2021 йил 5 март куни Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори ўринбосари Умид Абидходжаев Ўзбекистон ва Германия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 29 йиллигига бағишланган ўзбекистон-герман видеоконференциясида иштирок этди.
Тадбир стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Конрада Аденауэр жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Анжумандан кўзланган мақсад савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар соҳаларда, жумладан, пандемиядан кейинги даврда ўзбекистон-герман ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Тадбирда Тошкент ва Берлиндаги дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари, илмий-таҳлилий тузилмаларнинг етакчи экспертлари ҳамда расмий доиралар вакиллари иштирок этди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори ўринбосари У. Абидходжаев ўз нутқида Европа Иттифоқи давлатлари орасида Германия Ўзбекистоннинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкори эканлигини алоҳида таъкидлади.
Умуман олганда, сўнгги уч йил ичида Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги савдо айланмасининг ўсишида ижобий тенденция кузатилди. Сирасини айтганда, 2016 йилдан 2019 йилгача икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси 87% га ўсиб, 529,1 млн доллардан 989,8 млн долларгача ошди. Шунингдек, экспорт 69% га, импорт эса 88,4% га ўсди.
2020 йилда коронавирус пандемияси туфайли савдо айланмаси 16,2% га камайиб, 829,0 млн. долларни ташкил этди. Жумладан, экспорт аксинча 13,3% ошди, яъни,62,2 млн доллардан 70,5 млн. долларгача, импорт эса 18,2% камайди, яъни, 927,5 млн доллардан 758,5 млн. долларгача.
Ўзаро савдодаги номутаносибликни қайд этган У. Абидходжаев Ўзбекистон "GSP +" мақомини иложи борича тезроқ қабул қилиши ЕИ мамлакатларига, шу жумладан, Германияга тайёр маҳсулотлар экспортини ошириш имконини беришини таъкидлади.
2020 йилда 110 га яқин инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида Германиянинг ўзлаштирилган инвестициялари ҳажми 25% га ўсди ва 710 млн. доллардан ошди.
Германиянинг иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги икки томонлама ҳамкорлик учун шерик мамлакатлар рўйхатини қисқартирадиган янги "2030 стратегия"сини ишлаб чиқди. Шу билан бирга, Марказий Осиё давлатларининг қисқартирилган рўйхатига фақат Ўзбекистон киритилди, бу эса қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича икки томонлама ҳамкорликни давом эттириш имконини беради.
Жумладан, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори ўринбосари Германия билан минтақа мамлакатларига, жумладан, Жанубий Осиё, хусусан, Афғонистон бозорларига экспорт қилиш учун тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш объектларини яратиш бўйича ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик катта истиқболга эга бўлиб, иқтисодий ҳамкорликнинг янги шакл ва йўналишларини топиш ва ривожлантиришни давом эттириш зарурлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг февралида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директор ўринбосари У. Абидходжаевдан иборат делегация Берлинга ташриф буюрди. Унда Ўзбекистон-Германия ҳамкорлигининг истиқболли йўналишлари, шунингдек, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, минтақавий ва глобал савдо-иқтисодий тузилмалар билан ҳамкорлик қилишнинг долзарб масалаларини муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, 2020 йил апрель ойида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази "Berlin Economics" консалтинг компанияси кўмагида бизнес иқлим индекси (Geschäftsklimaindex)ни ишлаб чиқиш бўйича Германия тажрибасини ўрганиш учун Иқтисодий тадқиқотлар институтида "ifo Institut" (Германия) вебинар ўтказилган.
Кўрсаткичларни йиғиш учун IFO формулаларидан фойдаланган ҳолда индексни ишлаб чиқиш бўйича батафсил маълумотлар олинди. Ўтган йилнинг май ойидан бошлаб Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳар ойда 1000 дан ортиқ корхоналар ўртасида бир хил IFO методологияси ёрдамида яратилган Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитини баҳолаш бўйича сўров ўтказмоқда.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Берлин иқтисодий гуруҳи билан ҳамкорликни янада чуқур давом эттирмоқда. Хусусан, жорий йилда ЯИМни прогнозлаш методологиясини кўриб чиқиш ва уларнинг афзалликлари ҳамда камчиликларини таққослаш, шунингдек, таъминот томонидан қисқа муддатли ва узоқ муддатли ЯИМни прогноз қилишнинг оптимал методологиясини ишлаб чиқиш ва бу методологияни амалда қўллаш режалаштирилган.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
жамоатчилик билан алоқалар хизмати
Изоҳ қолдириш