2020 йилда Тошкент шаҳрида йўлларни яхшилаш учун 49 млн доллар сарфланган

2020 йилда Тошкент шаҳрида йўлларни яхшилаш учун 49 млн доллар сарфланган

Тошкент шаҳрида 2020 йил давомида 492,8 миллиард сўм маблағ эвазига жами узунлиги 111,6 километр бўлган 318 та кўчаларда қурилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари олиб борилган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов маълум қилди.

Пойтахт ҳокимлигида ўтказилган матбуот анжуманида 2020 йилда Тошкент шаҳрида қурилиш соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан ОАВ вакилларига маълумотлар берилган.

Хусусан, йирик лойиҳалар қаторидан Юнусобод туманидаги Аҳмад Дониш кўчасининг Амир Темур кўчасидан Тошкент ҳалқа автомобиль йўлигача бўлган 2,2 километр қисмини қайта қуриш ишлари ўрин олган. Уни қуришга 138,2 миллиард сўм сарфланган.

Шунингдек, Фарғона йўли кўчаси бўйича ўтган 2020 йил давомида йўл асосини тайёрлаш ишлари – 93 фоиз, ирригация тармоқларини қуриш ишлари – 92 фоиз, пиёдалар ва велосипед йўлларини қуриш ишлари – 95 фоиз, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари – 92 фоиз, чорраҳаларда светофор ўрнатиш ишлари – 95 фоиз бажарилган.

Бундан ташқари, Яккасарой ва Сергели туманларини боғловчи йўл ўтказгич бўйича ҳозирда Чўпонота кўчаси, Кичик ҳалқа йўли, Тошкент ҳалқа йўли ва Қипчоқ кўчалари оралиғида 3 та йўл ўтказгич ва автомобиль йўлини қуриш ишлари олиб борилмоқда.

Бугунги кун ҳолатига кўра, қурилиш ҳудудда жойлашган ва кўчирилиши талаб этиладиган электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви ва оқова сув, ташқи муҳандислик тармоқларини қуриш ишлари ҳамда 6 тасмали 3 та йўл ўтказгич ва автомобиль йўлини қуриш ишлари бажарилмоқда. Объектга 550 дан ортиқ ишчи ва мутахассислар ҳамда 150 дан ортиқ қурилиш техникаси жалб қилинган.

«Қолаверса, 2020 йилда Тошкент шаҳридаги 277 та кўчаларда 65,5 километр (774,8 минг квадрат метр) йўллар асфальт қопламаси билан таъмирланди. Шундан, 37,8 километр (351,8 минг квадрат метр) марказий кўчалар жорий ва 27,7 километр (423,0 минг квадрат метр) маҳалла ички йўллари таъмирланди», дейилади хабарда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар