1 январдан ягона божхона тўлови жорий этилади

1 январдан ягона божхона тўлови жорий этилади

2020 йилда жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун товарларни олиб кириш тартиби ўзгаради (7.11.2019 йилдаги ПҚ-4508-сон қарорига қаранг).

2020 йил 1 январдан бошлаб божхона тўловларини ундиришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилади. Бу шахсий эҳтиёжлари учун Давлат чегарасидан ўтиш пунктлари орқали қўл юкида, кузатиб борилаётган багажида товарлар олиб кирадиган жисмоний шахслар, шунингдек, жисмоний шахсларнинг номига халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали келадиган товарларга тааллуқли.

Янгиликнинг моҳияти қуйидагича. Олиб кириш божсиз олиб киришнинг чекланган нормаларидан ошган тақдирда (бу ерга ва бу ерга қаранг), ортиқ қисмига нисбатан белгиланган божхона божи, ҚҚС (15%) ва акциз солиғи ўрнига товарнинг божхона қийматидан 30%, лекин камида $3/кг миқдорда ягона божхона тўлови ундирилади. Ставка ТИФ ТН кодидан ва келиб чиқиш мамлакатидан қатъи назар товарларнинг барча тоифалари учун ягона (лойиҳада озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари учун - табақалаштирилган ставка таклиф қилинган эди, таҳр.).

ДБҚ ўзгартиришлар шахсий эҳтиёжлари учун товарлар олиб кирадиган фуқароларнинг харажатларини пасайтириш ва ҳисоб-китобни соддалаштириш, бинобарин, божхона расмийлаштируви тартиб-таомилларини тезлаштириш ва чегара назорат пунктларида тирбандлик ҳосил бўлишини истисно қилиш имконини беришидан келиб чиқади. Биринчи тезиснинг тасдиғи сифатида қуйидаги рақамлар келтирилади: пишлоқ учун божхона тўловларининг умумий миқдори 44%ни, шоколад учун – 61%ни, ТИФ ТН 6105 коди бўйича кийим-кечак товарлари учун – 38%ни, товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат мавжуд бўлмаганда эса – тегишинча 51%, 95% ва 61%ни ташкил қилади.

Янги тартиб фақат нотижорат мақсадлар учун мўлжалланган товарларга тааллуқли. Товарларнинг қандай мақсадларга мўлжалланганлигини аниқлаш тартиби алоҳида ҳужжатда баён этилади, бироқ янги қоидалар жами 14 та товар позициясига татбиқ этилмаслиги ҳозирдан маълум:

  • Президентнинг 2018 йил 6 февралдаги ПҚ-3512-сон қарорига 1-иловадакўрсатилган товарлар. Божхона тўловлари ундирилмайдиган товарларни олиб киришнинг чекланган меъёрларидан ортган тақдирда улар бўйича божхона тўловлари умумбелгиланган тартибда тўланади;
  • Президентнинг 2019 йил 7 ноябрдаги ПҚ-4508-сон қарори билан тасдиқланган шахсий эҳтиёжлар учун ҳисобланмайдиган товарлар.

Келаси йилдан яна битта талаб амал қилишни бошлайди - қўл юкида, кузатиб борилаётган багажида, шунингдек, почта жўнатмалари орқали олиб кириладиган ҳайвонотга мансуб озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ўровида бўлиши керак. Бу санитария-эпидемиология ва гигиена нуқтаи назаридан зарурдир. Мисол учун, кимнингдир қўл юкида мамлакатга келиб тушган ўралмаган гўшт чўчқа ва парранда гриппи, Қрим-Конго безгаги ва қорасон касалликларининг вужудга келишига, мамлакатга ўсимликлар касалликларини қўзғатувчи вирусларнинг кириб келиши эса – ўсимлик дунёсининг нобуд бўлишига олиб келиши мумкин, деб таъкидлашади ДБҚда.

Юқорида тавсифланган нормалар халқаро тажрибага тўлиқ мувофиқ келади: Евроосиё иқтисодий иттифоқида ягона божхона тўлови амал қилади, Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳудуди, Хитой ва АҚШда ҳам гўшт, сут маҳсулотлари, мевалар, сабзавотлар ва бошқа озиқ-овқат товарлари ўровига талаблар қўйилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар