Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, стипендиялар ва жарималар оширилади
Президент қарорига кўра, бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ҳамда стипендиялар миқдори 1,1 баробарга оширилади.
Шунингдек, 2021 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида:
- меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори — ойига 747 минг 300 сўм;
- базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) — 245 минг сўм этиб белгиланди.
БҲМ миқдори 245 минг сўм этиб белгиланиши ортидан БҲМга боғланган маъмурий ва бошқа жарималар миқдорлари ҳам ошади.
Бир қатор нефт маҳсулотларига солиқ ставкалари оширилади
Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-659-сонли Қонунига асосан қуйидаги бир қатор нефт маҳсулотларига солиқ ставкалари оширилади:
- Аи-80 тоннасига ;
- Аи-90 ва ундан юқори;
- авиакеросин (синтетикдан ташқари);
- дизель ёқилғиси (синтетикдан ташқари);
- ЭКО дизель ёқилғиси (синтетикдан ташқари);
- дизель ёки карбюратор (инжектор) двигателлари учун мотор мойи.
Бундан ташқари, қонун билан тамаки ва алкоголь маҳсулотларининг ҳам солиқ ставкалари оширилади.
Ўрмон хўжалиги соҳасида илм-фан ривожлантирилади
“Ўрмон хўжалиги соҳасида илм-фанни ривожлантириш ва илмий-тадқиқот ишларини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига мувофиқ, 2021 йил 1 февралдан қуйидагилар ташкил этилади:
- Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасида Илмий ташкилотлар фаолияти ва инновацияларни жорий этишни мувофиқлаштириш бошқармаси;
- Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти ҳузурида давлат муассасаси шаклидаги Пистачилик илмий-тажриба станцияси ҳамда Ўрмон иқтисодиёти бўлими.
Шунингдек, қўмита тизимидаги Ўрмон ва доривор ўсимликлар уруғчилигини таҳлил қилиш маркази тугатилиб, Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтига берилади.
“Ўрмонлойиҳа” ДУК негизида давлат муассасаси шаклидаги “Ўрмонлойиҳа” лойиҳалаш институти ташкил этилади.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларида ҳудудий экспорт штаблари ташкил этилади
“2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг экспорт салоҳиятини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорига мувофиқ, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан экспортчи ташкилотларга экспортолди молиялаштириш ажратилишини таъминлайди.
Судьялар фаолияти электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳоланади
Президент фармонига мувофиқ, суд тизимида коррупция ҳолатларининг олдини олиш, Судьялар олий кенгаши ва суд тизими фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида:
- илк бор судьялик лавозимларига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнларини Интернет тармоғи (веб-сайт) орқали онлайн тарзда ёритиб боришни йўлга қўйиш;
- судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастурни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш;
- судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш ишлари амалга оширилади.
Шунингдек, 1 февралдан Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ипак чиқиндилари ва хом ипакнинг олиб чиқилишини мониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги низом кучга киради.
Божхона чегараси орқали ипак чиқиндилари ва хом ипакнинг олиб чиқилиши мониторинг қилинади
“Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори билан божхона чегараси орқали ипак чиқиндилари ва хом ипакнинг олиб чиқилишини мониторинг қилиш тартиби белгиланди.
Унга кўра, 2021 йил 1 февралдан бошлаб экспорт қилувчи ташкилотлар томонидан тақдим қилинган экспорт контрактлари “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси томонидан 2 иш кунида Президент ва Ҳукумат қарорларида белгиланган ҳажмларга мувофиқлиги бўйича мониторингдан ўтказилади.
Туғилганликни қайд этиш билан боғлиқ комплекс давлат хизматлари кўрсатилади
“Туғилганликни қайд этиш билан боғлиқ комплекс давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ҳукумат қарорига мувофиқ, туғилганликни қайд этиш билан боғлиқ комплекс давлат хизматлари Тошкент ва Нукус шаҳарларида, 2021 йил 1 февралдан барча вилоятлар марказларида, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб эса — бутун республика ҳудудида кўрсатилади.
Маълумот учун, туғилганликни қайд этиш билан боғлиқ комплекс давлат хизматлари:
- боланинг ота-онаси ёки васийси (ҳомийси), тутинган ота-онаси, уларнинг ўрнини босувчи шахслар ёки уларнинг яқин қариндошларига ёхуд ота-онасидан бири ваколат берган бошқа шахсларга туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома бериш;
- туғилганликни қайд этиш;
- поликлиникага ҳисобга қўйиш;
- бир марталик нафақа пулини олиш;
- болани отаси ёки онаси ёҳуд васийси (ҳомийси), тутинган ота-онаси доимий рўйхатда турган манзили бўйича рўйхатга қўйиш;
- болани давлат мактабгача таълим ташкилотига навбатга қўйиш бўйича кўрсатиладиган давлат хизматларини қамраб олади.
Эски намунадаги акциз маркалари билан маркаланган алкоголь ва тамаки маҳсулотлари маркаланмаган ҳисобланади
“Алкоголь ва тамаки маҳсулотларига янги намунадаги акциз маркаларини жорий этиш тўғрисида” Ҳукумат қарори билан эски намунадаги акциз маркалари билан маркаланган улгуржи ва чакана савдо тармоғидаги алкоголь ва тамаки маҳсулотлари 2021 йил 1 февралдан маркаланмаган деб ҳисобланади ва белгиланган тартибда олиб қўйилади.
Тошкент – Aндижон – Тошкент йўловчи поездларининг жўнаш ва қабул қилиш манзиллари ўзгаради
2021 йилнинг 1 февралдан бошлаб Тошкент – Aндижон – Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган 60/59-сонли йўловчи поездларининг жўнаш ва қабул қилиш манзилига ўзгариш киритилди.
Хусусан, мазкур санадан бошлаб, Тошкент – Aндижон йўналишида ҳаракатланаётган 60-сонли йўловчи поезди Тошкент-марказий вокзалидан ҳаракатини бошлайди, шунингдек, Aндижон – Тошкент йўналишида ҳаракатлаётган 59-сонли йўловчи поезди Тошкент-марказий вокзалига қабул қилинади.
Изоҳ қолдириш