овқат хомашёси 3,6%га ўсди.
Шундай қилиб, 9 ой давомида Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсишни кўрсатди. Йил охиригача ЯИМ камида 6%га ошиши кутилмоқда.
Руслан Абатуров,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Изоҳ қолдириш