2021 йилда банклар орқали 29,8 млрд доллар нақд пул айланган

2021 йилда банклар орқали 29,8 млрд доллар нақд пул айланган

2021 йил январь-август ойларида банклар орқали нақд пул айланмаси ҳажми 317,4 трлн. сўмни (29,8 млрд доллар) ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 48,8 фоизга ошди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар қилди.

Жумладан, банклар кассаларига нақд пул тушумлари 157,6 трлн. сўмни, банк кассалари ва банкоматлардан чиқим қилинган нақд пуллар 159,8 трлн. сўмни ташкил этди.

2021 йил январь-август ойларида банк карталарига 178,1 трлн. сўмлик маблағлар келиб тушиб, ушбу даврда банк карталаридаги 58,8 трлн. сўмлик (33 фоиз) маблағлар аҳоли томонидан нақдлаштириб олинган.

Жорий йилнинг январь-август ойларида банк кассаларидан (шу жумладан, банкоматлардан) берилган нақд пуллар 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 50,8 трлн. сўмга ошиши кузатилган бўлса, ушбу ўсишнинг асосий қисми банк карталаридан нақд пул ечиш ҳажми 21,4 трлн. сўмга ҳамда банклар томонидан аҳолидан нақд чет эл валютасини сотиб олиш учун 16,6 трлн. сўм ошиши ҳисобига юзага келди.

Иқтисодиётнинг нақд пулга бўлган талабини қондириш мақсадида муомалага қўшимча пуллар чиқариб бориш ҳажми муомаладан ортиқча пулларнинг қайтиш ҳажмига нисбатан кам бўлди.

Натижада 2021 йил 1 сентябрь ҳолатига муомаладаги нақд пулларнинг умумий пул массасидаги улуши 23 фоизни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5 фоиз бандга пасайди.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар