Президент Шавкат Мирзиёевнинг қайд этишича, тижорат банкларининг узоқ муддатли ресурс базаси ва кредитларнинг мақбул фоиз ставкаларини шакллантириш бўйича, кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўришимиз талаб этилади.
Банкларнинг капиталини ошириш бўйича қўшимча имкониятлар ишга солинади. Келгуси йилда банкларга Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан бозор тамойиллари асосида қўшимча 600 миллион доллар ажратилади. Бу маблағлар танлов асосида, ҳам давлат, ҳам хусусий банкларга жойлаштирилади.
Давлат раҳбари қайси банк энг яхши бизнес режа, қайтими юқори ва энг кўп иш ўрни яратадиган лойиҳаларни тақдим қилса, ўшанга ушбу маблағлар ажратилишини таъкидлади.
"Сизлардан келиб тушган мурожаатларнинг 40 фоизи бизнесни молиялаштириш ва молия-кредит масалалари билан боғлиқ.
Жумладан, ушбу мурожаатларнинг асосий қисмида кредит ставкаларининг юқорилиги, ва кўплаб кредитларнинг қисқа муддатга, тадбиркор учун ноқулай шартларда берилаётгани қайд этилган.
Ҳақиқатдан ҳам, тан олиб айтишимиз керак, тадбиркорларга бугунги кунда берилаётган аксарият кредитларнинг муддати 3 йилдан ошмайди.
Шунингдек, банклар томонидан йиллик 8-10 фоиздан хорижий валютада 18 мингга яқин тадбиркорларга берилган кредит валюта курсининг мунтазам ўсиши ҳисобига қўшимча харажатларни юзага келтирмоқда.
Бу ҳақда мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушгани ҳам ушбу масалалар тадбиркорликни ривожлантириш учун оғир юк бўлиб турганини кўрсатмоқда.
Шу боис, тижорат банкларининг узоқ муддатли ресурс базаси ва кредитларнинг мақбул фоиз ставкаларини шакллантириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўришимиз талаб этилади", деди Шавкат Мирзиёев.
Изоҳ қолдириш