2025 йил 27 январда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) ҳамда Лейбниц қишлоқ хўжалигини ривожлантириш институти (IAMO) ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Меморандум Марказ раҳбари доктор Обид Хакимов ва IAMO директори, профессор Томасом Херцфельд томонидан онлайн тарзда имзоланди.
Шартнома илмий ҳамкорликни ривожлантириш, билим алмашиш ва аграр соҳадаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Доктор Обид Ҳакимов ўз нутқида Ўзбекистондаги амалга оширилаётган фаол ислоҳотлар шароитида мамлакатнинг барқарор иқтисодий ўсишишни таъминлашда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги самарадорлик кўрсаткичларини ошириш ва бу борада илмий изланишларни кенгайтиришга зарурият ортиб бораётганлигини таъкидлади. Республикада қишлоқ хўжалигини рақобатбардошлигини ошириш ва инновацион технологияларни жорий этишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Профессор Томас Херцфельд ушбу ҳамкорлик Европа ва Ўзбекистон ақл марказлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим қадам эканлигини таъкидлади. Унинг қўшимча қилишича, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва қишлоқ хўжалиги сиёсатини оптималлаштириш бўйича замонавий ечимларни ишлаб чиқишга имкон беради.
Ҳамкорлик доирасида билим ва тажриба алмашиш, мутахассислар учун семинар ва тренинглар ташкил этиш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш ва ҳукумат учун тавсиялар ишлаб чиқиш режалаштирилган. Бу янада самарали ва барқарор қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тизимларини яратиш учун илғор тажриба ва технологияларни жорий этиш имконини беради.
Томонлар ушбу ҳамкорлик Ўзбекистонда аграр секторини барқарор ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва аҳоли турмуш даражасини оширишга кўмаклашиш имконини беришига ишонч билдирмоқда.
Маълумот учун: IAMO — қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоқларида иқтисодий трансформация жараёнларини ўрганувчи етакчи Германия тадқиқот институти. Унинг фаолияти қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш бўйича самарали сиёсат ва стратегияларни ишлаб чиқиш мақсадида ўтиш даври иқтисодиёти давлатларини, шу жумладан, Марказий Осиё мамлакатларини ўрганишга қаратилган.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар маркази
Изоҳ қолдириш