ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси директори Синди Малвичини билан интервью.
Бу йил ОТБ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликга 25 йил бўлди. Ушбу ҳамкорлик тарихидаги энг ёрқин воқеаларни ва йирик лойиҳаларни кўрсатиш мумкинми? 2017 йилда Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг янги босқичи бошланиши билан ҳамкорликда янги хусусиятлар ва жиҳатлар пайдо бўлдими?
Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонда 1995 йилдан бери фаолият юритиб келяпти. Бунда биз ривожланиш соҳасида Ўзбекистоннинг асосий ҳамкори бўлиб қоляпмиз.
ОТБ кам ва ўртача даромадли қишлоқ оилалари учун 56000 дан ортиқ уйлар қурилишига ўз ҳиссасини қўшди. Амалдаги дастур доирасида биз яна 14,5 мингта уйнинг қурилишида ёрдам беряпмиз.
ОТБ қишлоқ жойларда 793 оилавий тиббиёт поликлиникасини очишда ва жиҳозлашда ёрдам берди. 37,900 дан ортиқ кичик ва ўрта корхоналар (уларнинг 32 фоизини аёллар бошқаради) ОТБ билан ҳамкорликда бўлган молия институтларидан тижорат кредитлари олди.
Энергия соҳасида ОТБ Талимаржон ва Тахиатош электр станцияларини буғ-газ ускуналарини қуришда ва электр узатиш тармоқларини такомиллаштиришда қўллаб-қувватламоқда. Шунингдек, у миллий электр энгергетика компаниясига автоматлаштирилган ҳисоблагич тизимларини ўрнатиш орқали молиявий барқарорликни яхшилашга ёрдам бермоқда.
ОТБ Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик (МОМИҲ) йўлаклари бўйлаб автомобил ва темир йўллар билан боғлиқ лойиҳаларини молиялаштирмоқда.
Сув таъминоти ва санитария хизматларини ривожлантириш бўйича инвестиция дастури доирасида 4800 дан ортиқ уй хўжаликлари ишончли сув таъминотига уланди ва 170 минг киши сифатли оқава сув хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Айни пайтда ОТБ Қорақалпоғистондаги 116 қишлоқ аҳоли пунктларидаги 388 минг аҳолини хавфсиз сув билан таъминлаш, Жиззах шаҳридаги канализация тизимини кенгайтириш ва Тошкент вилоятида янги ичимлик суви тозалаш иншоотини қуриш бўйича иш олиб бормоқда. Шунингдек, биз 220 мингдан ортиқ одам фойдаланиш имкониятига эга бўлган Тошкент вилоятининг Янгийўл ва Чиноз туманларида сув таъминоти тизимини кенгайтиришда кўмаклашмоқдамиз.
Беш вилоятдаги 3,2 миллиондан ортиқ аҳоли қишлоқ хўжалиги экинларини сув билан таъминлайдиган суғориш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятига эга. ОТБ шунингдек, экинларни диверсификациялашда, ҳамда Ўзбекистоннинг боғдорчилик соҳасидаги ишлаб чиқариш ва етказиб бериш занжирларида ва инфратузилмасида ва чорвачиликда қўшилган қиймат занжирларида хусусий секторнинг иштирокини оширишда ёрдам бермоқда.
ОТБ давлат ва хусусий шерикликни қўллаб-қувватлашни давом эттирмоқда ва бундай лойиҳалар жумласига Сурхондарё вилоятида қуёш энергияси, Тошкент шаҳрида марказлашган иситиш тизимини модернизация қилиш ва давлат мактабларини реконструкция қилиш, Наманганда сув ва канализация инфратузилмасини такоминлаштириш лойиҳалари киради.
Биз қўллаб-қувватлаётган ҳар бир лойиҳада ОТБ Ҳукумат билан Ўзбекистоннинг атроф-муҳит ва ижтимоий ҳимоя чораларини кучайтириш ва халқаро харидлар, молиявий бошқарув, коррупцияга қарши кураш ва гендер тенглиги борасидаги халқаро амалиёт билан мувофиқлаштириш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.
2017 йилда бошланган ислоҳотлар Ўзбекистон билан ҳамкорлигимизни кенгайтирди. Энди бизнинг ёрдамимиз ўз ичига илгаригидан ҳам кўпроқ ислоҳотлар бўйича тавсияларни ўз ичига олади. Энергетика, автомобил ва темир йўллар, сув таъминоти ва канализация, қаттиқ чиқиндиларни бошқариш, сув ресурсларини бошқариш ва қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, давлат молияси, капитал ва ипотека кредитлаш бозорларини ривожлантириш соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашимизда Ўзбекистон бизга ишонади.
Осиё тараққиёт банкининг мезонлари ва ёндашувларига мувофиқ 2017 йилда қабул қилинган ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясини қандай баҳолайсиз? Сизнингча, у Ўзбекистон иқтисодий ривожланишининг ҳозирги босқичи муаммоларини ечишга қанчалик мос келади? Уни ишлаб чиқишда ОТБ мутахассислари иштирок этганми?
Айтиб ўтганингиздек, 3 йил олдин Ҳукумат кенг қамровли ва жуда муҳим иқтисодий ислоҳотларни бошлади. 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилиш орқали Ҳукумат Ўзбекистоннинг ушбу ислоҳотларга содиқлигини намойиш этди. Гарчи ОТБ стратегияни ишлаб чиқишда бевосита иштирок этмаган бўлсада, у ўз фаолиятини белгиланган устувор йўналишлар билан мувофиқлаштирди.
ОТБ қарз тақдим этиш учун лойиҳаларни қандай мезонлар асосида танлайди?
Лойиҳаларимизни режалаштиришда / лойиҳалар дастурларини тайёрлашда биз суверен молиялаштириш (давлатга тақдим этиладиган қарз асосида) учун янги лойиҳаларнинг қайси бири устувор бўлишини қуйидаги бир неча мезонлар асосида аниқлаймиз:
- Секторни ривожлантиришга бўлган эҳтиёж.
- Биз қўшиш мумкин бўлган қўшимча қиймат ва имкониятларимиз.
- Лойиҳани амалга ошириш учун маъсул тегишли вазирлик ва идораларнинг ўзлаштириш салоҳияти.
- Ташқи қарз олишда Ҳукуматнинг чекловлари.
- Таклиф этилаётган лойиҳаларнинг амалга оширишга тайёрлиги.
- Лойиҳага хусусий секторни жалб қилиш усуллари.
Иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш ОТБ дастурларида устувор йўналиш бўлиб ҳисобланади ва биз бу масалаларни ўз лойиҳаларимизда инобатга олишга ҳаракат қиламиз. Масалан, биз иқлим ўзгаришига чидамлиликни оширишга қаратилган сувни бошқариш бўйича лойиҳани амалга оширишни режалаштирмоқдамиз. Бандан ташқари, энергетика соҳасини ислоҳ қилиш дастуримиз чиқиндиларни ва қазиб олинадиган ёқилғидан фойдаланишни камайтириш бўйича аниқ сиёсатни ўз ичига олади.
ОТБ Ўзбекистонга кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун мунтазам равишда карзлар ажратиб туради. Ушбу йўналиш ҳақида батафсилроқ маълумот беринг.
ОТБнинг Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга кўмаги борасида гапирар эканмиз, 1996 йилдан бери ОТБ Ўзбекистондаги кичик ва ўрта корхоналарга (шу жумладан микрофирмаларга) бешта молиявий воситачилик қарзи, салоҳиятини ошириш бўйича бешта техник кўмак лойиҳаси ва "Ипак Йўли Банк" га ўз капитал қўйилмалари орқали кўмак кўрсатди. Ушбу чора-тадбирлар қуйидаги мақсадларда амалга оширилмоқда: қишлоқларда бандликни ошириш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни ривожлантириш; айланма маблағларни ва асосий воситаларни молиялаштириш; иштирок этувчи молия институтлари/ банкларининг кичик ва ўрта корхоналарга хизмат кўрсатиш учун кредит бериш салоҳиятини ва хатарларни баҳолаш имкониятларини ошириш. Ушбу лойиҳалар кичик ва ўрта корхоналарни ривожлантириш учун зарур бўлган меъёрий, институционал ва молиявий ислоҳотларни жадаллаштириш учун сиёсий диалогда иштирок этишнинг ва иштирок этувчи молия институтларининг субпроектларни баҳолаш ва назорат қилиш, кредит хатарларини бошқариш, молиявий ахборотни ошкор қилиш ва корпоратив бошқарув бўйича салоҳиятини ошириш зарурлигини кўрсатади.
ОТБ ҳукуматга янги кичик ва ўрта корхоналарни ривожлантириш дастурини тайёрлашда кўмак бермоқда. Ушбу дастур мамлакатнинг умумий ривожланиш стратегиясига мувофиқ кичик ва ўрта корхоналарлар иқтисодиётни диверсификация қилиш ва юқори қўшилган қийматли иш ўринларини яратиш учун катализаторга айланиши учун қулай муҳит яратишга қаратилган. Таклиф этилаётган дастур соддалаштирилган ва мослашувчан тартибга солиш сиёсати ва институционал базани, диверсификацияланган ва арзон молиявий воситаларни, рақамли инфратузилмани, малакали ишчи кучини яратишга ва кичик ва ўрта корхоналарнинг молиявий саводхонлиги ва малакасини оширишга ёрдам беради.
Бир йил олдин ОТБ 2019-2023 йиллар учун Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг беш йиллик стратегиясини қабул қилди ва мазкур стратегия инклюзив ва бозорга асосланган иқтисодий ўсишга ўтишда кўмаклашишга қаратилган. Илтимос, ушбу ҳамкорлик стратегияси ҳақида батафсилроқ маълумот беринг. Унинг асосий жихатлари қандай? Олдингисидан қандай фарқ қилади? У қандай зарурат асосида қабул қилинди ва у айниқса ҳозир, пандемия муаммолари мавжуд бўлган шароитда қанчалик муваффақиятли амалга оширилмоқда?
Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг умумий мақсади ва жадвалига мувофиқ тарзда ОТБ Ўзбекистон билан 2019–2023 йилларда ҳамкорлик қилиш стратегиясини қабул қилди. Ушбу стратегик асосларни белгиловчи ҳужжат доирасида ОТБ Ўзбекистонга ўтиш даврида сиёсий маслаҳатлар, инвестициялар ва салоҳиятни ривожлантириш орқали қуйидаги учта стратегик йўналиш бўйича ёрдам бермоқда: хусусий секторни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш; иқтисодий ва ижтимоий тенгсизликни камайтириш; минтақавий ҳамкорлик ва интеграцияни ривожлантириш. Олдинги стратегиядан фарқли ўлароқ, биз ўз фаолиятимиз учун аниқроқ мамлакат бўйича мақсадларини қабул қилдик ва бунда сиёсатни ислоҳ қилиш бўйича маслаҳатларни кучайтирдик ва билимга асосланган ва таҳлилий ечимларнинг фойдалилигини оширдик. Ҳозирча биз 2023 йилга қадар стратегиянинг кутилган натижаларига эришиш сари интиляпмиз. COVID-19 барча мамлакатларга салбий таъсир кўрсатди ва Ўзбекистон ҳам бундан истисно бўлмади. Бироқ, ҳукумат пандемия давомида изчил ёндашувни қўллади ва ислоҳотларга содиқлигини исботлади. Худди шундай тарзда ОТБ ҳам режалаштирилган фаолиятини давом эттиради ва COVID-19 шароитида ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди.
Пандемия бошқа кўплаб мамлакатлар сингари Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишига ҳам жуда салбий таъсир кўрсатмоқда. Пандемиянинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсирини (агар иложи бўлса, бошқа мамлакатлар билан қиёслаб) ва унинг оқибатларини минималлаштириш бўйича ҳукумат томонидан кўрилаётган чораларни қандай баҳолайсиз?
COVID-19, экспорт товарларига талаб ва нархларнинг пастлиги Ўзбекистон иқтисодиётига ўз таъсирини кўрсатди. Пандемия ва табиий газ ва мисга суст талаб иқтисодий ўсишни тўхтатди. Зарур чекловлар хизмат кўрсатиш, транспорт ва савдо соҳаларидаги фаолиятни сусайтирди. Қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳалари ўсиб бормоқда, бу эса маълум даражада саноатдаги пасайишни қоплайди. Ўз навбатида, нафақат Ўзбекистон иқтисодий пасайиш ва иш ўринларининг қисқаришини кечиряпти. Бироқ, Ўзбекистон ҳукумати пандемиянинг иқтисодиётга таъсирини минималлаштириш ва одамлар даромадларининг камайишини олдини олиш учун тегишли чоралар кўряпти.
Пандемиянинг дастлабки босқичларида ҳукумат эпидемияни кузатиб бориш ва аҳолининг хабардорлигини ошириш, халқаро ташкилотлар ва юқумли касалликларни бошдан кечираётган мамлакатлар билан алоқаларни ўрнатиш, соғлиқни сақлаш муассасаларининг имкониятларини кенгайтириш ва вирусга қарши керакли дорилар ва ускуналарни харид қилиш учун Махсус республика комиссиясини тузди. Ҳукумат соғлиқни сақлаш соҳасида стратегик тайёргарлик кўриш ва жавоб беришни таъминлаш миллий режасини эълон қилди. Режанинг мақсади: COVID-19 билан касалланганларни аниқлаш, ажратиш ва уларга ёрдам бериш орқали ва шу тарза касалланиш ва ўлим ҳолатларини камайтириш орқали COVID-19 билан боғлиқ фавқулодда вазиятни бартараф этиш; соғлиқни сақлаш тизимининг интенсив терапия хизматларини кўрсатиш бўйича қисқа ва узоқ муддатли салоҳиятини кучайтириш; жамоатчилик ўртасида COVID-19 билан боғлиқ фавқулодда вазиятни қандай ҳал қилиш тўғрисида самарали тушунтириш ишларини олиб бориш; расмий сектор ишчилари учун ишсизлик нафақаларини кенгайтириш; ишдан бўшатилган ишчиларнинг иш ҳақи учун компанияларга субсидиялар бериш; заиф уй хўжаликлари ва жисмоний шахсларга пул ўтказмаларини кенгайтириш. Ҳукумат бир млрд. АҚШ долларлик Инқирозга қарши жамғарма ташкил этди ва соғлиқни сақлаш, иқтисодиётни барқарорлаштириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш соҳаларида чоралар кўрди.
Биз COVID-19нинг саломатлик ва иқтисодга бўлган таъсирини камайтириш бўйича ҳукуматнинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз. ОТБ ҳукуматнинг инқирозга қарши чоралари учун бюджет ёрдамини тақдим этди ва тиббиёт соҳасидаги янги шошилинч лойиҳани тасдиқлади. Ушбу маблағлар соғлиқни сақлаш тизимининг салоҳиятини кучайтиради, иш жойларининг йўқолишини минималлаштириш учун тадбиркорликни барқарорлаштиради ва кам таъминланган уй хўжаликлари ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш учун мавжуд ижтимоий хавфсизлик чораларини кенгайтиради.
Минтақа (Марказий Осиё) нуқтаи назаридан Ўзбекистоннинг ривожланишини қандай тасаввур қиласиз? Ушбу йўналишда ҳамкорлик кандай шаклларда ривожланади деб ўйлайсиз?
Ўзбекистон Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик (МОМИҲ) дастурининг асосий иштирокчисидир. Ўз навбатида ОТБ МОМИҲ котибияти вазифасини бажаради. МОМИҲ натижаларга асосланган амалий минтақавий лойиҳалар ва минтақада барқарор иқтисодий ўсиш ва умумий фаровонлик учун муҳим бўлган сиёсий ташаббусларнинг фаол координаторидир.
МОМИҲ дастурининг мақсади бўлиб "яхши қўшнилар, яхши шериклар ва яхши истиқболлар" тамойили асосида ҳамкорлик орқали аъзо давлатларда ижтимоий ва иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаш хисобланади. МОМИҲ-2030 стратегияси умумий ва барқарор ривожланишга эришиш мақсадида одамлар, сиёсат ва лойиҳалар ўртасидаги алоқани яхшилаш орқали минтақада иқтисодий ҳамкорлик уфқларини кенгайтиришга қаратилган.
МОМИҲ-2030 беш операцион кластерга қаратилган: (i) иқтисодий ва молиявий барқарорлик; (ii) савдо, туризм ва иқтисодий йўлаклар; (iii) инфратузилма ва иқтисодий алоқалар; (iv) қишлоқ хўжалигида сувдан фойдаланиш; (iv) инсон салоҳиятининг ривожланиши. МОМИҲ фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишнинг интеграцияси ҳам алоҳида устувор вазифа сифатида белгиланган. МОМИҲ мамлакатлари савдо ва тижорат марказига айланиш, иқтисодий ўсишнинг юқори даражаларига эришиш ва қашшоқликни камайтириш учун мисли кўрилмаган имкониятга эга. Ушбу истиқболлар кенгроқ глобал тенденциялар, шу жумладан Евроосиё қитъасининг қайта интеграциялашуви билан чамбарчас боғлиқдир. Бундай интеграция Европа ва Осиё ўртасидаги яхши алоқаларга бўлган реал ва ўсиб бораётган талабнинг бир қисмидир.
Коронавирус касаллигининг (COVID-19) тарқалиши жиддий маҳаллий, минтақавий ва глобал иқтисодий муаммоларни келтириб чиқарди. COVID-19 жиддий муаммоларни юзага келтирган бўлса-да, айни вақтда инқироз МОМИҲга аъзо давлатлар учун координацияни яхшилаш, ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар учун харажатларни камайтириш ва солиққа тортиладиган даромадларни кўпайтириш учун мисли кўрилмаган рағбат беради.
25 июн куни Осиё тараққиёт банки Директорлар кенгаши коронавирус пандемиясининг мамлакат иқтисодиётига салбий таъсирини юмшатиш мақсадида Ўзбекистонга 500 млн. АҚШ доллари миқдорида маблаг ажратилишини маъқуллади. Илтимос, бу ҳақда батафсилрок маълумот беринг. Ушбу маблағлар қайси мақсадларга йўналтирилади? ОТБ 2020 йилда қанча миқдорда ва Ўзбекистон иқтисодиётининг қайси соҳаларига сармоя киритишни режалаштирмоқда?
Мен юқорида бюджетни қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган ушбу карз ҳақида айтиб ўтдим. 13 апрел куни ОТБ аъзо давлатлари учун COVID-19 пандемиясини енгиш ва унинг ижтимоий-иқтисодий таъсирини юмшатиш учун ёрдам бериш учун COVID-19 пандемиясига қарши кураш чоралари доирасида 20 млрд. долларлик ёрдам пакетини тасдиқлади.
Ушбу ёрдам пакети доирасида ОТБ Ўзбекистонга 500 млн. доллар миқдорида карзни тасдиқлади ва шу тарзда у пандемияга қарши курашда мамлакат билан яқин ҳамкорлик қилишга содиқлигини намойиш этди.
Асосий мақсад – Ўзбекистон ҳукуматига COVID-19 пандемиясининг соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва жамиятга салбий таъсирини ўз вақтида ва самарали равишда юмшатиш учун бюджет ёрдамини тақдим этишдир. Дастурнинг мақсади бўлиб соғлиқни сақлаш тизимининг салоҳиятини кучайтириш, иш ўринларини йўқотилишини минималлаштириш учун тадбиркорликни барқарорлаштириш ва инқирозга қарши чораларни молиялаштиришга ёрдам бериш ва кам таъминланган уй хўжаликлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳларни қўллаб-қувватлаш учун мавжуд ижтимоий ҳимоя чораларини кенгайтириш хисобланади.
ОТБ ёрдамининг муҳим компонентларидан бири – бу ҳукуматнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги жавоб бериш режасини қўллаб-қувватлаш бўлиб, у соғлиқни сақлаш секторининг салоҳиятни оширишга қаратилган ва унга COVID-19нинг тўғридан-тўғри таъсирига учраган тиббиёт ходимларига хавфли шароитда ишлаш учун тўловлар кўринишидаги иш ҳақи мукофотлари киради.
2020 йилдаги бошқа янги лойиҳаларимизга энергетика, транспорт, молия ва соғлиқни сақлаш каби стратегик соҳалардаги лойиҳалар киради.
Июн ойида ОТБ 2020 йилдаги Ўзбекистон иқтисодиёти ўсишини 1,5% даражасида прогноз қилди ва сентябр ойида ушбу кўрсаткич бўйича прогноз 0,5%га туширилди. Ўз навбатида, сентябр ойидаги прогнозга мувофиқ, ялпи ички маҳсулот, илгариги – июн ойидаги прогноздагидек, 2021 йилда 6,5% гача ўсади. Жорий йил прогнозининг пасайтирилишига нима сабаб бўлди ва қандай омиллар келгуси йилда Ўзбекистон иқтисодиётининг бундай динамик ўсишини кутишимизга асос бўлади?
Йилнинг биринчи ярми учун иқтисодий маълумотлар кўра, пандемия ва у билан боғлиқ чекловлар иқтисодиётга биз кутганимиздан кўра жиддийроқ таъсир кўрсатди. Натижада биз 2020 йил бўйича ўсиш прогнозимизни пасайиш томон қайта кўриб чиқдик. Чекловлар, талабнинг пастлиги ва углеводородларнинг арзонлашуви ўсишни деярли тўхтаб қолди ва бунда саноат ва хизматлар секторлари энг катта зарар кўрди. 2021 йил учун ўсиш суратларини прогноз қилишда биз фискал рағбатлантириш чоралари тўпламини, август ойида чекловларнинг юмшатилишини ва 2020 йил охирига қадар корхоналарда, айниқса давлат корхоналарида ишлаб чиқариш қувватларини тўлиқ тиклашга қаратилган ҳаракатларни инобатга олдик. Бундан ташқари, биз бу йил ЯИМнинг паст даражасини ва келгуси йил учун ўсиш прогнозларимизда ишлаб чиқариш ва хизматлар соҳасида кутилаётган тикланишни ҳисобга олдик. Биз иқтисодий кўрсаткичларни кузатишни давом эттирмоқдамиз ва прогнозларимизни шунга мос равишда тўғрилаб борамиз.
Видео-интервью давомида сиз Ўзбекистон ҳукумати томонидан қабул қилинган 2020-2021 йилларда иқтисодий ўсишни тиклаш ва ислоҳотларни давом эттириш бўйича амалий ҳаракатлар режаси борасида фикрингизни билдирар экансиз, пандемия давомида ва у тугаганидан кейинги даврда Ўзбекистон иқтисодиётини тиклашда банк қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёр эканлигини таъкидладингиз. Ушбу йўналишда айни қандай лойиҳалар режалаштирилмоқда?
Кейинги уч йил учун биз малака ошириш, халқ таълими, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, молия бозорларини ривожлантириш, энергетика, транспорт, сув хўжалиги, сув таъминоти ва канализация, шаҳарсозлик ва соғлиқни сақлаш соҳаларида лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирдик. Инфратузилма лойиҳалари фуқароларнинг ҳаётини яхшилайди ва хусусий секторни ривожлантириш учун қулай муҳит яратиб, иқтисодий ўсишга ёрдам беради. Кичик ва ўрта тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш ва молиявий бозорларни ривожлантириш лойиҳалари COVID-19 ҳолатига жавобан иқтисодий ўзгаришларни бевосита тезлаштиришга қаратилган.
Коронавирус (COVID-19) пандемияси мавжуд бўлган шароитда дунё иқтисодиётининг ҳозирги ҳолатига қандай баҳо берасиз? ОТБ фаолият юритаётган қайси мамлакатларга пандемиянинг таъсири кучлироқ бўлди ва қайси бирлларига камроқ бўлди? Шунингдек, жаҳон иқтисодиёти ва Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий шериклари иқтисодиётининг қисқариши Ўзбекистон иқтисодиётидаги тикланиш жараёнларига қай даражада тўсқинлик қилиши мумкин?
Биз глобал иқтисодиётда кескин пасайиш юз беришиини кузатмоқдамиз, бироқ келаси йил унинг тикланиши эхтимоли катта. Еврозона мамлакатлари иқтисодиёти ўтган йилга нисбатан 14,7 фоизга, АҚШ иқтисодиёти эса 9,1 фоизга қисқарди. Ривожланаётган Осиё мамлакатларидаги ўсиш ҳам кескин пасайиб кетди ва минтақанинг бир қатор мамлакатларида 1997-1998 йиллардаги Осиё молиявий инқирозидан бери биринчи марта чораклик қисқариш қайд этилди. Пастга тушиш аломатлари асосий иқтисодий кўрсаткичларнинг яхшиланиши билан намоён бўлди. Бироқ улар аксарият мамлакатларда пандемиягача бўлган кўрсатгичлардан пастроқ даражададир. Минтақада истеъмолчилар ва инвесторларнинг ишончи сусайган бўлиб қолмоқда. Осиёнинг ривожланаётган мамлакатларидаги инфляция талабнинг пасайиши ва озиқ-овқат нархларининг пасайиши ҳисобига ушлаб турилмоқда.
Осиё тараққиёт банкининг "Осиё тараққиёти истиқболлари" нашрининг сентябр ойидаги янгилаган маълумотларига кўра, Осиё-Тинч океани минтақасида 2020 йилда ЯИМ ўсиши энг паст бўлган мамлакатлар - бу Малдив ороллари (-20,5%), Фиджи (-19,8%) ва Қирғизистондир. (-10.00%). Ўз навбатида, бу йил ЯИМ ўсишининг энг юқори суръатлари Бангладеш (5,2%), Туркманистон (3,2%) ва Бутанда (2,4%) кузатилди.
Жаҳон етказиб бериш занжирларидаги узилишлар ва пандемия билан боғлиқ чекловлар туфайли Ўзбекистон COVID-19 пандемияси олдида айниқса заифдир, чунки у минтақавий савдо ва тижорат маркази сифатида ўз мавқеидан фойда кўради. Бундан ташқари, чет элда, айниқса Россия Федерацияси ва Қозоғистонда ишлаётган кўплаб халқаро саёҳатчилар ва меҳнат муҳожирлари мавжуд. Узоқ давом этадиган глобал пандемия Ўзбекистон иқтисодиётига таъсир кўрсатишни давом этади, аммо ҳукумат, юқорида айтиб ўтганимдек, пандемиянинг иқтисодиёт ва соғлиққа салбий таъсирини камайтириш чораларини кўрмоқда.
Сизнингча, глобал иқтисодиёт қанча вақт ичида тикланади?
Менимча, бу саволга ҳеч ким жавоб беролмайди. Дунёда COVID-19нинг иккинчи тўлқини бошланди ва у қачон тугашини биз билмаймиз. Иқтисодий тикланиш кўплаб омилларга боғлиқ бўлиб, булар жумласига пандемиянинг тугаши, унинг интенсивлиги, ҳукуматларнинг иккинчи тўлқинга қарши курашишда қандай чоралар кўришлари (чекловларни қайтадан ўрнатилиши ёки бошқа чоралар), вакциналарнинг пайдо бўлиши ва уларндан фойдаланиш имкониятининг мавжуд бўлиши киради.
Зиёда Ризаева суҳбатлашди
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Изоҳ қолдириш