Инфографика: 2017–2024 йилларда Ўзбекистонда АКТ соҳасининг ривожланиши

Инфографика: 2017–2024 йилларда Ўзбекистонда АКТ соҳасининг ривожланиши

АКТ соҳаси

2017 йилдан бошлаб IT-хизматлар ҳажми етти йил ичида 7 баробарга ошиб, 2024 йилда 57 трлн сўмга етди. Бу ўсиш мамлакатимизда бозор иқтисодиётига асосланган тартибларни жорий этиш ва ахборот ва алоқа технологияларини ривожлантириш бўйича амалга оширилиб келаётган изчил ислоҳотлар натижасида соҳага хусусий секторнинг кириб келиши билан изоҳланади.

Ислоҳотларнинг аҳамиятли йўналишидан бири, бу биринчи навбатда инфратузилмани ривожлантириш орқали аҳоли ва бизнес учун ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш имкониятларининг сифатини ва қамровини ошириш. Масалан, 2017 йилда мобил алоқа станциялари сони 20 мингтани ташкил этган бўлса, 2024 йилда 85 мингтани ташкил этиб, 4 баробарга кўпайган. Оптик толали алоқа линиялари эса 25 минг кмдан 293 минг кмга етиб деярли 12 баробарга ошган.

Бундан ташқари интернет тезлигида кескин позитив ўзгаришлар кузатилмоқда. Охирги 7 йил давомида интернет каналлари тезлиги 1 сонияда 110 Гбитдан 4200 Гбитгача етиб, 38 баробар ошган.

Мамлакатимизда АКТ соҳасининг инфратузилмавий ва ҳуқуқий барқарорликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар самарасини экспорт кўрсаткичлари орқали баҳолаш мумкин. Шундай қилиб, IT-хизматлар экспорти 2017 йилда 151 млн доллардан 2024 йилда 641 млн долларгача кўпайди.

Соҳага жалб қилинганлар сони ҳам йилдан йилга ошиб келмоқда. Кўрилаётган даврда ушбу кўрсаткич 118 фоизга ошиб 38 минг нафардан 83 минг нафаргача етди.

IT Парк

Ўзбекистонда АКТ соҳасини ривожланишида IT-йўналишига алоҳида эътибор қаратилади. IT-Парк аъзолари фаолияти учун яратилган қулай шарт-шароитлар натижасида охирги тўрт йил ичида кўрсатилган IT-хизматлар ҳажми фақатгина IT-Парк доирасида 1 трлн сўмдан 20,5 трлн сўмгача кўпайди. Резидентлар сони 411 тадан 2600 тагача, шу жумладан хорижий компаниялар сони 14 тадан 642 тагача ортди. IT-Парк резидентлари бўлган корхоналардаги бандлик кўрсаткичи 6 минг нафардан 39 минг нафаргача етди.

Экспорт соҳасида ҳам кескин ўзгаришлар кузатилаяпти. Агар 2020 йилда экспорт ҳажми 16 млн доллар бўлган бўлса, 2024 йилда ушбу кўрсаткич 455 млн долларга етган. IT-Паркнинг умумий экспортдаги улуши эса 50%дан ортди.

Ўзбекистон IT-хизматлари ҳозирги пайтда чет эл бозорида ҳам тобора рақобатбардош бўлиб бормоқда. Экспортнинг асосий қисми - 46 фоизи - Шимолий Америкага йўналтирилади ва қолган 54 фоизи эса Европа Иттифоқи ва Буюк Британия (21%), МДҲ ва Осиё-Тинч океани минтақаси (27%) ҳамда Яқин Шарқ (6%) улушига тўғри келади.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар